Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:00

Ўзбекистон - ўзбекистонликлар учун яшаш қиммат давлат


GOBankingRates халқаро агентлиги талқинига кўра, Ўзбекистон яшаш учун энг арзон бўлган мамлакатлар рўйхатида 69-ўринга қўйилди. Мутахассислар 112 та мамлакатдаги ижара ҳақи, озиқ-овқат ва хизматлар учун кетадиган харажатлар бўйича аҳоли харид қурбини баҳолашган.

Агентлик мутахассислари яшаш шароитини баҳолаш учун Нью-Йоркдаги ҳаёт даражасига мезон қилиб олишди.

Арзон давлатлар рейтингда Жанубий Африка республикаси биринчи ўринни эгаллади. Рўйхатни Ҳиндистон, Косово ва Саудия Арабистони давом эттиради. Қозоғистон 5-ўринни, Россия 39-ўринни, Украина 24, Беларус эса 50- ўринни эгаллади.

Яшаш учун энг қиммат мамлакатлар сифатида Бермуд ороллари, Багам ороллари, Ҳонгконг, Швейцария ва Гана номлари келтирилган.

Тадқиқот Нью-Йоркдаги ҳаёт даражасига таққослангани боис Тошкентда туғилиб улғайган ва ҳозир Нью-Йоркда яшаб реклама агентлигида ишлаëтган 41 яшар рассом Икромбек Абдуллаевдан бу шаҳардаги нарх-навони айтиб беришни сўрадик:

- Дарров айтаман¸ мен учун арзон Тошкентдан кўра¸ қиммат Нью-Йоркда яшаш афзал. Бу ер қиммат¸ метроси ҳам Тошкентники билан солиштирганда дабдала. Лекин барибир мен Нью-Йоркни яшаш учун танлайман. АҚШда яшаëтган ўзбекларнинг аксарияти Нью-Йоркнинг Бруклин ва Квинс шаҳарчаларида яшайди. Нью-Йоркда ишлаб¸ Нью-Жерсида яшайдиган ўзбеклар ҳам бор.

Тошкентнинг Қашқар маҳалласида улғайган Икромбек икки йилда бир марта Ўзбекистонга бориб келиб тургани боис¸ икки шаҳардаги нарх-навони солиштириш имконига эга:

- Албатта¸ солиштираман Америкада яшайдиганлар бойвачча¸ битиб кетган¸ пулини саноғини билмайди¸ деган стереотипдан доимо жаҳлим чиқади. Хўп¸ ҳозиргина мен мол (савдо маркази)дан хафталик харажат қилиб чиқувдим. Чекимга қараб нарх айтаман. Ўзингиз солиштириб оларсиз. Зайтун ëғи– $3.29¸ кетчуп — $1.39¸ майонез — $3.99¸ 10 дона тухум – $1.69¸ асал 500 гр – $3.59¸ сут 2 литр $1.99¸ творог 425 гр — $3.29 ¸ сметана 454 гр – $2.49¸ мева суви 2 литр - $1.99¸ бир кило банан– $0.49¸ бир ярим кило картошка — $1.00¸ бир кило помидор — $0.75¸ бир кило сабзи – $0.49¸ Мaxwell House каҳваси— $3.99¸ бир кило шакар — $2.69¸ бир кило ун— $2.39¸ бир кило гуруч — $1.99¸ дейди ўз ҳисоб қоғозидан ўқиб берган Икромбек.

Суҳбатдошнинг айтишича¸ Нью-Йорк савдо марказида 680 грамм тош босадиган қора ноннинг нархи икки доллардан баланд:

- Бу Бруклиндаги нархлар¸ балки Нью-Жерсида сал арзонроқ ëки Манҳаттенда қимматроқ бўлиши мумкин. Лекин бу жуда катта фарқ қилмайди. Фарқи бир-икки цент. Энди Ўзбекистон билан солиштирсак. Масалан¸ сабзи АҚШда ўзбек сўмида уч ярим минг туради. Ўтган йил ëзда Тошкентга борганимда сабзи беш юз сўмнинг нари-бериси эди. Картошка¸ пиëз ҳам Ўзбекистонда арзон. Лекин ўрислар айтгандек “не хлебом единым будет жить человек”. Буни қандай таржима қилишни ҳам билмайман. Одам фақат қорин билан яшамайди¸ десак мазмуни чиқса керак. Гапнинг қисқаси¸ қиммат бўлса ҳам Нью-Йоркнинг ритми менга маъқул. Иссиқ сув¸ совуқ сув доимо бор¸ чироқ ўчмайди. Кўчалар доимо тозаланади. Энг муҳими¸ иш топа оласиз. Ишнинг пулини эса соатига қараб оласиз. Пулни эса сарфлайсиз. Ўзбек ватанпарвари бўлсам ҳам Нью-Йоркда яшаш мен учун қулай¸ дейди Икромбек.

