Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:26

Нишон ҳокимидан ҳақорат эшитган МТП раҳбари юрак хуружидан ўлди


Машина-трактор парки.
Машина-трактор парки.

Қашқадарё вилояти Нишон тумани ҳокими томонидан ҳақоратланган машина-трактор парки раҳбари юрак хуружига учраб, оламдан ўтди.

Нишон туманининг ҳокими Асрор Жўраев 10 июлда бўлиб ўтган туман фаоллари йиғини пайтида 53 яшар Музаффар Чоршанбиевни "синглинги...," деб ҳақорат қилган ва ҳақоратланган кичик раҳбар айни куни касалхонага тушиб, юрак хуружидан жон таслим қилган.

Бу ҳақдаги хабар Озодликка 22 июлда етиб келди.

Аввал янги ҳоким марҳумнинг ишларини танқид қилди, Музаффар гап қайтаргач, “синглингни...” деб сўкди. Музаффарни мажлисдан тўғри туман шифохонасига олиб кетишди ва у ерда миокард инфаркти туфайли оламдан ўтибди. Буни мажлисда қатнашганнинг ҳаммаси билади, лекин бу сўконғич, ўта қўпол ҳоким ҳақида гапиришдан қўрқишади. Шундай, аввал Яккабоғга ҳокимлик қилган Жўраев мажлисни онадан бошлаб, сингилдан тугатади”, деди мажлисда иштирок этган фермерлардан бири.

Марҳумнинг қариндошларидан бири Музаффар Чоршанбиевнинг мажлисдан сўнг касалхонага тушиб қолганини тасдиқлади, аммо унинг ўлимини фақат ҳокимнинг ҳақоратига боғлаш тўғри эмаслигини айтди.

Чоршанбиев қариндошига кўра, Музаффар анчадан бери қон босими хасталиги билан оғриб келган:

Ҳоким бува иш бўлсин, дейди. Музапни эл-юрт қатори у киши ҳам ҳурмат қиларди. Лекин ким ўйлабди ёш жонига жабр бўлишини. Раҳматли жуда вазмин, мулоҳазали йигит эди,” дейди қариндошлардан бири.

Тумандаги “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғини вакили эса Музаффар Чоршанбиевни полвонкелбат, чавандозлик билан ҳам ном чиқарган йигитлардан бири эди, дея хотирлайди.

Раҳматлининг бўйи бир-у тўқсондан баланд — қўнғирот уруғининг алп йигитларидан эди. Анча йиллар қишлоқ хўжалик соҳасида ишлади, ёшлик пайтлари чавандозлик қилганини, миллий кураш ўйинларида унча-мунча совринлар ҳам олиб юрганини биламиз. Қўнғирот уруғлари оркаш келади, балки ҳокимнинг сингилдан олгани раҳматлига оғир ботгандир,” дейди маҳалла фуқаролар йиғини вакили.

Ғузор тумани ҳокими Асрор Жўраевнинг муштумзўр ва сўконғич ҳоким эканлиги ҳақида у Яккабоғ тумани ҳокими бўлиб ишлаб юрганда ҳам Озодликка хабарлар келган эди.

Жумладан, 2014 йилда Яккабоғ тумани ҳокими бўлиб ишлаган Асрор Жўраев, 18-19 октябрь куни кечаси ўтказилган йиғилишларда оз пахта топширган фермер ва теримга кам ўқитувчи чиқарган мактаб директорларини калтаклагани ҳақида Озодлик хабар берган эди..

Ўзбекистонда ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўзидан паст лавозимда бўлган амалдор ва фермерларни уриши¸ ҳақорат қилиши мунтазам кузатилади.

Жумладан, бундан уч йил муқаддам Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани ҳокими фермерни кам пахта топширганликда айблаб, онасини сўккан, калтаклаб-бўққан эди.

Калтакланган фермернинг отаси кампирини етаклаб ҳокимнинг олдига келган-да “мана шу кампир сен сўккан улимни (ўғлимнинг) энаси бўлади, шуни сўкканмидинг, мана олиб келдим, қўлингдан келса “қил” деган. Фермернинг отаси ҳокимни урмоқчи бўлганида уни ажратиб олишган.

2011 йилнинг сентябрида айнан Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров ҳоким тазйиқларидан сўнг ўз жонига қасд қилган эди.

Жорий йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак ҳуружидан жон берган эди.

Яна шу йилнинг апрел ойида Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ўктам Эргашев 19 апрел куни Косонсой туманида ўтказган йиғилишида ўнга яқин фермерни калтаклади.

XS
SM
MD
LG