Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:27

Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Аҳмад Усмонов ҳибсга олинди


Uzbekistan: Akhmad Usmanov former uzbek general
Uzbekistan: Akhmad Usmanov former uzbek general

Тошкент вилоятининг собиқҳокими 59 яшар Аҳмад Усмонов, унинг устидан очилган жиноий иш доирасида вақтинча ҳибсга олинди. Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси ва собиқ ҳукумат мулозимининг айтишича¸ Усмонов “хизмат ваколатини суиистеъмол қилганлик, кадрлар танлашда таниш-билишчиликка йўл қўйганлик ва порахўрлик"да гумонланиб, сўроқ қилинмоқда.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасининг айтишича¸ кечаси ҳибсга олинган Усмонов душанба куни эрталабдан Тошкентдаги МХХ ертўласида сўроқ қилина бошлаган:

“Гвардейский кўчасидаги подвалда сўроқ беряпти. Расман Ҳарбий прокуратура терговни олиб боряпти. Чунки Усмонов генерал унвонидаги зобит. Лекин аслида сўроқни МХХнинг иқтисодий жиноятлар бўйича терговчилари олиб боряпти”, дейди Озодлик манбаси.

Собиқ ҳоким устидан бораётган терговдан хабардор ўзбекистонлик собиқ мулозимнинг Озодликка айтишича, Аҳмад Усмонов устидан жиноят иши феврал ўртасида очилган ва уни дарҳол ҳибсга олишмагани сабаби унинг жиноят иши доирасидаги мавқеи ноаниқ қолаётганидадир:

"Уй қамоғига яқин тарзда ўтиради, дея Усмоновнинг яқинлари умид қилиб ўтирувди. Лекин якшанба кечқурун келиб, уйидан тўғри Гвардейскийга олиб кетишган. Унақа мулозаматли ҳам бўлмаган ҳибсга олиш. Қора маскалилар билан тўла микроавтобус келган. Лекин маскалилар машинадан тушмаган. МХХда ишлайдиган киши икки солдат билан кириб, қўлига кишан солиб олиб чиқиб кетган. Яқинларига вақтинча ҳибсга олиш, деб айтилган. Максимум 48 соат бўлади вақтинча ҳибсга олиш. Эртага балки қўйиб юборишар. Биринчи сўроқдаëқ Усмонов давлатга етказилган моддий зарарни бутунлай қоплашга ваъда берган¸ бу бир. Иккинчидан, ҳали суд бўлгани йўқ. Шу боис Усмонов гувоҳ сифатида ëки жуда нари борса гумонланувчи сифатида сўроқ бермоқда. Уни айбдор, дейишга шошманглар", дейди Усмоновни яқиндан таниган собиқ мулозим.

Президент айблаган ҳокимни газеталар ҳам урди

4 феврал куни Тошкент вилоят кенгаши депутатларининг навбатдан ташқари сессияси чоғида ишдан олинган собиқ ҳоким бир вақтнинг ўзида сенаторликдан ҳам четлатилган эди.

Бунинг ортидан Ўзбекистон расмий матбуотида собиқ ҳокимни “қоралаш маъракаси” давом этди.

Расмий газеталар президент Ислом Каримов Аҳмад Усмоновни "одамларнинг ишончини оқламагани" ва янги иш ўринлари яратмагани учун танқид қилганини иқтибослар билан эслатишди:

"Ҳамкасбларнинг ишончини йўқотгандан кейин қайта қўлга киритиш жуда қийин. Бунга уриниш бефойда. Агар бир марта одамларнинг ишончини йўқотсанг, минг марта кечирим сўрасанг ҳам бу уларнинг юрагида қолишини эсингдан чиқармаслигинг керак", деди президент.

Бу аснода ўзбек расмий матбуоти Усмоновнинг "яқин ҳамтовоқлари бўлган бир гуруҳ шахслар" порахўрликда айбланиб, жазога тортилгани ҳақида ëзишди.

Собиқ ҳоким Аҳмад Усмановнинг узоқ қариндошларидан бири Тошкент шаҳар ҳокими лавозимидаги Раҳмонбек Жаҳонгирович Усмоновнинг ҳам ушбу текширув доирасида назоратга олингани ҳақидаги маълумот Озодликда мавжуд.

Генерал-губернатор "Гитлер"

Асли самарқандлик 59 ёшли Аҳмад Усмонов милиция генерали рутбасига эга бўлган ягона вилоят ҳокими эди.

Усмонов 2006 йилда “Меҳнат шуҳрати” ва 2010 йилда “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

У 2004 йилда Наманганда генерал унвонини олган биринчи вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлган.

Бунгача Жиззахда туман милицияси бошлиғи бўлиб ишлаган Усмоновнинг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга яқинлиги айтилади.

Усмонов 2005 йил майидаги қонли воқеалардан кўп ўтмай, Андижон вилоят ҳокимлигига тайинланган.

Унинг 2006 йил октябридан 2013 йил апрелига қадар давом этган ҳокимлиги даврида Усмонов вилоятни қаттиққўллик билан бошқаргани кузатилган. Озодлик манбалари Аҳмаджон Усмоновнинг жуда ҳам зўравон ҳоким бўлганини, унинг раҳбарлиги даврида қама-қамалар авж олганини айтадилар. Узметроном нашрининг ёзишича, Усмонов Андижонга ҳокимлик қилган пайтида унга “Гитлер” лақабини беришган.

Аҳмад Усмонов охирги 3 ой ичида лавозимидан четлатилган иккинчи вилоят ҳокимидир.

Ўтган йил ноябрида Президент Каримов Наманган вилоят ҳокими Баҳодир Юсуповни "фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари" учун ишдан четлатганди.

XS
SM
MD
LG