Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:35

Мирзиёев сафари арафасида Андижон бозорида нархлар туширилди


Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга сафари арафасида шаҳарнинг "Эски шаҳар" бозоридаги тадбиркорларга нархларни тушириш, пахтакорларга эса йўл бўйидаги пахтазорлардан пахта термай туришлик буюрилди. Бу чора Мирзиёевни кўзини "мўл-кўлчилик"дан яйратиш мақсадида амалга оширилаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажараётган Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга сафар қилиши кутиларкан вилоят ҳокимлиги мулозимлари деҳқонларга олий меҳмон юриши мумкин бўлган далалардан пахта термай туришни буюрди.

Андижоннинг Шаҳрихон тумани Назармаҳрам қишлоғилик фермер Озодлик билан суҳбатда Мирзиёев ташрифига 90 миллион сўмлик янги шийпон қурилганини айтди.

"Янги президент келишига Андижон шаҳридан Шаҳихонни йўлига кетаверишдаги Далварзин қишлоғи ёнидаги далаларда, асосан, олд қатордаги пахтазорларда пахта терилмасин, дейишди. Меҳмонга пахта очилиб турганини кўрсатиш учун махсус дориларни сепиб баргларини туширишяпти. Ўша ерда 90 миллион сўмга шийпон ҳам қуришди. Бу шийпонда Мирзиёев пахтакорлар билан учрашар экан," - деди шаҳрихонлик деҳқон.

Суҳбатдош ўз сўзларига исбот тарзида Озодликка видео ва фотосуратларни ҳам йўллади.

Янги президентни кутиб олишга 90 миллионлик шийпон ва пахталар тайëр
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:30 0:00

Бу амал Ўзбекистонда биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Ўтган йили Мирзиёевнинг Фарғона сафари чоғида йўл бўйидаги пахтазорлардан териб олинган пахталар¸ чаноққа қайтадан ёпиштирилиб қўйилганди.

Айни пайтда Андижон вилояти ҳокимлиги биноси ва "Эски шаҳар" бозори атрофидаги қуриб ётган арчаларга яшил рангли бўёқлар ҳам сепилмоқда.

Бозорда нархлар туширилди

Айни пайтда Андижон шаҳрида бюджет ташкилотлари, коллеж ва мактаб ўқувчилари Мирзиёев келишига шаҳарни тозалаш ишига жалб этилмоқда.

Шаҳардаги "Эски шаҳар" бозорига киравериш қисми таъмирланмоқда.

Андижонга сафари чоғида Шавкат Мирзиёев "Эски шаҳар" деҳқон бозорини кўздан кечириши ва у ердаги тадбиркорлар билан учрашиши кутилмоқда.

Бу бозорда гўшт махсулотларини сотиш билан шуғулланувчи тадбиркор Озодлик билан суҳбатда бозор маъмурияти уларга мамлакат вақтли раҳбари келадиган кунда нархларни туширишга буйруқ берганини айтди.

"Нархларни туширасизлар, деяпти. Нима қиласиз энди, бир кунлик ташриф, иложимиз йўқ, туширсак тушираверамиз зарарига бўлса ҳам," дейди исмини айтмаган андижонлик савдогар.

Андижонлик савдогарларга кўра, муваққат раҳбар келишидан олдин шаҳар дўконларида пластик карталар ва нақд пулга бир хил нархлар белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонда давлат ёки ҳукумат раҳбари ташрифи муносабати билан бозорларда нархлар атайлаб туширилиши, олий мартабали меҳмон кетиши билан кўтарилиши авваллари ҳам бўлган.

Уч кун аввал Мирзиёев Тошкент яқинидаги Ангрен шаҳрига борганида шаҳар Деҳқон бозорида нархлар сунъий туширилган, меҳмон кетиши билан аввалги ҳолига қайтган эди.

"Буларни ҳаммаси хўжа кўрсин учун, "катта" кетиши билан ҳаммаси аввалги ҳолига қайтади," дейди ангренлик тадбиркор.

Президентликка номзоди илгари сурилган Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи унинг сайловолди тадбири ўлароқ кўрилаётир.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистондаги ЎзЛиДеП партияси сиёсий кенгаши аъзолари Шавкат Мирзиёев номзодини президентликка илгари сурган эди.

Ўзбекистон президент сайлови 4 декабрда бўлиб ўтади.

8 сентябрда Ўзбекистон Сенати томонидан Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон конституциясининг 96-моддасига зид тарзда Ўзбекистон муваққат президенти этиб тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG