Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:59

Ўзбекистонда "алвасти ови" давом этмоқда


Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаган 500га яқин зобит ва мулозим турли жазоларга тортилгани статистик маълумот ўлароқ расмий матбуотда эълон қилинди.

Мазкур хабар ортидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига янги раҳбар тайинлангани борасидаги президент қарори ҳам эълон қилинди.

Ўзбекистон президенти тарафидан 29 июнь куни имзоланган қарорга кўра¸ Турсунпўлат Тошпўлатов Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – жиноят қидирув ва терроризмга қарши бош бошқарма бошлиғи этиб тайинланган.

Турсунпўлат Тошпўлатов бундан олдин Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғининг курсиси шу йилнинг 21 апрелидан бери бўш қолаëтган эди.

Бу лавозимни эгаллаган Даврон Назармуҳаммедов 21 апрелда Ўзбекистон президентининг кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган эди.

Шаҳар милицияси муовинлигидан вазир ўринбосари лавозимига бирдан кўтарилган Турсунпўлат Тошпўлатов 2014 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

"Алвасти ови"

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасига кўра¸ бу тайинлаш кейинги пайтда куч ишлатар тизимларидаги “алвасти ови” деб аталган тозалаш амалиëтидан ортидан кутилган воқеадир:

- Шаҳар милиция муовини бўлиб ишлаган одамнинг бирдан қудратли бошқармага бошлиқ қилиб тайинланиши юқори бошқарув элитасига ишонч қолмагани нишонасидир. Президент қарори билан тайинланган Турсунпўлат Тошпўлатов¸ Зокир Алматов (Собиқ ИИВ) кетганидан кейин заифлашган вазирликни кучайтириш бўйича вазифа олганидан хабаримиз бор, деб билдирди Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаси электрон ёзишма асносида.

Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармасига янги раҳбар тайинлангани манзарасида кучи ишлатар тизимлардан 500га яқин мулозимнинг жазога тортилгани ҳақидаги хабар “статистик маълумот” ўлароқ сиздирилди.

12news.uz нашрининг Ўзбекистон ҳукуматига таяниб ëзишича, 2014 йилнинг сентябр ойига қадар ҳуқуқ –тартибот органларида ишловчи 451 амалдор ўғирлик¸талончилик¸ хизмат вазифасини суъистеъмол қилиш¸ порахўрлик ва қийноқ қўллашда айбдор деб топилиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.

12 судья¸ 30 прокурор ва 1 МХХ ходими

Айни маълумотга кўра, 12 судья ва уч нафар суд мулозими¸ 30 нафар Бош прокуратура ходими¸ 258 нафар ИИВ зобити¸49 нафар солиқчи¸ 38 нафар божгир ва беш нафар адвокат ҳибсга олиниб, жазога тортилган.

Илова қилинишича, 2014 йилнинг сентябр ойига қадар фақат биттагина МХХ ҳодими қамоққа олиниб, суд ҳукми асосида, озодликдан маҳрум этилган.

Озодлик жазога тортилган ягона МХХ зобити шахси билан қизиқди.

Ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасининг айтишича, бу шахс шу кунларда Бекобод қамоғидан МХХ подвалига келтирилиб, қайта терговга тортилган Миллий хавфсизлик хизмати қошидаги Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг собиқ бошлиғи, 51 яшар МХХ полковниги Жавдат Шарифxўжаевдир.

Статистик ҳисоботга тиркалмаган бўлса ҳам, Озодликда мавжуд маълумотга кўра¸ ўтган йил сўнгида (ноябр-декабр ойларида) Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг 12 нафар собиқ ходими ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

2015 йилга келиб Ҳаëт Шарифхўжаевнинг "туғишган жияни" Ўзбекистон Адлия вазирлиги Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ғуломов ҳибсга олинганди.

“Тозалаш”

Озодликка маълум бўлишича, шу кунларда яна 654 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ҳодимига нисбатан 477 та жиноят иши очилган.

Бу жиноят иши доирасида 554 мулозим судгача ҳибсга олинган.

Санкт-Питербургдаги ҳуқуқни тадбиқ қилиш муаммоларини ўрганиш институтининг 2010 йилдаги тадқиқодига кўра¸ Ўзбекистонда 2008 йилда 200 мингдан зиëд куч ишлатар тизим ходимлари фаолият кўрсатган.

Инсон ҳуқуқлари фаолларининг таъкидлашича, бу рўйхатга маҳалла посбонлари ва “сексот”лар кирмайди.

XS
SM
MD
LG