Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:35

GuliGate: Vimpelcom собиқ бошқарувчиси ҳибсга олинди


VimpelСom Ўзбекистонда Beeline савдо белгиси остида фаолият юритади.
VimpelСom Ўзбекистонда Beeline савдо белгиси остида фаолият юритади.

Vimpelcom ширкатининг собиқ бош директори Жо Лундер 4 ноябрь куни Лондондан учиб келган маҳал Осло аэропортида қўлга олинди. Лундер адвокати ҳозирча айблов билан танишиб чиқмагани, лекин ҳимояси остидаги шахснинг ҳибсга олиниши Vimpelcomнинг Ўзбекистон ҳукумати билан тузган келишувлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтди.

Норвегиянинг иқтисодий жиноятларни тафтиш этиш агентлиги мулозимлари Жо Лундер коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинганини тасдиқлашди.

Айни пайтда Лундернинг адвокати ўз мижозининг Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун юзлаб миллион доллар пора беришга алоқаси йўқлигини таъкидламоқда.

Ширкатга беш йил раҳбарлик қилган Лундер шу йилнинг мартида Vimpelcom директорлиги лавозимидан кетган эди.

Бош қароргоҳи Амстердамда жойлашган Vimpelcom раҳбари Ўзбекистондаги бизнеси боис Ҳолландия ва АҚШ расмийлари тафтиш бошлаши ортидан лавозимидан истеъфо берган эди.

АҚШ ва Ҳолландия ҳуқуқ-тартибот тузилмалари мазкур жараёнда нафақат VimpelCom, балки Россиянинг МТС ва Швециянинг TeliaSonera фаолияти ҳам текширилишини айтишган.

Шу йилнинг июль ойида Америка суди Ўзбекистон мобил алоқа бозоридаги коррупция терговига боғлиқ компаниялар, жумладан МТС ва Vimpelcom ширкатининг 300 миллион долларини музлатиш бўйича ҳукм чиқарди.

Терговчиларнинг ишонишича, Vimpelсom ва МТС сохта компаниялар ва консалтинг хизматлари ҳақидаги қалбаки шартномалар тармоқлари орқали "Президент Ислом Каримовнинг яқин қариндоши"га пора берган ва Ўзбекистон бозорига кирган.

Оммавий ахборот воситалари бу ўринда пора олган одам Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова экани ҳақида ёзиб келмоқда.

Vimpelcom маъмурияти эса аввалроқ тергов иши доирасида ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилишда давом этишини айтган.

Vimpelcom суд жараёнига $900 миллион ажратди

Норвегиядаги Telenor Group телекоммуникация ширкатининг Ҳолландиядаги шўъбаси Vimpelcom (Ўзбекистондаги Beeline савдо белгиси) ўзининг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ равишда ўтказилиши мумкин бўлган суд жараёнлари учун 900 миллион доллар маблағни заҳирада ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарди.

Ширкат расмий сайтида айтилишича, бундай қарор АҚШ Адлия департаменти ва Ҳолландия прокурорлари томонидан олиб борилаётган терговнинг бугунги ҳолати таҳлил қилинганидан сўнг қабул қилинган.

Бундан аввалроқ Тelenor Group телекоммуникация ширкати ўз шўъбаси Vimpelcomнинг Ўзбекистон мобиль бозорига кириш учун пора берганига оид айбловларни мустақил тергов қилиш учун адвокатлик ширкатини ёллагани билдирилган эди.

АҚШ ва Ҳолландия ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ўтган йили мазкур мобил операторининг Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан текширув ишлари бошланганини эълон қилган эди. Мазкур жараёнда нафақат Vimpelcom, балки Россиянинг МТС ва Швециянинг TeliaSonera фаолияти ҳам текширилиши айтилган.

Европа давлатлари ва АҚШ тергов идоралари Ўзбекистонда фаолият юритадиган TeliaSonera, Telenor ва МТС ширкатлари йиллар давомида бу мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид иддаоларни тергов қилмоқда.

30 октябрь куни Telenor директорлар кенгаши раиси Свейн Аасер ширкатнинг 54 фоиз ҳиссасига эгалик қилувчи Норвегия ҳукумати томонидан истеъфога чиқарилган эди.

Ширкат раисининг истеъфога чиқарилишига Vimpelcom Ўзбекистонда фаолият юритиш ҳуқуқи учун пора бергани тўғрисида янги хабарлар пайдо бўлгани ортидан ҳукумат Свейн Аасерга нисбатан ишончини йўқотгани сабаб бўлган.

АҚШ прокурорлари Vimpelcomнинг Россиядаги шўъбаси Ўзбекистонда бизнес юритиш учун соҳта фирмаларга пул ўтказиш орқали президент Ислом Каримовнинг қариндошларидан бирига пора берган, деб ҳисобламоқда. Расман АҚШ прокурорлари бу иш бўйича бирорта жисмоний ёки юридик шахсга айблов билдирмаган. Бироқ оммавий ахборот воситалари бу ўринда пора олган одам Гулнора Каримова экани ҳақида ёзиб келмоқда.

Маълумотларга қараганда, Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant ширкатига МТС, Vimpelcom ва TeliaSonera 2006 йилдан 2011 йилгача катта миқдордаги пулларни ўтказиб келган. Бу фирма эса формал равишда Гулнора Каримованинг яқин дугонаси бўлган Гаянэ Авакян номига расмийлаштирилган.

Швеция, Швейцария, Ҳолландия ва АҚШда бу ҳолат юзасидан тергов ишлари бошланган. 2014 йилнинг мартида VimpelcomнингАмстердамдагибош офисида тинтув ўтказилган. Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссия эса МТС ширкатидан Ўзбекистондаги фаолияти ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилган.

2015 йилнинг ёзида АҚШ Адлия департаменти Бельгия, Ирландия ва Люксембург банкларида 300 миллион долларлик омонат сақланаётган ҳисобларни музлатишни талаб қилган. Бироқ АҚШ прокурорлари ўзларинингбу ҳаракатларига тушунтириш бермаган.

Vimpelcom 220 миллиондан ортиқ мижозга хизмат қилувчи дунёдаги еттинчи йирик телеком ширкати ҳисобланади. Ширкат улушининг47,85 фоизи россиялик миллиардер Михаил Фридманга, 42,95 фоизи Норвегиянинг Telenor ширкатларига тегишлидир.

Ўтган ойда Telenor ширкати Vimpelcomдаги 33 фоизлик улушини сотишини билидрган эди.

Vimpelcom Ўзбекистон бозорига 2005 йилда кириб келган.

XS
SM
MD
LG