Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:43

"Жиноят қуроли"га айлантирилган квартиралар мусодара қилинмоқда


Тошкент массивлари
Тошкент массивлари

Тошкент ва республиканинг бошқа ҳудудларида “фоҳишахонага айлантирилган” квартираларнинг суд ҳукми билан тортиб олиш ҳолатлари кўпайгани ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларни уйғотди. Ўзбекистонлик квартира эгалари мулклари Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 131 моддаси – “Фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш” асосида мусодара қилинаётганини билдирмоқда. Озодлик бундай хунук вазиятга тушмаслик учун мулк эгалари нима қилиши кераклигини ўрганиб кўрди.

“Квартирамиз мусодара қилинди...”

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида бир неча кундан буён маҳаллий судлар қарори билан квартираларнинг мусодара қилиниши ҳолатлари урчиб бораётгани қизғин муҳокама қилинмоқда.

Бундай ҳолатлар айниқса республика пойтахти Тошкентда кўпайгани ва, айрим ҳолларда, унга мансабдор шахслар алоқадор экани айтилмоқда.

Фейсбукдаги саҳифалардан бирида тошкентлик Нара Алимова исмли фойдаланувчи қуйидаги воқеани сўзлаб берди.

“Бугун эрталаб эшигимизни маҳалла раиси ва формадаги одам тақиллатиб қолди. Квартира кимники экани ва унга тегишли ҳужжатларни кўрсатишни талаб қилишди. Улар бу квартирада қачонлардир фоҳишахона бўлганини айтишди. Эсимиз оғиб қолди! Талабимизга улар исбот-далил келтириша олмади”, деб ёзди Нара.

Маҳаллий “милиция таянч пункти”да Алимова хонимга квартираси “фоҳишахонага айлантирилган квартиралар рўйхатида” тургани, квартира эса ҳокимият томонидан давлат ҳисобига мусодара қилинганини билдиришган.

Фойдаланувчи ҳукумат вакиллари ҳаракатлари қанчалик ҳуқуқий асослангани борасида саволни ўртага ташлади.

211 моддага мувофиқ...

Пойтахтда яшовчи бир қанча шахслар айни ҳодисаларга дуч келаётгани ва кўп ҳолларда судлар уй эгаларисиз қарор чиқариб юбораётганидан шикоят қилишди.

Аксар фойдаланувчилар маҳалла раиси ва участка нозирларининг тинимсиз квартирама-квартира юриши вазиятни янада мураккаблаштириб юбораётганини билдирди.

Alisher исмли фойдаланувчи “Конституцияда хусусий мулк дахлсиз дейилган. Судлар зўр-зўракайига қарор чиқариб, давлат фойдасига олиб қўймокда. 167- модда – “Талон-тарож” билан срок олиб ўтирган танишимнинг бошқа уйи йўқ бўлсада, болалари кўчада қолди... Суд ижрочилари ҳайдаб чиқаришди”, деб хабар қилса, Фируза исмли бошқаси “Ўзбекистон Жиноят Процессуал Кодексининг 211- моддасига мувофиқ “Жиноят қуроли” кимга даҳлдор эканидан қатъий назар мусодара қилинадими? Ахир пойтахтнинг ярмиси квартираларини ижарага беради. Яқинда ҳалол мулк эгаларидан квартирасини асоссиз мусодара қилишибди!”, деб ёзди.

Аниқланишича, Кодексининг 211- моддасида “жиноий йўллар билан топилган пул ва бошқа мулк” давлат ҳисобига ўгирилиши мумкинлиги белгилаб берилган.

Роза Тўрабекова исмли тошкентлик аёл суд уни – квартира эгасини, - огоҳлантирмасдан қарор чиқарганини маълум қилди.

