Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:02

Озодбек концертларини яна қолдириш билан мухлисларини алдади


Озодбек Назарбековнинг 27-28 кунлари ўтказилиши керак бўлган концертлари қачон бўлиши номаълум қолмоқда.
Озодбек Назарбековнинг 27-28 кунлари ўтказилиши керак бўлган концертлари қачон бўлиши номаълум қолмоқда.

Навоий ва Зарафшон шаҳарларида Озодбек Назарбековнинг 27 ва 28 май кунларига белгиланган концертлари қолдирилди. Навоий вилояти Mаданият ва спорт ишлари бошқармаси вакиллари Назарбеков шу кунлари Қорақалпоғистонда “Умид ниҳоллари” тадбирида қатнашгани учун Навоийга кела олмаган, дейишмоқда. Айни пайтда, Озодликка маълум бўлишича, Назарбековнинг Навоий шаҳрида 14 май куни ўтказилиши эълон қилинган концерти ҳам қолдирилган. Концерт ташкилотчиларига яқин манбанинг Озодликка айтишича, тадбирнинг қолдирилишига унга етарли билет сотилмагани ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ўзбекистонда таниқли қўшиқчи Озодбек Назарбековнинг билетлари сотиб бўлинган концертлари биринчи марта қолдирилаётгани йўқ.


Озодбек Назарбековнинг Навоийдаги концерти яна қолирилигани тўғрисида, билет олиб томошадан қуруқ қолган қўшиқчи мухлисларидан бири Озодликка хабар қилди.

Қўшиқчининг 27 май куни ўтказилиши керак бўлган концерти қолдирилишига эстрада қўшиқчисининг Қорақалпоғистонда “Умид ниҳоллари” республика танловида қатнашгани изоҳ сифатида келтирилди. Бу ҳақда Навоий вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси расмийлари Озодликка билдиришди.

Бунда қўшиқчининг ўзи ёки унинг маъмурлари ҳозирча изоҳ бергани йўқ. Айни пайтда Озодликка хабар йўллаган санъат мухлисига кўра, Назарбековнинг Навоий шаҳридаги концерти иккинчи марта қолдирилмоқда.

Концерт ташкилотчиларига яқин манба бу хабарни тасдиқлаб, Назарбековнинг концерти дастлаб 14 май куни ўтказилиши эълон қилинганини айтади.

“Аввал 14 май куни бўлиши айтилган эди. 27 майга кўчиришди. Ҳозир яна номаълум муддатга кечиктирилди”, дейди манба.

Манбанинг яна айтишича, Назарбеков Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида 28 май куни ўтказилиши керак бўлган концерти ҳам қолдирилган.

Озодбек Назарбековнинг Навоий ва Зарафшон қолиб, Нукусга “Умид ниҳоллари” тадбирига кетиб қолганини эътироф этган Озодлик манбаси қўшиқчининг Навоийдаги концертига етарли билет сотилмаганига эътибор қаратди.

“Навоийдаги концерт амфитеатрда бўлиши керак эди. Унга икки минг икиши сиғади. Лекин бизда одамлар одатда билетларни олдиндан сотиб олмайди. Концерт куни келиб олишади. Шунинг учун 15 минг сўмдан нархланган билетларнинг 300дан ошиғи олдиндан сотилди холос. Назарбековнинг Нукусга кетгани рост, лекин у “Умид ниҳоллари” бўлишини аввалдан билган эди, шунга қарамасдан, мамлакат бўйлаб концерт гастролини уюштирди, яъни танловга боришни режалаштирмаган. Менимча, билет сотилмагани учун концертни қолдиришди. Навоий ва Зарафшондаги концертлар қачон ўтказилиши ҳозирча ноаниқ”, дея иддао қилади манба.

Айни пайтда Озодлик Назарбековнинг Самарқанд шаҳрида 26 май куни ўтказилиши эълон қилинган концерти ҳам қолдирилганини аниқлади. Самарқанддаги концерт 29 май, яъни ушбу мақола тайёрланган куни ўтказилишини билдирди “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Самарқанд вилояти бўлими вакили.

“Ўзбекнаво” вакили Самарқанддаги концерт “Мўъжиза” номли амфитеатрда ўтказилиши, унга жуда кўп билет сотилгани боис ҳаммага ҳам жой етмай қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Озодбек Назарбековнинг концертларидан томошабинлари норози бўлган ҳолатлар биринчи марта кузатилаётгани йўқ. 2014 йилнинг июлида ҳам қўшиқчи Термиз шаҳридаги “Алпомиш” стадионидаги концертига ҳеч бир огоҳлантирувсиз келмай қўя қолган эди.

Декбарь ойида эса, Жиззах аккумулятор заводида бепул байрам концертида иштирок этган Назарбековнинг дисклари кейинчалик айни завод ишчиларига мажбуран сотилган эди.

Шу ой бошроғида эса, Тошкентнинг “Истиқлол” концерт залида Назарбеков томошабинларни куттириб, 50 дақиқага кеч қолгани мухлислар норозилигага сабаб бўлган эди.

Ўзбекистонда концерт ташкилотчилари томошабинларни алдаши ҳолатлари ҳам учрамоқда. Масалан, шу йил бошроғида Тошкентда машҳур "Boney-M" ва “Ottawan” гуруҳлари ҳамда Россиянинг таниқли группа ва қўшиқчилари келиши ва ҳар бир билети 500 минг сўмдан пулланган “Дискотека-80” концерт дастурида Муниса Ризаева иштирок этган эди холос.

XS
SM
MD
LG