Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:35

Москвада ҳуқуқ фаолини Ўзбекистонга ўғирлаб кетишга уриниш бўлди


Раҳмиддин Камолов
Раҳмиддин Камолов

Россия пойтахти Москвада бухоролик 27 ёшли муҳожир Раҳмиддин Камоловни ўғирлашга уриниш бўлгани айтилмоқда. Ўзбекистонлик қочқиннинг ҳимоячилари иддаосича, Ўзбекистон махфий хизмат ходимлари халқаро қидирувга экани аниқланган Камоловни Россиядан аэропорт орқали ноқонуний олиб чиқишга уринган. Москвада ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳимояси билан шуғулланиб келган Раҳмиддин Камолов бундан 1,5 йил олдин унга нисбатан жиноий иш сохталаши мумкинлиги борасида Озодликка видеоинтервью берган эди.

Ўзбекистонда президент соғлигига оид турли миш-мишлар ва тафсилотларни бутун олам қизиқиш билан кузатиб бораётган бир пайтда Москвада ўзбек махфий хизматлари ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

30 август куни ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Раҳмиддин Камоловнинг Фейсбук саҳифасида пайдо бўлган хабарида айтилишича, 2 кун олдин Москванинг Пресня суд залидан уни ўғирлашга уриниш бўлган. Муҳожир маҳаллий полиция уни кишанланган ҳолда Ўзбекистондан махсус келган махфий хизмат ходимларига топширганини маълум қилди.

27 ёшли асли бухоролик Раҳмидиннинг адвокати Тимофей Широков куни кеча маҳбус билан изоляторда учрашиб, ҳодиса тафсилотларини ўрганганини айтиб берди.

- Жума, 26 август куни уни ҳибс этишди. Душанба куни у миграция қонунчилиги масаласида судга олиб борилди. Суд унга 5 минг рубл жарима ёзиб берди ва озод қилди. Бироқ, кишанлари ечилмасдан Камолов ўзбек махсус хизматлари томонидан олиб кетилди. Яъни, қонун йўли билан эриша олмаган нарсага улар ноқонуний олиб кетишни ишга солмоқчи бўлди. Ўзбеклар уни коридордаёқ қўлини қайриб, кишан солиб машинада олиб кетишди. Унга Ўзбекистонга “ўз хоҳиши билан” чиқиб кетиш тавсия қилинади, бироз калтаклашади, қўрқитишади. Уни машинада у ёқдан бу ёққа айлантиришади роса – Раҳмиддин қатъий кўнмайди. Домодедово аэропортида унга босим давом этади, аммо натижа чиқмагач, ходимлар йигитни Капотня полиция бўлимида қолдириб кетишди, деди Тимофей Широков.

Ҳимоячи Москва прокуратураси ўзбекистонлик ходимлардан Камолов экстрадициясига оид зарурий ҳужжатларни талаб қилди, бироқ уларни ололмасдан уни қўйиб юборишга мажбур бўлди, дейди.

Сешанба куни махфий хизмат ишчилари Ўзбекистондан юборилган ҳужжатларни прокуратурага тақдим этди.

Люблино туман суди Камоловни экстрадиция текшируви якунига қадар қамоққа олиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Тимофей Широков Раҳмиддин Камоловнинг ҳибсга олинишини юзага келган вазиятда энг мақул ҳолат эканини билдирди:

- У ўзининг ўғирланишига оид барча тафсилотларни сўзлаб берди. Мен унга яқин келажакдаги кутилаётган ҳолатни ҳам тасвирлаб бердим. Унинг камида ярим йил тергов изоляторида қолиши ва экстрадиция текшируви остида бўлишини айтдим. Кайфияти яхши, кўтаринки руҳда бу хабарларни қабул қилди. Суд Раҳмиддин Россия ватандошлигига эга хотини ва чақалоқ фарзанди борлигини ҳам инобатга олмаса керак, дея якунлади адвокат Тимофей Широков.

Озодлик Москванинг Капотня прокуратураси ўзбекистонлик Раҳмиддин Камолов ишини дарҳақиқат кўриб чиқаётгани ва Ўзбекистондан келган ҳужжатлар асосида уни ҳибсда қолдириш масаласи юзасидан судга мурожаат қилгани тасдиғини олди.

Р.Камолов Москвада пичоқлаб кетилганидан кейин, 24.03.2014.
Р.Камолов Москвада пичоқлаб кетилганидан кейин, 24.03.2014.

Ҳимоячилар Россияда қочқинликда юрган Раҳмиддин Камоловга нисбатан Ўзбекистонда қатор моддалар асосида жиноий иш қўзғатилган. Гап шундаки, бундан 1,5 йилча олдин Камолов Озодликка берган видеоинтервьюсида ўзига нисбатан жиноий иш сохталаштирилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

У сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ноҳақ таъқиб этилаётганидан арз қилиб, ҳеч қандай диний ташкилотларга аъзо эмаслиги, унинг босим остида қолган танишларию қўшнилари ҳам ҳеч қандай экстремистик ҳаракатларга қўшилмаганини айтганди.

Ўзи ҳам қочқинликда ҳуқуқ фаолига айланган Раҳмиддин Камолов охирги ойларда марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига нисбатан айниқса полиция ва ФМС томонидан қилинаётган ноҳақликлар юзасидан ҳимоячи вазифасини бажариб келаётган эди.

Камолов Раҳмиддин: Биз террорист эмасмиз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:47 0:00

Москвадаги “Ёрдам” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевнинг Озодликка билдиришича, ҳибсга олинишидан олдин муҳожир йигитнинг орқасидан узоқ кузатув бўлган.

- Уни кузатишган. Москва полицияси ҳужжат текшириш баҳонасида уни олиб киришган полицияга, бармоқ изларини текшириб кўрганидан кейин Камолов Раҳмиддин, компьютерда кўрсатилишича, 244 модда бўйича айбланган экан. Уни ҳозир “Ҳизб ут-Таҳрир”га айбдор қилиб айблашаяпти. Лекин 244 модда асосида Россиядан олиб чиқиш мумкин эмаслиги туфайли, унга бир неча кун ичида бошқа “маиший” моддаларни ёпиштиришган. Ўзбекистон элчихонаси уни олиб кетишга “қайтиш сертификати”ни ёзиб берган. Ҳозир биз Камоловнинг суд залига олиб келинишини кутиб ўтирибмиз, деди суд залидан гапирган ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

Бундан олдинроқ Озодлик бир гуруҳ бухоролик ёшлар Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан сохта айбловлар билан жавобгарликка тортилгани ҳақида эфирга лавҳа узатган эди.

Ўзбекистонда улар айбланиб қамалган иш бўйича Раҳмиддин Камолов ягона озодликда юрган фигурант бўлиб қолмоқда.

Камолов бундан уч йил олдин Москвада маҳаллий миллатчилар томонидан пичоқлаб кетилганини ҳам Озодлик ёритган. Хорошевский туман суди ўзбек муҳожирини икки жойидан пичоқлаб кетган миллатчи Андрей Байдаковга икки йиллик шартли жазо тайинлаган эди.

Озодлик сўнгги бир неча йил давомида Россиядан ноқонуний ва қонуний йўллар билан олиб чиқиб кетилган бир қанча ўзбек муҳожири иши борасида хабар берган.

XS
SM
MD
LG