У ижарага берилган квартира ижарачи томонидан бошқа одамга субижарага берилгани ва у ерда исловотхона ташкил этилганини айтади. Роза фоҳишаликда айбланиб жавобгарликка тортилган аёлларга ҳукм чиқарилгандан кейин, суд квартирани “жиноят қуроли” сифатида конфискация қилиш тўғрисида қарор чиқарганини ёзади.

Тошкентнинг Космонавтлар проспектида 1-хонали квартира эгаси бўлган Анжела (исми ўзгартирилган. таҳр) Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айни вазиятда ўз мулкидан ажраганини сўзлаб берди.

- 2012 йилда АҚШга турмушга чиқиб кетдим. Тошкентнинг Яккасарой туманида марҳум бувимдан қолган 1 хонали квартирам бор эди. Бир неча йил олдин бўшаб ётган квартирамни ёш болали таниш аёлга бепул ижарага бердим. Бир куни квартира эшигини тақиллатишибди. Аёл эшикни очса, бир аёл ва эркак турибди, “Илтимос, бизга вақтинча яшаб туришга рухсат беринг!”, деб. Шу пайт уларнинг орқасидан участковой ва маскалилар бостириб кириб, бу аёлни “притон” ташкил этганликда айблабди. Квартирам масаласида суд бўлгани ва тортиб олинганини биз суд ижрочиларидан билдик, деди Анжела.

У квартира масаласида берилган шикоят аризаларининг бирортаси ҳам судда қондирилмагани ва у шу тариқа квартирасидан ажраганини маълум қилди.

Анжела Комсонавтлар проспектидаги 1 хонали квартираси бозор нархи 40 минг АҚШ доллари бўлишига қарамасдан,биржага 15 минг долларга қўйилганини аниқлаганини қўшимча қилди.

“Бу “ишлар” “террорчилик ва фоҳишабозликка қарши кураш” шиори остида олиб борилмоқда!”

Озодлик Тошкентнинг Ибн Сино массивидаги уй қўмитаси раиси билан бу масалада суҳбатлашди.

Исми сир қолишини сўраган суҳбатдош бунга кўп ҳолларда участка нозирлари ва мулкчилик билан боғлиқ идора расмийлари алоқаси борлигини иддао қилди.

- Мен ўзим “домком” сифатида милиция талаби билан тинимсиз квартираларни текширишга мажбурман - паспортизация дейилади. Ҳар 2-3 ойда бир ҳамма квартираларни бирма-бир кўздан кечирамиз. Милиция биздан бундай назоратни тинимсиз олиб боришни талаб қилиб келади. Бу бемазагарчилик “террорчилик ва фоҳишабозликка қарши кураш” шиори остида ўтказилади. Бирор квартира бўшаб ётганини кўрса ёки унда қайдга турмаганлар яшаётган бўлса, тортиб олиш муаммо бўлмасдан қолди. Суд орқали конфискация қилинган квартиралар биржага сотувга қўйилиб, ўзлари томонидан сотиб олинаяпти, деди Ибн Сино массиви фаоли.

Суҳбатдош ҳақиқат фоҳишахона ташкил этган ёки қайдсиз турган одамлар эса милиция ва бошқа назорат идораларига қўшимча мўмай даромад манбайига айланиб қолганини иддао қилди.

Уй қўмитаси раисининг айтишича, аксар ҳолларда квартиралар “жиноят қуроли” сифатида мусодара қилинмоқда. У ҳозирда маҳаллий судларда бу каби минглаб ишлар кўриб чиқилаётганини ҳам қўшимча қилди.

“Бу ҳолат Конституцияга зид”

Озодлик “хатар гуруҳига” энг аввало бўшаб ётган ва “шаҳар меҳмонлари” яшаётган квартиралар киришини аниқлади.

Тошкентлик Давлат М. исмли юрист Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ЖПКсининг 131- моддасини шарҳлаб берди. У “мусодара” ибораси ЖПКда фақат “жиноят қуроллари”га нисбатан ишлатилишини билдириб, деди.

