Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:42

Алишер Усмонов “Ўзбекистон темир йўллари”ни сотиб олганини рад қилди


Озодлик манбалари иддаосича¸ айни кунларда "Ўзбекистон темир йўллари" давлат ҳиссадорлик ширкати бошқарувининг айрим аъзолари ҳибсга олиниб¸ тергов қилинмоқда.
Озодлик манбалари иддаосича¸ айни кунларда "Ўзбекистон темир йўллари" давлат ҳиссадорлик ширкати бошқарувининг айрим аъзолари ҳибсга олиниб¸ тергов қилинмоқда.

Алишер Усмонов матбуот хизмати томонидан ëзилган расмий раддияга кўра¸ на асли ўзбекистонлик миллиардер Усмонов ва на унинг назоратидаги ташкилотлардан бирортасида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати акцияларини сотиб олиш режаси йўқ.

“Бу маълумотлар воқеликка тўғри келмайди. Жаноб Усмонов ва унинг назоратидаги ташкилотлардан бирортасининг “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатига алоқаси йўқ ва бу ширкат ҳиссаларини сотиб олиш режаси ҳам йўқ.

Бу раддияни таҳририятнинг ортиқча шарҳларисиз эълон қилишингизни сўраймиз.

Раҳмат!

Ҳурмат билан А.Б.Усмонов Матбуот хизмати”

Озодлик ихтиëрига етиб келган рус тилидаги раддия матни шундан иборат.

Ўтган ҳафта бир қатор Интернет нашрлари¸ хусусан¸ ўзбек махсус хизматларига яқин Uzmetronom Интернет газетаси ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновга яқин бизнес тизимлари “Ўзбекистон темир йўллари” давлат ҳиссадорлик компаниясининг давлат назоратида бўлиб келган акцияларини сотиб олгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Нашр иддаосича¸ бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати акционерларининг навбатдан ташқари мажлисида эълон қилинган.

Махсус хизматларга яқин нашрнинг қайси манбага таяниб¸ қайси мақсадда “Ўзбекистон темир йўллари” давлат ширкатининг Усмоновга алоқадор қўлларга ўтгани ҳақида хабар тарқатгани Озодликка маълум эмас.

Айни пайтда¸ Озодликнинг ўз манбалари “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати раҳбарияти фаолиятининг шу кунларда МХХ ва прокуратура томонидан жиддий тафтиш қилинаëтганини хабар қилмоқда.

Ҳуқуқ тизимларига яқин Озодлик манбаси ўз шахси сир қолиши шарти билан “Ўзбекистон темир йўллари”да бораëтган текширишларни “мега жараëн” деб атади ва унга нафақат ширкат раиси Очилбой Раматов¸ балки жиноят оламида ном қозонган шахслар ҳам тортилганини билдирди.

Озодликка маълум бўлишича¸ асосий акциялари давлатга тегишли бу ширкатдаги коррупция баробарида Ўзбекистон темир йўллари орқали наркотик моддалар ташилиши билан боғлиқ жиноятлар ҳам бораëтган текширувлардаги айбловлар сирасидадир.

24 июнь куни айрим норасмий манбалар¸ ўтган йили президент Каримов томонидан Ўзбекистон Қаҳрамони сифатида сийланган Очилбой Раматовнинг ишдан олиниб¸ унга жиноят иши очилгани ҳақида хабар йўллади.

Аммо айни шу куни “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати расмий сайтида Раматов¸ қолаверса¸ Озодлик манбаларига кўра¸ ишдан олиниб¸ жиноий иш очилган унинг ўринбосарларининг ҳам ҳамон ширкат раҳбарияти рўйхатида тургани кузатилди. Куннинг охирига бориб¸ ширкат расмий сайтини очишнинг иложи бўлмай қолди.

Озодлик "Ўзбекистон темир йўллари" ширкатида бораëтган "мега жараëн"га оид тафсилотларни ўрганишда давом этади.

XS
SM
MD
LG