Яшаш учун дунёдаги энг арзон мамлакатлар рейтингида 69-ўринни эгаллаган Тошкентда истиқомат қилаëтган 21 яшар талаба йигит Отабек ҳам айни кунда Фарҳод бозорига тушиб нархларни ўрганди.

Отабекнинг айтишича¸ чоршанба куни Фарҳод бозорида бир кило қўй гўшти 23 мингдан сотилган:

- Бодринг ва пиëз - 800¸ карам ва сабзи - 600¸ уч боғ кўкат минг¸ бир дона тухумнинг йириги - 400¸ майдаси - 350. Олий нав қозоқ унининг бир килоси 3000¸ пахта ëғининг литри 9000¸ шакар эса 3200 сўм¸ дейди суҳбатдош.

Отабекнинг айтишича¸ Фарҳод бозорида “Аланга” маркали Хоразм гуручининг бир килоси 4000 дан сўмдан сотилмоқда.

Хивалик Мақсудбекнинг айтишича¸ шу кунларда гуруч Хорзамда анча арзон:

- Аланга гуруч 2000 сўм¸ Хоразмча сузма палов қилинадиган лазер гуручи 5000-6000 сўм. Гўшт - 18000 молники. 20000 қўйники. Уннинг 50 килолик қопи - 54 000 сўм аҳолига¸ бозорда эса 65 000 атрофида. Хивада бозор ҳозир анча арзон. Картошка - 800 сўм¸ сабзи - 350 сўм¸ карам - 500 сўм¸ қизил лавлаги - 500 сўм¸ мош - 3000 сўм¸ ловия - 3000 сўм.

Хивалик Мақсудбек туристларга хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайди:

-Туристлар - "Узбекистан рай для гурманов". дейишади. Москва ва Питердан келган руслар овқатланиб булганидан кейин баҳоларни кўриб ҳайрон қолишади. Бизлар икки киши бўлиб Россияда шундай овқатлансак - камида 60 доллар тўлаймиз¸ дейишади. Уларга бир кишига мазза қилиб овқатланиш учун Хивада 5 доллар кифоя. Камига бир стакан қизил вино ҳам беришади¸ деган суҳбатдош оддий хиваликларнинг харажати қиммат эмаслигини таъкидлади:

-Оптовой бозорларида 5% дан кўп фарқ қилмайди. Розничнийларида фарк - 15%гача. Айрим маҳсулотлар Тошкентда¸ арзон айримлари Хоразмда. Гўшт ва гуруч Тошкентда қимматроқ бўлса¸ эртапишар мевалар Хоразмда қимматроқ. Картошка почти бир хил¸ дейди хивалик суҳбатдош.

Тошкент вилоятида яшайдиган Дилобар опа назарида бозор нархлари ўзбекистонликлар чўнтаги учун қиммат:

- Қиммат¸ албатта. Бир сумка пулга ярим сумка нарса оласиз. Меҳмон келганида эртапишар мевалар ва чақ-чуқларни олсангиз бир пасда кафангадо бўласиз. Оладиган ойлигимизга таққосласак¸ жуда қиммат. Мен Оққўрғонда яшайман. Тошкентдан сал арзон¸ аммо ўша арзонга ҳам пул йўқ. Болалар ейман¸ ичаман деб турибди. Мен бир олий маълумотли мутахассис бўла туриб¸ олган ойлигимга бемалол харажат қила олмайман¸ дейди суҳбатдош.

Саватсиз истеъмол

2015 йил Ўзбекистон республикаси президенти Фармонига мувофиқ, республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи ойига 130 240 сўм¸ энг кам пенсиялар эса 254 730 сўм қилиб белгиланди.

Истеъмол савати деган тушунча бўлмаган Ўзбекистонда энг кам иш ҳақига кун кечириш имконсиз экани айтилади.

Тўйларни видеотасвирга олиш билан шуғулланадиган урганчлик йигит тўрт жондан иборат оиласини боқиш учун ойига камида олти ярим миллион сўм зарурлигини айтади.

XS
SM
MD
LG