Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:26

Россиялик таниқли олим Ўзбекистонга киритилмади


Тақиқнома
Тақиқнома

Таниқли рус олими Сергей Абашиннинг Ўзбекистон ҳудудига киритилмагани ижтимоий тармоқларда ҳам ўзбек ва ҳам русийзабон фойдаланувчиларнинг эътирозларини уйғотди.

Абашин 29 августда Тошкент аэропортидан Москвага қайтариб юборилганди.

У Ўзбекистонга "ўзича, таклифномасиз” сафар қилганини билдирган.

50 ёшли Сергей Абашин Марказий Осиё халқлари антропологияси ва этнографияси бўйича нафақат Россия, балки дунёдаги энг йирик олимлардан бири ҳисобланади.

У Ўрта Осиё халқлари хусусан ўзбеклар тарихи ҳақида кўплаб мақола ва илмий рисолалар муаллифидир.

Абашин ўнлаб Ўрта Осиёлик тарихчиларга устозлик қилган.

У сўнгги йилларда Ўрта Осиё халқларининг Россияга миграция қилишига оид тадқиқотлар билан шуғулланмоқда.

"Бу мен учун жуда ҳам ёқимсиз ва оғриқли тақиқ," дея Ўзбекистонга киритилмаганига муносабат билдиради россиялик олим.

"Хушмуомала чегарачи"

Тошкент халқаро аэропортидаги ўзбек чегарачилари 29 августда Сергей Абашинга Ўзбекистонга киритилмаслиги сабабларини изоҳлашмаган.

Абашиннинг Facebook орқали ёзишича, унга "хушмуомала чегарачи" Ўзбекистонга кира олмаслигини билдирган.

"Хушмуомала чегарачи: "Сергей Николаевич, Сизга Ўзбекистонга кириш тақиқланган". Нега? Мамлакатга менинг қандай хавфим бор? Бироқ, Ўзбекистон мен сиз ҳам осон уддалайди", деб ёзади Сергей Абашин Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида.

У, шунингдек, "Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришни тақиқлаш ҳақидаги акт" суратини ҳам саҳифасига жойлаштирган.

Рус олими, орадан бир неча соат ўтиб, "Мени аллақачон Москвага депортация қилишди" деб илова қилди.

Сергей Абашин “.. бу тақиқ абадий бўлиши мумкин”, дея хавотир изҳор этади.

"Бобойлар давлати"

Россиялик этнограф олимнинг Тошкент аэропортидан Москвага қайтариб юборилишини Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзбек ва русийзабон фойдаланувчилар кескин эътирозлар билан қарши олишди.

Ўзбекистонлик таниқли фотограф Умида Аҳмедова "Ие, сизга ҳам тақиқ қўйишдими? Товба қилдим," дея муносабат билдирди.

Лондондаги Шарқ ва Африка Тадқиқотлари Мактаби тадқиқотчиси Алишер Илҳомов эса: "Умуман ўзларидан кетишди. Бобойлар давлатига айланаяпти" дея таажжуб изҳор этди.

Кэмбриж Университетидан таниқли мусиқашунос Розия Султонова эса Сергей Абашиннинн Ўзбекистонга киритилмаслигини "шармандалик" дея баҳолади:

"Шармандалик. Бутун дунёга машҳур антропологни Ўзбекистонга киришини тақиқласалар!"

Шу билан бирга Ўрта Осиёдан бир нечта Facebook фойдаланувчиси Сергей Абашинни ўз мамлакатига таклиф қилган.

Ўзбекистонлик рассом Сергей Игнатьев эса Сергей Абашиннинг Ўзбекистонга киритилмаганини истеҳзоли баҳолаган:

"Диктаторлик режими учун қўрқинчли одамлар" клубига хуш келибсиз.

Исталмаган шахслар

Кўзга кўринган шахсларнинг Ўзбекистонга киритилмагани илк бор кузатилаётгани йўқ.

Озодлик 2012 йилнинг феврал охирларида ВВС Жаҳон хизматининг Марказий Осиё бўйича мухбири Наталья Антелава¸ 2012 март ойида учиб борган “Новая газета” (Россия) фотомухбири Виктория Ивлева, сентябр ойида учиб борган BBC Monitoring гуруҳи ходимаси Багила Бухарбаева (Қозоғистон), 2013 йилнинг июнида қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлекан Исмаилова ҳам сабаби кўрсатилмасдан Тошкент аэропортидан ортга қайтарилгани тўғрисида хабар берган эди.

Ўтган йил мартида эса россиялик таниқли фотокорреспондент, мустақил журналист Константин Саломатин Ўзбекистонга киритилмаганди.

XS
SM
MD
LG