Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:45

Прокурор ҳақоратига жавоб қайтарган наманганлик фермер ҳибсга олинди


Наманган вилояти Норин туманидаги “Ҳусниддин-Зуҳриддин Алишерович” фермер хўжалиги раиси Алишер Матлубов прокурор ҳақоратига ҳақорат билан жавоб қайтаргани учун ҳибсга олинди. Айни пайтда бир ҳафтадан бери Норин тумани ички ишлар бўлимида сақланаётган фермер унга солинган жаримани тўламаганликда айбланмоқда. Прокуратура мулозими фермерни прокурор ҳақорат қилганини инкор қилди.

Норин туманидаги “Ҳусниддин-Зуҳриддин Алишерович” фермер хўжалиги раиси, 47 яшар Алишер Матлубов 16 июль куни ҳибсга олинди.

Бу ҳақда исми сир қолиш шарти билан Озодликка хабар берган бошқа бир фермернинг айтишича, Алишер Матлубов туман прокурори Баҳром Йўлдошевнинг ҳақоратига ҳақорат билан жавоб бергани учун ҳибсга олиниб, устидан жиноят иши очилган:

“Фермернинг пахтаси яхши бўлмагани, ўт босиб кетгани учун прокурор уни бошингга палоним деб сўккан экан. Фермер эса “прокурор бўлсанг ўзингга, оғзингга қараб гапир, ўзингни бошингга палоним” деб жавоб қайтарибди. Кейин прокурор милиция ходимларига уни ҳибсга олишга буйруқ берибди. Ҳозир у Норин тумани ИИБ изоляторида сақланаётган экан”, деди фермер.

Алишер Матлубов истиқомат қилган Тўда қишлоғи маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, жанжал пахта даласида рўй берган:

“Алишер ака пахтасининг аҳволи ҳақиқатда ҳам ёмон. Унинг ери сув таъминоти жуда оғир бўлган минтақада жойлашган. Пахтага яхши қаролмагани учун ўт босиб кетган. Унинг ерини ҳоким, прокурор бориб кўрган ва пахтага қарамаган деб суд орқали 200 миллион сўм жарима солдирган. Алишер ака бу жаримани тўлашдан бош тортган. Суд ижрочилари далага унинг молларини конфискация қилиш учун борганда, Алишер ака қаршилик қилган. Прокурор билан ҳам ўша ерда жанжаллашиб қолган, дейишяпти", дейди маҳалла фаолларидан бири.

Норин тумани прокуратурасининг ўзини таништирмаган ходими фермернинг ҳибсга олинганини тасдиқлар экан, унинг прокурор билан сўкишгани ҳақидаги иддаоларни инкор қилди:

“Прокурор қонунни ҳимоя қилади, инсон манфаатлари устиворлигини таъминлаб туради. Сиз айтган ҳолат одамларнинг оғзидаги миш-миш бўлса керак, бизнинг прокурор ундай одам эмас”, деди прокуратура мулозими.

Мулозим Озодлик телефон рақамини ёзиб олиб, прокурор мажлисдан чиққанидан сўнг бу воқеага ўз муносабатини билдириши мумкинлигини айтди. Бироқ, прокурор кун давомида Озодликка қайта қўнғироқ қилмади.

Норин тумани ҳокимининг ўринбосари Валишер Нуралиев эса бу воқеадан хабари йўқлигини айтди.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимлар ва прокурорларнинг пахта ёки буғдой режасини бажаролмаган фермерларни ҳақорат қилиши, калтаклаши ҳолатлари кўп учрайди.

Бундай тазйиқлардан безган ва чорасиз қолган фермерларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам сўнгги пайтда кўпайиб боряпти.

Жумладан, 2 июль куни Андижон вилояти Избоскан туманида фермерлик қилган 29 ёшли Нодирбек Ҳайдаров туман ҳокими ва прокурори ўтказган мажлисдан чиқиб, ўзини осиб қўйган эди. Озодлик манбаларига кўра, ҳоким ва прокурор фермерни буғдой режасини бажармагани учун қаттиқ койиган ва у мажлисдан чиқиб, қишлоқ хўжалиги бўлими ҳожатхонасида ўз жонига қасд қилган.

Ўтган йилнинг 17 октябрь куни Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осган эди.

22 июнь куни эса Наманган вилояти, Чуст тумани, Баймоқ қишлоғилик 44 яшар фермер Қурбонтой Усмонов дала шийпонида ўз жонига қасд қилган эди. Усмонов фермер хўжалиги билан боғлиқ муаммолар боис ўзни осгани айтилди.

2013 йилнинг 9 октябрида Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани ҳокими фермерни кам пахта топширганликда айблаб, онасини сўккае, калтаклаб-бўғган эди. Калтакланган фермернинг отаси кампирини етаклаб ҳокимнинг олдига келган-да “мана шу кампир сен сўккан улимни (ўғлимнинг-таҳр.) энаси бўлади, шуни сўкканмидинг, мана олиб келдим, қўлингдан келса қил”, деган. Фермернинг отаси ҳокимни урмоқчи бўлганида уни ажратиб олишган эди.

XS
SM
MD
LG