Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:30

Собиқ мулозимлар қўриқхонаси


Ўзбекистон - Темур Мирзаҳмедовнинг "Ҳайкаллар" лойиҳаси.
Ўзбекистон - Темур Мирзаҳмедовнинг "Ҳайкаллар" лойиҳаси.

Ўзбекистонда 15 йил Бош прокурор бўлган Рашид Қодиров мамлакатда бор-йўқлиги ҳам билинмайдиган Конституциявий суднингкўринмас ҳакамларидан бирига айлантирилди. Бундан олдин Бош прокурор ва Олий суд раиси лавозимларидан бўшатилган Бўритош Мустафоев ҳам Конституциявий суд деб аталмиш айни “оромгоҳга” йўлланган эди.

Ўзбекистонда Бош прокурорнинг ишдан олинишига оид мақоланинг чорчўпига сиғмай қолган гапларни кундалигимга ëзиб қўйишга ихтиëр қилдим.

Алишер Навоий спектаклида Олим Хўжаевнинг "Мавлоно Хондамир ¸ бу воқеаларни олтин қаламингиз ила тарих зарварақларига рақам қилингиз"¸ деб хитоб қилгани ëдимда муҳрланган.

Гарчи қалам билан эмас¸ балки компьютер тугмаларига зарб уриш билан ëзсак-да¸ мазмун ўзгармайди.

Хуллас¸ Бош прокурор ишдан олингани ҳақидаги мақолада ишдан кетган мулозимларнинг "иззат-нафси" ҳақида гапирилмади.

Жоҳилият давридаги араблар тирик туя ўркачини ëриб ëғини олиб ейишган. Бу ҳолатда туя оғриққа чидамай бўкирган. Тўрт бадавий араб бу туяни зўрға ушлаб туришган.

Шу ўринда савол.

Хўш¸ нега 20 йил давомида ўз жабҳасидаги биринчиликдан мосуво бўлиб иккинчи даражали лавозимларга туширилган мулозимлар “жимгина писта-бодом” бўлиб юришаверади?

Масалан¸ олдинги Бош прокурор Усмон Худойқулов Тошкент шимолий вокзалига нозир қилиб қўйилди.

Бош вазир бўлиб ишлаган Мутал Ҳошимов Янгийўлдаги қандолат коллежига ўқитувчиликка жўнатилди.

Бош вазир ўринбосари Абдулла Орипов алоқа коллежига муааллим бўлиб кетди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат тизимлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича президент Давлат маслаҳатчиси деган мақомгача кўтарилган прокурор Равшан Муҳитдинов 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниб¸ жазони ҳозирда Жаслиқ қамоғида ўтамоқда.

Тошкентнинг собиқ "қаҳрамон" ҳокими Козим Тўлаганов¸ собиқ Мудофаа вазири Қодир Ғуломовлар уй қамоғида.

Яна бир собиқ мудофа вазири Қудрат Аҳмедов ҳам исталмаганлар рўйхатида.

Лавозимдан тепилиб¸ мол-мулки мусодара бўлиб¸ беш-олти йил қамоқ жазоси олган вилоят ва район даражасидаги мулозимлар сонини Бекобод қамоғи нозирлари яхши билади.

Шу ўринда савол - Нега улар миқ этиб товуш чиқаришмайди?

Ахир улар тирик одамларку! Нега улар жим?

Масалан, туркман мухолифати ичида собиқ вазирлар¸ ҳокиму элчилар бор.

Ташқарига чиққан Ўзбекистоннинг собиқ Адлия вазири ва Фарғона прокурорини ҳисобга олмаганда¸ Каримовга қаршилик қилаëтганлар қатламида собиқ мулозимлар деярли йўқ.

Бу савол жавоби оддий¸ деди собиқ мулозимлардан бири мухбирингиз билан микрофонсиз суҳбатда.

Ишдан олинган мулозим оила мафияси деб аталган улкан ўргимчак тўрининг бир катаги¸ холос. Қолган минг одам бор. Ука вазир¸ ака нозир¸ куëв СНБда¸ жиян прокурор¸ қуда Вазирлар маҳкамасида. Почча эса Ливерпулда пахта сотади...

Хуллас¸ ишдан олинган ҳоким ҳақоратларни жимгина ютиб қамоқхонанинг "люкс" ҳужрасида "маслократ"мақомида аччиқ "чефир"ни босиб-босиб ичиб амнистияни кутиб ўтираверади. "Положенец"ларга доля бериб турилса бас.

Қолаверса¸ "папа" "ҳаммани қамамаймиз" деб¸ ваъдани каттасини берган..

У ëғи сокин ҳаëт. Тошкентнинг Медгородок маҳалласида собиқ вазиру ҳокимларнинг виллалари бор. Бу ўзига хос лепрозория муқимлари мусодара қилинмаган каттагина мол-мулкини майда тишлаааб ўтиришибди.

Улар кечаги кун хотиралари билан яшашади. Кечагина қамчисидан қон томган (собиқ) ҳоким бугун пижама кийиб уйи олдидаги уруғи Канададан келтирилган ажриқ (тўнғиз ўти)ни ўриб¸ жимгина ФМ радиосидан тарқалаëтган қўшиққа қўшилиб хиргойи қилмоқда.

Сал нарида собиқ вице-премьер ит етаклаб юрибди¸ ундан нарида собиқ Қишлоқ хўжалик вазири қўлида гулқайчи билан дарахтларни бутамоқда...

Улар бир-бирлари билан салом-аликдан нарига ўтишмайди. Ортиқча гап қилишса¸ юқорига етишини ва бу ҳаловатдан мосуво бўлишларини яхши билишади улар.

Аммо "собиқ"лар орасида "тили бир қаричлар"и ҳам бор.

Масалан¸ собиқ матбуот котибларидан бири бўлган ëзувчи ака ¸ Фейсбукда ўтириб ўзининг эски қадрдони бўлган мухолифатчи билан очиқ гаплашаверади.

Олдин ҳам у кишининг оғзида ўлчов йўқ эди¸ деб ўзини овутишади "тилсиз" "собиқлар".

Юпитер ўзига эп кўрган нарсадан ҳўкиз мосуво....

Аммо лепрозориядаги ҳамма "собиқлар"ни бирлаштирадиган муштарак жиҳат бор - улар "юқоридан" телефон қўнғироғини кутишади.

Президент девонидан Крайнов ëки Зелимхон қўнғироқ қилиб¸ "Ака¸ бир кеп кетинг¸ папа сиз билан гаплашмоқчи" деган гапга маҳтал улар.

Ҳатто бир "собиқ"нинг пастки қаватда жиринглаëтган телефонга югураман деб¸ зинапоядан йиқилиб оëғини синдиргани ҳақида ҳикоя бор.

Улар яна қайтиб Бош прокурор¸ Ички ишлар вазири¸ ҳоким¸ қамоқхона бошлиғи ëки судья курсисига ўтириб сиëсат қилишни¸ одамларнинг фикру ўйи¸ иродаси устидан ҳокимлик қилишни исташади.

Аммо уларнинг аҳволи кимсасиз оролдаги Робинзонникидан ҳам чатоқ. Робинзон ўз оролида ўзини губернатор деб эълон қилиб¸ байроқ тиккан ва ҳукмини Жумавойга ўтказган эди.

Бу"собиқлар" яшаëтган кимсасиз орол "папа"нинг қаттиқ назоратида. Ғинг деб кўришсинчи... Ғинг демайди улар.

Туя олис саҳродаги сувсизлик ва емсизлик машаққатига ҳозирланиб ўркачига ëғ тўплайди. Бу ўркачни ëриб ëғ олишар экан¸ туя даҳшат билан ўкиради.

Ўзбек мулозимларининг эса ўркачи кўп. Биттасини ëриб ëғини олсангиз¸ яна қирқтаси бор.

Бу мулозимлар ҳеч қачон режимга қарши исëн қилмайди¸ ҳар ҳолда "папа" нинг кўзи очиқлигида.....

XS
SM
MD
LG