Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:30

Руминияда андижонлик қочқин ҳибсга олинди


И.Муҳаммадсобиров
И.Муҳаммадсобиров

Руминия чегарасида Ўзбекистон талаби билан халқаро қидирувда бўлган 37 ёшли Изатуллоҳ Муҳаммадсобиров ҳибсга олинди. Швеция ватандоши бўлган андижонлик бу қочқин Интерпол рўйхатида экани сабабли 1 ойга ҳибсда қолдирилди. Каримов ҳукумати томонидан Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланаётган Изатуллоҳ бундан 6 йил муқаддам Россиядан кетиб, Европада паноҳ топган “Иваново ўзбеклари”дан биридир.

2016 йилнинг 11 ноябрида Руминия билан Болгария чегарасида Швеция ватандоши бўлган 37 ёшли андижонлик Изатуллоҳ Муҳаммадсобиров Калафат шаҳри чегара пункти назоратчилари томонидан ҳибс этилди.

Қўлга олиш тафсилотларини Озодликка сўзлаб берган маҳбуснинг дўсти Асрорбек румин чегарачилари Изатуллоҳда Страсбург суди қарори ва Швеция ватандошлиги борлигини ҳам инобатга олмаганини айтади.

- Бизлар Стамбулдан чиқиб, Болгариядан ўтдик ва Руминия чегарасига келганимизда, паспортларни олиб текширгани олиб кириб кетди.2 соат ўтди, “Кутинглар!”, деди. Экспертлар келиб, Иззатуллоҳни олиб кетди сўроққа. Кейин мени сўроқ қилди. “Иззатуллоҳни қаердан танийсан? Швецияда биргамисизлар? Қачон?”, деб сўради. Кейин қўйворадиган бўлди – хурсанд бўлиб чиқсак, уни Калафат шаҳарчасига олиб кетишибди. У ердан Крайовага олиб кетибди. У ердаги турклар билан танишиб олдим-да, эртаси куни Иззатуллоҳ ушлаб турилган жойга бордим. “Муаммоси – Андижон воқеаларидан кейин у қидирувга берилган”, дейишди. “Уларни Европа суди оқлаб Россиядан чиқариб юборган”, дедим. Улар бўлса гапни айлантириб Сурияга олиб тақайди. “Мени ишим Ўзбекистон билан, Швеция билан, мен тинч яшашни хоҳлайман”, дедим, деди Асрор.

Суҳбатдош улар Европанинг деярли барча давлатларида муаммосиз юргани ҳам румин махфий хизмат ходимларини ишонтира олмади, дейди.

Крайовада яшаётган турклар унга охирги пайтларда Руминия чегарачилари “Муҳаммад, Аҳмад, Абдулло” каби исм эгаларини синчковлик билан текшираётганини билдирган.

- Улар шундай исмларни Сурия масаласи билан боғламоқда. Умуман олганда, системаси яхши эмас экан. Менга аввал жуда қўпол муомалада бўлди – русларни табиати бор экан руминларда. Ўзбекистон шароитини гапирсам кулади – “Шундай давлат ҳам бўладими?!”, деб. Кейин менга тез кетишни ва қайтиб келмасликни буюришди, деди Асрорбек.

12 ноябр куни Крайова шаҳар суди Иззатуллоҳни ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди.

Аниқланишича, Крайова шаҳар қочқинлар марказида сақланаётган Иззатуллоҳ Муҳаммадсобиров ҳимоясига Томми Дениэл исмли маҳаллий адвокат тайинланган.

Ҳимоячи Муҳаммадсобиров Андижон воқеалари асосида Руминия хавфсизлик хизмати томонидан ушлаб қолинганини тасдиқлади.

- Мени унинг суддаги вакилиман.У қидирувга Ўзбекистонда прокуратура томонидан 2005 йилги андижон воқеаларига алоқадорликда гумонланиб Интерполга берилган экан. Террорчи сифатида. У шанба куни чегарада ҳибс этилди. Энди Ўзбекистон прокуратурасидан унга тегишли бўлган ҳужжатлар келгунча 5 декабргача ҳибсда қолади. Ишонаманки, биз уни экстрадициясига йўл қўймаймиз, деди ҳимоячи Томми Дениэл Озодликка.

Адвокат бугундан бошлаб ўзбекистонлик қочқин ҳимоясига Швеция элчихонасини ҳам жалб қилишини билдирди. У шу кунларда Иззатуллоҳ билан бориб ҳибсхонада кўришишини ҳам қўшимча қилди.

Озодлик Иззатуллоҳ Муҳаммадсобиров бундан 6 йил олдин Россиядан чиқиб кетган “Иваново ўзбекларидан” бири эканини аниқлади.

Андижондаги 2005 йилги қонли воқеаларга алоқадорликда айбланиб халқаро қидирувга берилган ўзбек қочқинлари ҳанузгача Интерпол рўйхатида тургани маълум, дейди Озодликка укаси тўғрисида қўшимча маълумот берган Абдуррауф Муҳаммадсобиров.

У укаси Туркияга тадбиркорлик ишларини йўлга қўйишга борганини билдириб, деди:

- Ўтган йили мен ҳам, укам ҳам оилавий Швеция ватандошлигини олдик. Аммо Ўзбекистон фуқаролигимиз ҳам кучида турибди, муаммо - чиқмаганимизда. Укам олдин ҳам Европанинг деярли ҳамма давлатларида бўлиб чиққан, Шенгенга кирмайдиган барча давлатлар орқали бир неча маротаба ўтган. Туркияда бизнес очиш ниятида қатнаган эди. Лекин муаммо чиқмаган эди шу пайтгача! Ўзбекистон ҳукумати яқинда Интерпол қидирувида бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларни янгилаган, деган тахминларимиз бор, деди Абдуррауф.

Абдуррауф укаси шу пайтгача таҳсил олиб келгани ва энди ўз ишини йўлга қўйиш ниятида Туркияга қатнай бошлаганини билдирди.

Маълум бўлишича, Иззатуллоҳ Муҳаммадсобировни Швецияда тўрт нафар фарзанди кутиб қолмоқда.

Озодлик вазиятни кузатиб боради.

Эслатиб ўтамиз, Иваново шаҳридаги “Ростекс” фирмасида ишлаётган 12 ўзбекистонлик ва бир қирғизистонлик 2005 йилнинг 18 июнида Россия милицияси томонидан қамоққа олинган эди.

Ўзбекистон ҳукумати бу шахсларни Андижон воқеаларига алоқадорликда айблаб, Россиядан экстрадиция қилишни сўраган.

2008 йилнинг апрел ойида эса Европа инсон ҳуқуқлари суди “Иваново ўзбеклари”га нисбатан оқлов ҳукм чиқарган эди.

2010 йилда андижонлик қочқинлар Европа давлатларида бошпана топди.

XS
SM
MD
LG