- Гап шундаки, 2008 ва 2010 йилларда Жиноят-Процессуал Кодексга “БАРЧА ЖИНОЯТ ҚУРОЛЛАРИ УЛАРНИНГ ЭГАЛИГИДАН ҚАТЪИЙ НАЗАР МУСОДАРА ҚИЛИНАДИ” деган қўшимча киритилди. Тушунаяпсизми? Илгари сиз квартирангизни ижарага берсангизу, у ерда жиноят содир этилган бўлса, эгаси жиноятга алоқаси йўқлиги сабабли ҳибсга олинган мулк қайтариб берилган. Масалан, таксида чўнтагида наркотик олиб кетаётган шахс қўлга тушса, машина “жиноят қуроли” сифатида ҳам конфискация қилиниши мумкин! Яъни, янги ўзгартишга кўра, мулк ҳар қайси ҳолатда конфискация қилинаяпти. Бу ўзгартишлар Конституцияга зид, чунки мулкдор асоссиз мулкидан маҳрум этилаяпти, дея хулоса қилди ҳуқуқшунос.

Давлат М. бундай тортишувларда судлар барча вазиятларда айбловчилар тарафини олмоқда, деди.

Юристнинг айтишича, фуқаровий судларнинг жиноий судлар ишига аралашаолмаслиги туфайли сўнгги йилларда ўз мулкидан шу тариқа маҳрум этилган шахслар сони кўпайиб қолган, қонун эса мулк эгалари ҳимоясини таъминлай олмаётир.

"Вилоятлардаги вазиятни яхшиланг!"

Бу масалага доир ўз фикрини билдирган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Жаҳонгир Шосалимов Тошкентдаги квартираларга бўлган нархларнинг юқорилиги, бошқа вилоятлардан келаётган ички мигрантларнинг кўплиги ва вилоятлардаги криминоген вазиятнинг мураккаблигини сўнгги йилларда олиб борилаётган ноҳақ сиёсат билан боғлади.

- Тошкент шаҳрида учасковой, маҳалла раиси юқоридагилар кўрсатмаси билан рейдларни ўтказаётгани, одамларни сарсон-саргардон қилаётгани борасида хабарларим бор. Вилоятлардан одамлар Тошкент шаҳрига оқиб келди. Ҳукумат олиб борган молия-пул сиёсати оқибатида, одамларнинг жойларда яшашга иложи қолмагани сабабли улар Тошкентга оқиб келаяпти, қаерга боради?! Тошкентда газ, совуқ-иссиқ сув, свет бор. Қашқадарё, Сурхондарёдан одамлар худди жаннатга бораётгандек келаяпти, деди ҳуқуқ фаоли.

Жаҳонгир Шосалимов пойтахт ҳукуматининг мардикорларга қарши бесамара кураши ўрнига Ўзбекистон минтақаларида иқтисодий вазиятни изга тушириши лозимлигини тавсия қилди.

“Ижара шартномасига битта изоҳ киритинг, холос!”

Хўш, квартирангиз “притон” ёки “фоҳишахона”лар рўйхатига тушиб қолмаслигини учун нима қилиш керак?

Тошкентнинг адвокатлар идораларидан бирининг Анвар исмли ходим ижарага берилаётган уй-жой шартномасида муҳим қўшимча бўлишлигини тушунтириб берди.

- 131-модда бўйича ҳақиқатан олиб қўйиши мумкин. Унга биноан квартиралар “жиноят қуроли” деб топилиб, давлат ҳисобига ўтиб кетиб қолаяпти. Бу вазиятга тушиб қолмаслик учун ижара шартномасида нотариал тасдиқланган битта пункт кўрсатилиши лозим: “ижарага турган одам мулкни бошқа одамга ижарага беришга ҳаққи йўқ”, деб ёзиб қўйишни тавсия қилди тошкентлик адвокат.

XS
SM
MD
LG