Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:33

Шўрчи ҳокими халқнинг шолисини керосин сепиб куйдирди


Бошоқ тортган шолилар ҳоким керосинидан сўнг қовжираб қолди
Бошоқ тортган шолилар ҳоким керосинидан сўнг қовжираб қолди

Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани ҳокимининг буйруғи билан Беш йиллик қишлоғи аҳолисининг бошоқ тортиб қолган ўнлаб гектар шолиси керосин сепиб йўқ қилинди. Ҳокимият ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш изоляторида сақланаётган маҳбусларни олиб келиб шолига керосин септирган. Ҳокимият вакиллари билан бўлган жанжалда баъзи аёллар ҳушидан кетган. Туман ҳокими бу воқеани шарҳлашдан бош тортди.

Шўрчи туманидаги Беш йиллик қишлоғи аҳолисининг Сурхондарё қирғоғидаги ташландиқ ерда етиштираётган шолиси туман ҳокимлиги томонидан 24 июль куни йўқ қилинди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган шўрчилик деҳқонга кўра, милиция маҳбуслик кийимидаги одамларни олиб келиб, шолига керосин септирган:

- Бу ерда қишлоқ аҳолиси 20 йилдан буён тирикчилиги учун шоли экиб келади. Кимнидир ери 50 сўтих, кимники 70 сўтих, кимникидир бир гектар. Мен ҳам 80 сўтиққа шоли эккан эдим. Шолим энди бошоқ тортаётган эди. Кеча бир грууҳ милиция ходимлари турмадаги одамларни олиб келиб, шолига керосин септирди. Одамлар жанжал қилиб қаршилик қилса милиция “олиб бориб тиқаман”, деди. Жазирама иссиқда икки соатда шолилар қовжираб адо бўлди, деди деҳқон.

Ҳокимият вакиллари маҳаллий аҳолини бу ташландиқ ерларни ноқонуний ўзлаштириб олганликда айблаган. Бироқ, бугунги ишсизлик шароитида одамларнинг асосий даромади мана шу шолидан эди, дейди деҳқон:

- Ҳокимларда инсоф деган нарса қолмади. Ҳайвон ҳам қилмайди бундай ишни. Одамларнинг кўз тикиб турган илинжи эди бу шоли. Кимдир биринчи ҳосилни олиб, унинг пулига боласини мактабга тайёрларди, кимдир тўй қилишни ният қилганди. Бу Худо урганлар халқнинг оҳу-зорига ҳам қулоқ солмади, деди деҳқон.

Беш йиллик қишлоғида истиқомат қиладиган бошқа бир деҳқоннинг айтишича, милиция билан бўлган жанжалда бир аёл ҳушидан кетиб қолган:

“Маҳалламиздаги Мавлуда деган аёл милиция ходимлари билан жанжаллашиб ҳушидан кетиб қолди. Лекин милиция ходимлари бераҳмларча “ўлса ўлаверсин, барибир сепамиз”, деди. Шолисидан айрилган чолу кампирлар милицияларни қарғади. Лекин улар, қарғасаларинг қарғайверинглар, бизга қарғиш ҳам тегмайди, биз қарғишдан ҳам қўрқмаймиз", дейишди.

Озодлик бу воқеага изоҳ олиш учун Шўрчи тумани ҳокими Ҳайбулло Маматқулов билан боғланди. Ҳоким аҳоли шолисига керосин сепилгани ҳақидаги даъвони инкор қилмади:

- Биз бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бермаймиз, деб алоқани узиб қўйди ҳоким Ҳайбулло Маматқулов.

Шўрчи туманида истиқомат қиладиган 80 яшар Ортиқбой бобо, шу ёшга кириб халқнинг меҳнати бундай шафқатсизларча увол қилинганини кўрмаганини айтади:

- Отажон, энди бу ҳалқнинг меҳнатида, халқнинг ризқида. Давлатнинг ишлаб турган ери бўлса ҳам майли эди, ўзи ташландиқ жойда одамлар ер очиб тирикчилик қилган. Қанча меҳнат қилишган, қанча харажат қилишган. Шоли бошоқ тортиб қолган эди. Бу мусулмончилик юзасидан ҳам, одамгарчилик юзасидан ҳам увол, гуноҳ иш. Мен ҳам буларнинг ишига ҳайрон бўлиб қолдим. Бу наркотик эмсаку, бу наша эмаску. Қўй халқ ҳосилини олсин, солиқ сол, жарима сол, наҳот ана бўлай деган шолини йўқ қилсанг, номард, дейди Ортиқбой бобо.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимларнинг ердан ноқонуний фойдаланаётгани иддаосида деҳқонларнинг кўкариб турган полиз экинларини ҳайдаттириб ташлаши тез-тез кузатилиб туради.

XS
SM
MD
LG