Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:06

Кўлобда етти масжид уйсиз оилаларга ўтказиб берилди


Кўлобда бошпанасизларга уй қилиб берилган собиқ масжидлардан бири.
Кўлобда бошпанасизларга уй қилиб берилган собиқ масжидлардан бири.

Тожикистон жанубидаги Кўлоб шаҳри расмийлари ноқонуний қурилгани иддао қилинаётган 7 масжидни турар-жойи бўлмаган фуқароларга уй сифатида ўтказиб берди. Расмий маълумотларга кўра, бу шаҳарда жами 54 та ноқонуний қурилган масжид аниқланган бўлиб, уларнинг айримларига уйсиз фуқаролар кўчирилган ёки ҳордиқ масканига айлантирилган.

45 ёшли Савсан Жонова уч ойдан бери ўғли билан Кўлоб шаҳридаги “Хатти роҳ” маҳалласидаги янги уйида истиқомат қилмоқда. Жоновага берилгунича бу иморат масжид бўлган.

Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда Савсан Жонова умрининг сўнгги 6 йилини Тожикистон коммунистик партиясининг Кўлобдаги идорасидаги каталакдек хонада кечирганини айтган. Қизини ҳам ўша жойда чиқарган аёл ниҳоят ўз уйига эга бўлганидан мамнун.

Собиқ масжидда яшаётган Савсан Жонова.
Собиқ масжидда яшаётган Савсан Жонова.

​- Бунинг учун расмийларимиздан жуда миннатдорман. Ўн беш йил аввал эрим билан ажрашиб, қўлимда икки болам билан қолганимда яқинларимдан ҳеч ким мени уйига киритмаган. Мен бирор бошпана ажратишларини сўраб ҳокимиятдагиларга ҳам, парламентга ҳам кўп марта мурожаат қилганман, - дейди Савсан Жонова.

У истиқомат қилаётган бино икки йилча аввал “Хатти роҳ” маҳалласида яшаган одамлар томонидан масжид ўлароқ қурилган. Маҳалла аҳли бу жой илк бошдан намоз ўқиш учун мўлжаллангани, шунинг учун ҳам бу ерни уй қилиб олиш дуруст эмаслигини айтмоқдалар.

Савсан Жонова маҳалладагилар уни хушламай қабул қилганларини, унинг уйига кирмаётганларини, ҳатто бир марта “фашист” деб ҳақорат қилганларини айтади.

- Айрим қўшниларим устидан прокуратурага шикоят қилдим. Бир қарасанг, электримизни узиб қўйишади, бир қарасанг, атайлаб, бошқа муаммолар яратишади, - дея нолийди аёл.

Кўлоб шаҳар ҳокимининг муовини Кенжамо Мажидова вазиятга изоҳ бераркан, Жоновани собиқ масжидга кўчириш олдидан маҳалла аҳли билан гаплашганини айтади.

- Даставвал биз собиқ масжидга маҳалладагиларнинг бошпанасиз танишларидан бирини жойлаштиришни ўйлагандик. Биз бу жойни спорт залига айлантиришни ҳам таклиф қилдик, бироқ улар: “Масжид ўйин ўйнайдиган жойми?” деб, таклифимизни кескин рад этишди. Шундан сўнг биз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан биргаликда Савсан Жоновани жойлаштирдик. Маҳалладагилар ҳозир собиқ масжид биносини қайтариб олишни исташаётганмиш, аммо ҳужжатлар аллақачон Жонова номига расмийлаштириб бўлинган, - дейди Кенжамо Мажидова.

“Хатти роҳ” маҳалласи раиси Шарифжон Талабов Савсан Жоновани собиқ намозхонага кўчиришга маҳалладагилар ичидаги кичик бир гуруҳгина қарши эканини айтади.

Бу Тожикистонда собиқ масжидларни муҳтож кишиларга ўтказиб бериш бўйича илк тажриба эмас. Ўтган йили Ховалинг тумани расмийлари “ноқонуний қурилган” деган иддао билан 5 масжидни турар-жойсиз одамларга уй қилиб берганди.

Ноқонуний қурилган масжидларни жамоат жойларига айлантириш ҳаракати 2010 йили виждон ва дин эркинлиги тўғрисидаги янги қонун кучга кирганидан кейин бошланган. Ўшандан буён мамлакат бўйлаб мингдан зиёд намозхона жамоат жойларига айлантирилган.

Тожикистонлик экспертларнинг айримлари расмийларнинг бу ҳаракатини танқид қилганлар. Уларга кўра, аҳолисининг 90 фоиздан кўпроғи мусулмон бўлган мамлакатда расмийларнинг ибодатхоналарга бунақа муносабатда бўлиши одамларнинг диний ҳис-туйғуларини таҳқирлайди.

XS
SM
MD
LG