Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:49

Anonymous ҳакерлари "Исломий давлат"га қарши кураш бошлади


Интернетда жиҳодчи гуруҳларга қарши курашни бошлаган таниқли Anonymous ҳакерлик гуруҳи "Исломий давлат"га алоқдор экани айтилаётган юзга яқин Твиттер саҳифаларини ишдан чиқарди.

Гуруҳнинг ўз ҳужуми ҳақида тайёрлаган видеосида айтилишча, "мусулмонликни иддао қилган, бироқ Исломдан йироқ бўлган" террорчилар ушбу Твиттер саҳифалари ёрдамида ўз ғояларини тарғиб қилиб келган.

"Исломий давлат"га қарши кампанияда "мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар", шунингдек, турли миллат, ирқ ва этник гуруҳлар вакиллари бўлган ҳакерлар иштирок этмоқда, дейилади Anonymous тарқатган видеода.

"Биз сизларни ов қиламиз. Вебсайт, саҳифа ва электрон манзилларингизни ишдан чиқариб, сизларни фош қиламиз. Бугундан бошлаб сиз учун интернетда хавфсиз жой йўқ. Сиз вируссиз, биз эса шифомиз. Интернет бизга тегишли... Биз Anomymous. Биз Легионмиз. Биз кечирмаймиз ва унутмаймиз. Бизни кутинг!", дея якунланади ҳакерларнинг террорчиларга йўллаган видео-муждаси.

Бир неча кун аввал Pastebin хизматига юкланган хабарда ҳакерлар ишдан чиқарилган микроблоглар рўйхати билан бирга террорчилар билан ҳамкорликда гумонланаётган бир қатор Фейсбук саҳифаларининг манзилларини ҳам келтирган.

Бир неча ой олдин таниқли ҳакерлик гуруҳи Anonymous террорга қарши онлайн кураш бошлаётганини эълон қилган эди. Францияда Charlie Hebdo журналига қилинган террор ҳужумидан оз вақт ўтиб ҳакерлар француз тилида юритиладиган ва жиҳодчилик тарғиботи билан шуғулланувчи ansar-alhaqq.net веб-саҳифасини ишдан чиқарган эдилар.

Бу ҳужум Anonymous ҳаракатининг террорчиларга қарши онлайн урушида отилган илк ўқ сифатида баҳоланади.

Қайд этиш жоиз, интернетдаги ижтимоий тармоқларда "Исломий давлат" гуруҳига мойиллик кўрсатиб, унинг ғояларини тарғиб қилиб келаётган ўзбекистонликларнинг сони оз эмас. Уларнинг аксари ўзбеклар орасида энг машҳур бўлган Одноклассники.ру хизматидан фойдаланади.

2003 йилда ташкил топган Anonymous ўзини "буйруқлар эмас, балки ғоялар асосида иш олиб борувчи", муқим марказга эга бўлмаган халқаро ҳакерлар ва ҳактивистлар (онлайн фаоллар) тармоғи сифатида кўрсатиб келади.

Сўнгги йилларда гуруҳ қатор ҳакерлик амалиётлари, жумладан, АҚШ урушларига оид махфий маълумотларни сиздирган Жулиан Ассанжга нисбатан тазйиқлар ва Фергюссондаги қуролсиз қора танлининг полиция тарафидан отиб ўлдирилишига қарши онлайн ҳужумлар уюштирган.

XS
SM
MD
LG