Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:39

Гулнора Каримовага пора берганликда гумонланган TeliaSonera номини ўзгартирди


Ўзбекистонда президентнинг қизига пора берганликда айбланаётган Швециянинг TeliaSonera ширкати ўз номини ўзгартирди. Бир неча йилдан бери тергов остида қолаётган ширкатни Telia Company дея номлаш тўғрисидаги қарор шу ҳафта қабул қилингани айтилмоқда. Ребрендинг коррупция билан боғлиқ жанжал боис йирик миқдорда жарима таҳликаси остида қолаётган ширкатнинг даромадлари тушиб кетаётган пайтга тўғри келмоқда. Бундан аввал швед компанияси Осиё бозоридан чиқиш ниятларини ҳам билдирган эди. Ўзбекистонда пора берганини тан олган VimpelCom ширкати ҳам ўтган ойда ўз номини ўзгартириш ниятида эканини билдирган эди.

Номи Telia Company деб ўзгартирилган телеком ширкатининг 2016 йил биринчи чорагидаги соф даромади 4,9 фоизга тушиб кетгани тўғрисида 19 апрель куни ҳиссадорлар мажлисида маълум қилинди.

Айни йиғида ширкатнинг Ўзбекистондаги коррупция жанжали билан эсланувчи номи – TeliaSonera брендидан воз кечишга қарор қилинди. TeliaSonera номи 2002 йилда Швециянинг Telia ва Финляндиянинг Sonera компаниялари бирлашуви натижасида юзага келган.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли ширкат 2007 йилда Ўзбекистон телеком бозорида бизнес қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримова билан тузилган ноқонуний битимга биноан 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганликда айбланмоқда.

TeliaSonera Гулнора Каримовага пора бергани иддаолари Швеция, АҚШ, Ҳолландия ва Европанинг қатор давлатларида тергов қилинмоқда.

Швецияда бу ишни 2012 йилдан бери тергов қилаётган мамлакат бош прокуратураси коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлернинг Озодликка айтишича, Гулнора Каримова ва TeliaSonera ширкати гумонланувчи сифатида ўтаётган иш шу йилнинг куз ойларида судга оширилиши мумкин.

- Ширкатга расман айблов эълон қилиш масаласи куз ойларига қолди. Айблов эълон қилиниши эҳтимоллари қанча эканини айта олмайман, бу швед қонунларига зиддир. Лекин ширкат номи ўзгаргани бу масалага таъсир қилмайди. Жиноят иши доирасида ширкатнинг эски раҳбарияти содир этган хатти-ҳаракатлар текширилмоқда. Ширкатнинг янги раҳбариятига келсак, менинг нуқтаи назаримдан, улар Осиё мамлакатларида йўлга қўйилган хатоларни тузатишга имкон қадар ҳаракат қилмоқда,- деди Швеция прокуратураси терговчиси.

Telia Company вакилларидан ширкат номи ўзгариши Ўзбекистондаги жанжалга боғлиқми, деган саволга жавоб олиш имкони бўлмади.

Лекин жорий йил биринчи чорагида даромаднинг қарийб 5 фоизга қисқариши ширкатнинг айнан Ўзбекистон дохил Осиё мамлакатлари ҳамда Шарқий Европадаги фаолиятидан тушаётган фойданинг қисқаргани билан изоҳланмоқда.

Гулнора Каримовага пора берганликда гумонланаётган TeliaSonera йирик миқдорда жаримага тортилиши мумкин
Гулнора Каримовага пора берганликда гумонланаётган TeliaSonera йирик миқдорда жаримага тортилиши мумкин

Ребрендинг ҳам коррупция жанжали ортидан собиқ TeliaSonera Осиё мамлакатларидаги бизнес манфаатларини сотиш режаларини эълон қилишидан бир неча ой ўтиб амалга ошди.

Ўтган ой бошларида Гулнора Каримовага пора берганликда айбланган VimpelCom ширкати ҳам ўз номини ўзгартириш режаларини эълон қилди. Ундан сал аввалроқ эса Ҳолландияда рўйхатга олинган телеком ширкати “Ўзбекистондаги нуфузли шахсга” 114 миллон доллар пора берганини тан олиб АҚШ назорат идораларига рекорд даражадаги 795 миллион доллар жарима тўлаган эди.

АҚШ Адлия вазирлиги Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ доллари тўлаганликда гумонлаб TeliaSonera ширкатини ҳам тафтиш этмоқда. Айрим хабарларга кўра, АҚШ шевд ширкатидан 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашни талаб қилган.

Коррупция билан боғлиқ жанжал ортидан TeliaSonera ширкати Ўзбекистон ва Осиёнинг бошқа мамлакатларини тарк этиш режасини эълон қилди. 20 апрель куни эса бу режалар доирасидаги биринчи қадам ўлароқ, Telia Company Непалдаги Ncell мобил операторидаги улушини 48 миллон долларга сотганини эълон қилди.

Telia Company бош ижрочи директори Йоҳан Деннелинд The Wall Street Journal газетасига берган интервьюсида шу йил охирига қадар Осиёнинг қолган мамлакатлари, жумладан Ўзбекистондан чиқиш жараёнини якунлаш ниятида эканини билдирди.

XS
SM
MD
LG