Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:09

Гулнорага пора берганликда гумонланаётган Telenor бошқарув раиси истеъфога кетди


Beeline ҳақдори Telenor ширкати Ўзбекистон билан боғлиқ активларидан қутулишга уринаётган навбатдаги ширкат бўлди
Beeline ҳақдори Telenor ширкати Ўзбекистон билан боғлиқ активларидан қутулишга уринаётган навбатдаги ширкат бўлди

Норвегиянинг Telenor Group телекоммуникацион ширкати бошқарув кенгаши раиси Свейн Осер истеъфога кетди. Бу ҳақда Telenor Group 30 октябрь куни маълум қилди. Норвегия ширкати Ўзбекистондаги бизнеси билан боғлиқ коррупцион жанжал ортидан раҳбариятни ўзгартираётган навбатдаги ширкат бўлди.


Telenor ширкати шу ой бошида Ўзбекистондаги Beeline мобил операторининг эгаси ҳисобланган VimpelCom компаниясидаги 33 фоизлик улушини сотиш ниятини билдирган эди.

Орадан уч ҳафта ўтиб, Норвегия ширкати бошқарув кенгаши раиси ҳам ишдан кетаётгани маълум бўлди.

Свейн Осернинг истеъфога кетаётгани ҳақида Telenor Group 30 октябрь куни эълон қилди.

VimpelCom Ltd. Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани гумонлари билан Европа мамлакатлари ва Қўшма Штатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов қилинмоқда.

Жума куни эълон қилинган баёнотда Осер Telenor бошқарув кенгаши раиси сифатида ширкатнинг “VimpelCom-даги улушидан қутулиш қарорини тайёрлаш”дан иборат бўлгани ва бу вазифа бажарилганини таъкидлади.

У шунингдек, VimpelCom масаласида Норвегия савдо вазирлиги билан зиддиятлар юзага келгани истеъфога чиқиш қарорига ҳисса қўшганига ишора қилди.

54 фоизи Норвегия ҳукуматига тегишли телеком ширкат Ўзбекистонда фаолият юритувчи Beeline мобил операторининг эгаси VimpelCom компаниясидаги 33 фоизлик улуши аллақачон сотувга қўйилдими, йўқми собиқ раис аниқлаштирмади.

Айрим матбуот воситалари Норвегия Савдо вазири Моника Меланднинг Осерга нисбатан ишончи йўқолгани тўғрисидаги сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

“Менга коррупция айбловларига алоқадор янги маълумот тушди. Мен ва конституциявий масалалар бўйича парламент қўмитаси бу маълумотларни аввалроқ олиши керак эди. Бу жиддий вазият”, дея иқтибос келтирмоқда Норвегия телеграф агентлиги.

33 фоизи Telenor Group ширкатига қарашли VimpelCom Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганликда айбланаётган ягона ширкат эмас.

Европа давлатлари ва АҚШ тергов идоралари Ўзбекистонда фаолият юритадиган TeliaSonera, Telenor ва МТС ширкатлари йиллар давомида бу мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддаоларини тергов қилмоқда.

Озодлик иштирокидаги журналистик терговлар натижасида учта йирик телеком ширкат Гулнора Каримовага катта миқдорда пора берганига ишора қилувчи ҳужжатлар ошкор бўлиши ортидан, шу йил бошроғида VimpelCom ширкатининг бош директори Жо Лундер истеъфога кетган эди.

Ундан аввал, 2013 йилда Гулнора Каримова билан боғлиқ коррупцион жанжал TeliaSonera бош директори Ларс Нюберг ва яна қатор мулозимларнинг ишдан ҳайдалишига сабаб бўлган эди.

VimpelСom 220 миллиондан ортиқ мижозга хизмат қилувчи дунёдаги еттинчи йирик телеком ширкати ҳисобланади. Унинг асосий ҳиссадорлари россиялик миллиардер Михаил Фридманга тегишли Альфа групп ҳамда Норвегиянинг Telenor компанияларидир.

Telenor ширкати Vimpelcom-даги 33 фоизлик улуш учун 15 миллиард Норвегия кронаси (тахминан 1,8 миллиард АҚШ доллари тўлаган). Ҳисоб-китобларга кўра, бу улушнинг бугунги бозор нархи 20 миллиард норвег кронасига (тахминан 2,4 миллиард АҚШ доллари) тенгдир.

VimpelСom Ўзбекистон бозорига 2005 йилда кириб келган.

XS
SM
MD
LG