Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:45

Жиззахда ўқувчи қиз ис газидан заҳарланиб ўлди


Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги тиббиёт коллежининг биринчи курс ўқувчиси 17 ёшли Марҳабо Баҳринова ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлди. Расмийларнинг айтишича, ўқувчи ижарада яшайдиган уйининг ҳаммомида ис газидан заҳарланган.

Ғаллаорол туманидаги тиббиёт коллежининг биринчи курс ўқувчиси 17 ёшли Марҳабо Баҳринова 5 март куни ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Исми сир қолиш шарти билан бу ҳақда Озодликка хабар берган коллеж ўқувчиларидан бирининг айтишича, қиз ижарада яшайдиган уйининг ҳаммомида заҳарланган:

“Марҳабо биздан бир курс паст ўқирди. Ўзи Бахмал туманининг Гулбулоқ қишлоғидан эди. Улар ўн олти киши бўлиб ғаллаороллик бир одамнинг Навоий кўчасидаги уйида ижарада яшарди. Пайшанба куни у дарсдан чиқиб келиб, ўша уйдаги ҳаммомга тушган. Бир соат дараги бўлмагач курсдошлари кириб кўрса, ерда йиқилиб ётган экан. У ҳатто ҳали чўмилишга улгурмаган ҳам экан. Кейин духтур чақиришибди. Духтурлар текшириб кўриб, ўлиб бўлган дейишибди", деди ўқувчи.

Ғаллаорол тиббиёт коллежининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиси шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Бу воқеани суриштираётган терговчи судмедэкспертнинг хулосаларини айтибди. Ўқувчимиз ис газидан заҳарланган экан. Айтишларича, ҳаммомнинг қаеридандир ис гази сизиб чиқиб турган. Квартиранинг эгаси, қари кампир ҳам бунга эътибор бермаган, шекилли”, деди ўқитувчи.

Ўн етти ёшли Марҳабо Баҳринова коллежнинг фармацевтика бўлимида ўқиган. Курсдошларининг айтишларича, у қувноқ ва аълочи ўқувчилардан бири бўлган.

Коллеж ўқитувчисининг айтишича, Ғаллаорол тумани прокуратураси Марҳабо Баҳринова ўлими юзасидан жиноят иши очган. Айни пайтда ўқувчи қиз ўлими ҳолатини ўрганиш бўйича ички ишлар ва прокуратура ходимларидан иборат махсус комиссия тузилгани айтилди.

Ўзбекистонда куз ва қиш фаслида ис газидан заҳарланиб ўлиш ҳолатлари кўп учрайди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида ҳам Тошкент вилояти Бекобод туманининг Зафар қўрғонидаги сауналардан бирида коллеж ва мактаб ўқувчиси ис газидан димиқиб ўлган эди.

Жорий йилнинг февраль ойида эса булунғурлик Шарофат Бегимқулова ва унинг 19 ёшли қизи ҳам ис газидан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмган эди.

5 февраль куни эса Самарқанд вилояти Иштихон туманининг Файзобод қишлоғида истиқомат қилган ёш келин-куёв никоҳ тўйидан икки кун ўтганидан сўнг ис газидан заҳарланиб вафот этди. Маҳалла фаолининг айтишича, ёшлар уй ичига ўрнатилган Хитойда ишлаб чиқарилган газ печкасидан чиққан исдан заҳарланган.

XS
SM
MD
LG