Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:35

Шуҳрат Ғуломов МХХ раисининг 1-ўринбосари лавозимидан бўшатилгани айтилмоқда


Ижтимоий тармоқлардан олинган бу суратдаги шахснинг айнан МХХ генерали Шуҳрат Ғуломов эканини уни бевосита таниган Озодлик манбалари тасдиқлади.
Ижтимоий тармоқлардан олинган бу суратдаги шахснинг айнан МХХ генерали Шуҳрат Ғуломов эканини уни бевосита таниган Озодлик манбалари тасдиқлади.

Ўзбекистондаги қудратли Миллий хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган 51 яшар генерал-лейтенант Шуҳрат Ғуломовнинг лавозими пасайтирилиб¸ у МХХ бошқарувига келгунга қадар ишлаган ҳудуди - Сурхондарё вилояти бошқармасига юборилган. Озодликнинг бир-биридан мустақил ишончли манбалари таъкидича¸ Ғуломов Ислом Каримов ўлимидан кейин исталмаган мулозимга айланган.

Ўзбекистондаги энг ëпиқ тузилма бўлиб қолаëтган МХХ бошқарувидаги бу ўзгариш ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Озодлик манбаларининг муштарак маълумотига кўра¸ Ғуломов 2016 йилнинг 2 сентябри - президент Ислом Каримов ўлими расман эълон қилинганидан кейин айрим оила аъзоларини АҚШга доимий истиқоматга жўнатган.

Ғуломовлар оиласини яқиндан таниган ва шу кунларда АҚШда истиқомат қилаëтган Озодлик манбасининг айтишича¸ бу оила ўз истиқболини Ўзбекистон билан боғламоқчи эмас:

- Ғуломовнинг Тошкентнинг Луначаркий массивидаги уйи бўш турибди. Шуҳрат бутун оиласини¸ хотини ва набирасини ҳам АҚШга юборди¸ дейди Ғуломовлар оиласига яқин Озодлик манбаси.

Бу суҳбатдошга кўра¸ Ғуломов ва унга қуда бўлган МХХ генерали ўртасида охири қўйди-чиқди билан тугаган оилавий можаро содир бўлган.

Манбанинг яна айтишича¸ Ғуломовнинг Мирзиëев билан зиддиятли бўлиб келган муносабатлари шу кунларда унинг амал пиллапояларидан пастлаши ортидаги асосий сабаблардандир.

МХХ раисининг биринчи ўринбосари Ғуломов хориждаги хавфсизлик ва террорчиликка қарши кураш соҳасига оид учрашувларда Ўзбекистонни тамсил қилиб келганига оид ҳужжатлар Озодликда мавжуд. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат махсус хизматларининг 2015 йил сентябрида Тошкентда бўлиб ўтган мажлисидан сўнг террорчиликка қарши Ўзбекистоннинг бош мутасаддиси сифатида ҳам айнан генерал Ғуломов журналистлар билан учрашган эди.

Манбаларнинг ишонишича¸ Ғуломов Каримовнинг ўлимига қадар унинг кабинети ва резиденциясига тўсиқсиз кириб-чиқиб юрган саноқли қудратли мулозимлардан бири бўлган.

МХХ генерали Шуҳрат Ғуломов ўз фаолиятини Сурхондарё вилояти МХХ бошқармаси бошлиғи лавозимидан бошлаган. МХХ раиси Рустам Иноятов каби шарқшунос бўлган Ғуломов нафақат ўз тузилмаси¸ балки Ўзбекистон Хавфсизлик кенгашида ҳам Афғонистон ва Тожикистон бўйича етакчи мутахассис ҳисобланган.

2005 йилда Андижон шаҳридаги қонли исëн воқеаларидан сўнг Ғуломовнинг Ислом Каримов эътиборига тушгани айтилади.

Ислом Каримов генерал Ғуломовни 2007 йилда "Ўзбекистон қаҳрамони" унвони билан тақдирлаган.

2006 йилнинг 2013 йилгача даврда МХХнинг икки генерали – Ҳаёт Шарифхўжаев ва Шуҳрат Ғуломовлар бошқараётган икки гуруҳ МХХда устувор мавқега эга бўлиш учун олиб борган ички курашнинг Ғуломов ғалабаси билан тугагани ва унинг Каримов назаридаги эътибори ошгани айтилади. Ғуломовнинг ошиб борган бу эътиборига¸ Озодлик манбалари таъкидича¸ Каримов ўлимидан сўнг бошланган ҳокимият алмашинуви даврида нуқта қўйилган бўлиши мумкин.

Айни пайтда¸ генерал Ғуломовнинг 2013 йилдан бери Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаëтган 53 яшар акаси Бахтиëр Ғуломов ўз лавозимида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG