Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:50

Навоийлик врачлар коллеж ўқувчилари орасида "ҳомила рейди" ўтказди


Навоий вилояти, Нурота тумани тиббиёт бирлашмасининг бир гуруҳ шифокорлари тумандаги коллежларда ўқувчиларнинг репродуктив саломатлигини текшириш бўйича рейд ўтказмоқда. Рейд давомида тумандаги иккита коллежнинг икки ўқувчиси ҳомиладор эканлиги аниқланган.

Исми сир қолишини сўраган шифокорлардан бирининг Озодликка айтишича, рейддан асосий мақсад қизларнинг ҳомиласи бор-йўқлигини текширишдир:

“Бундай топшириқ ҳар йили Соғлиқни сақлаш вазирлигидан келади. Биз коллежларга бориб қизларнинг саломатлигини, жумладан, уларнинг ҳомиласи бор-йўқлигини текширамиз. Бу галги текширувда ҳам қизларни УЗИ қилганда иккита коллеждан икки ўқувчи қизнинг ҳомиладор эканлиги аниқланди”, деди шифокор.

Шифокорнинг айтишича, бу қизлар Нурота туманидаги қишлоқ хўжалиги ва Саноат коллежларида таҳсил олади.

Навоий вилояти тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган Озодлик манбасининг айтишича, бу икки қизнинг ҳомиладор эканлиги аниқлангач, улар ҳақидаги маълумот милиция ва прокуратурага топширилади:

“Бизнинг вазифамиз фақат аниқлаб бериш. Барча маълумотларни тегишли органларга топширамиз. Улар бу ҳолатларга қандай чора кўриши ўзларига ҳавола”, деди манба.

Навоий вилоятидаги коллеж директорларидан бирининг айтишича, бундай ҳолатларда "айбдорларга нисбатан жиддий чора кўрилмайди":

- Кармана туманидаги коллежлардан бирида ўтган йили шундай воқеа бўлди. Бир ўқувчи қиз туғиб қўйди. Кейин у билан алоқада бўлган йигитни топиб, ўшанга тўй қилиб бериб юборишди. Бу ерда ҳам асосан биринчи иш боланинг отасини топиш бўлади, деди коллеж директори.

Ўзбекистон қонунларига кўра, қизлар 16 ёшгача вояга етмаган ҳисобланади. Бу ёшгача бўлган қизлар билан жинсий алоқа қилиш жиноят ҳисобланади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонованинг айтишича, фақат бир ҳолатда, яъни қиз ўз ёшини катта қилиб кўрсатиб, у билан алоқа қилган одамни алдаган тақдирдагина иккинчи томон жазодан қутилиб қолиши мумкин.

Ўзбекистондаги коллежларда ўқувчи қизларнинг ҳомиладор бўлиб қолиш ҳолатлари учраб туради.

Сўнгги йилларда мактаб ўқувчиларининг ҳам ҳомиладор бўлиб қолишига оид бир неча ҳолат рўй берган.

Жорий йилнинг февралида Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи 1-синфда ўқийдиган қизни зўрлаган 9 синф ўқувчиси тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Шу йилнинг январь ойида эса Хоразм вилояти Гурлан туманининг Гулистон қишлоғида истиқомат қиладиган 12 яшар қизалоқ ўз акасидан фарзанд кўрди.

Ўтган йилнинг январь ойида эса 13 яшар синглисининг номусига тегиб, уни ҳомиладор қилган Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 25 яшар йигит 13,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

XS
SM
MD
LG