Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:28

MXX хориждаги ўзбекларни қайтариш учун телефон орқали босим қилмоқда


Россия ва Туркиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ватанга қайтариш мақсадида МХХ ва милиция ходимлари уларга бирма-бир телефон қилиб босим кўрсатмоқда. Муҳожирларнинг телефон рақамларини олиш учун МХХ бошчилигидаги гуруҳ уйма-уй юриб, хориждагиларнинг оила аъзоларига таҳдид қилаяпти. Яқинларининг рақамларини бермаганлар милиция бўлимига чақиртирилиб, махсус суҳбатга тортилмоқда.

Яқинининг рақамини бермаганларга “повестка” жўнатилаяпти

Озодлик манбаларига кўра¸ МХХ бошчилигидаги гуруҳларнинг хориждагиларни Ўзбекистонга қайтариш тадбирлари бугунги кунда икки босқичда бормоқда.

Биринчи босқичда хориждагиларнинг телефон рақамлари уларнинг уйидагилар орқали қўлга киритилаëтган бўлса¸ иккинчисида, хориждагиларни қайтишга мажбурлаш учун улар билан бевосита телефон суҳбатлари ўтказилмоқда.

Жойлардан олинган маълумотга кўра, иккала ҳолатда ҳам одамларга босим ва таҳдидлар қилинмоқда.

Бухородаги манбанинг айтишича, МХХ, Ички ишлар бўлими ва маҳалла йиғинлари раисларидан иборат гуруҳ кимки хорижда бўлса, унинг уйига бостириб бораяпти:

Бу гуруҳдагилар баъзи жойларда 2-3 киши, баъзида ундан ҳам кўп бўлиб юришибди. Агар бир кўчадан 5 одам хорижда бўлса, ҳаммасининг уйига бирма-бир кириб чиқаяпти. Ўша уйдаги одам қайси хориж давлатида?, Қачондан бери юрибди? Ҳамма маълумотни ёзиб олиб, хат қилишаяпти. Кейин телефон рақамини беришни талаб қилишмоқда. Кўпчилик яқинларининг телефонларини беришни истамаяпти. Уларни эса милиция бўлимига “повестка” билан қайта-қайта чақиртираяпти. Рақамни бермагунча тинч қўйишмаяпти. “Давлат сиёсатига қаршимисан”, деб уларга босим кўрсатиб, қўрқитиб олаяпти ўша телефон рақамларини”, дейди Бухородаги исмини очиқламасликни сўраган манба.

Сим қоқиш операцияси

Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан олинган маълумотга кўра, хориждаги муҳожирларга МХХ ва милиция бўлимлари вакиллари шахсан қўнғироқ қилиб, уларни ортга қайтаришга уринаяпти.

Хориждаги ўзбеклардан олинган маълумотга кўра, айрим ҳолларда қўнғироқ қилган орган ходимлари яхши гап билан қайтишни тушинтираяпти, баъзида очиқдан-очиқ босим билан қайтиш талаб қилинмоқда.

Туркиянинг Истанбул шаҳрига Самарқанддан бориб ишлаётган аёлга, Самарқанд шаҳар Ички ишлар бўлимидан қўнғироқ бўлган:

“Самарқанд ГОВДсидан дугонамга қўнғироқ қилиб, уни бу ерда нима иш қилаётгани борасида ҳамма маълумотни сўрашибди. Айниқса¸ улар дин бўйича кўп савол беришган. “Ишлаётган жойингда сени динга даъват қилишдими?, Намоз ўқияпсанми?, Ўзбекистонга қайтсанг диндор бўлиб кетмайсанми?” деб сўрашибди. Мен ҳам Истанбулдаман. Меникига ҳам милициядан боришган. Лекин менга ҳали қўнғироқ қилишмади. Уйдагилар мени огоҳлантириб қўйишди. Шунинг учун тайёрланиб, ўтирибман. Лекин дугонамга ҳеч ким айтмаган экан. Жуда қўрқиб қолган. Энди қайтиб кетмоқчи”, дейди исмини очиқламаётганимиз самарқандлик аёл.

Хориждан қайтариш учун уйдирма айбловлар ишлатилмоқда

Россияда ишлаётган ўзбек муҳожирларидан бирининг Озодликка мурожаат қилиб айтишича, у тезда ватанга қайтмаса¸ ваҳҳобийга чиқарилиб¸ Россиядан экстрадиция қилиниш таҳдиди остида қолаяпти:

- Ўзбекистондалик пайтимда масжидга бориб юрардим. Лекин Россияга келгандан бери¸ ишдан ортмайман. Бирор диний гуруҳ¸ ëки диндорларга алоқам йўқ. Уйимга участковой мелиса келиб¸ тез қайтсин, депти. Акамга терговчи телефон қилиб¸ уканг ваҳҳобийлар рўйхатида¸ ўзи қайтмаса¸ ФСБга бериб¸ экстрадиция қилдирамиз¸ деб пўписа қилипти. Уй-жой қиламан деб болаларимни ташлаб¸ Россияга келувдим. Бир йилдан бери бу ерда ҳам тузук-қуруқ иш тополмай¸ пулсиз юрибман. Шунга уйга бормай юрувдим. Энди нима қилишимни билмайман¸ дейди бу суҳбатдош.

Хорижга ишлашга кетиб, узоқ муддатга қолиб кетганларни уйига қайтариш ҳаракати ўтган йил охирида бошланди. Аввалига хорижга кетганлар ва уларнинг уйида қолган яқинлари қайдга олиниб, милиция ва МХХ суҳбатидан ўтказилиб, ҳар бир оиладан тушунтириш хати олинди.

Маҳалла қўмиталаридан олинган маълумотга кўра, хорижга кетганларни ортга қайтариш тадбири мамлакат бўйлаб ўтказилаётган аксилтеррор тадбирлари доирасида амалга оширилаяпти.

Ушбу аксилтеррор тадбирлари доирасида мактаб, коллеж-лицейлар, олий ўқув юртлари, шифохона ва деярли барча давлат ташкилотларида тунги навбатчилик ташкил қилинди.

Шунингдек, жойлардан олинган маълумотларга кўра, МХХ назоратида турган, яъни олдин қамалган ёки яқинлари қамоқда бўлган шахслар МХХ идорасига чақиртирилиб, махсус суҳбатдан ўтказилаяпти.

Аsiaterra нашрига кўра, пойтахтнинг катта савдо марказларида одамлар металл детекторлар ёрдамида текширилиб, рюкзак, портфель ва сумкалар тинтилмоқда.

Uzmetronom нашри хориждан қайтган ҳар бир фуқаронинг террорчилик ташкилотларига алоқаси бор ёки йўқлигини текшириш учун участка нозирлари сўроқ қилаётгани ҳақида ёзди.

Ижтимоий тармоқлардан олинган хабарга кўра, пойтахтдаги барча Интернет кафелар қаттиқ назоратга олинган ҳамда Интернет трафиги текширилаяпти.

XS
SM
MD
LG