Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:47

Манба: Гулнора Каримова "Бохо Шакар"дан миллионлаб доллар "улуш" олиб турган


Гулнора Каримова ва Баҳодир Каримжонов акс этган бу расм 2007 май ойида олинган.
Гулнора Каримова ва Баҳодир Каримжонов акс этган бу расм 2007 май ойида олинган.

Гулнора Каримовага доир жиноят иши хусусида қўшимча тафсилотлар Озодликка ишончли манба томонидан тақдим қилинди. Манбанинг иддао қилишича, Гулнора Каримова ўзи қурган коррупцион схема воситасида “Бохо Шакар” лақаби билан танилган Баҳодир Каримжонов юрғизган фирмалардан миллионлаб АҚШ доллари миқдорида “улуш” олиб турган. Ўзбекистон ва Европанинг бир неча давлатида тергов қилинаётган ишлар бўйича президент қизи жиноят йўли билан топилган пулларни ювганликда айбланмоқда. Озодлик билан боғланган манбанинг иддао қилишича, у “Бохо Шакар” фирмаларидан бирида ишлаган. Қатор йирик тадбиркорлик субъектларини назорат қилган Баҳодир Каримжонов ўтган йили Ўзбекистон Бош прокуратураси тарафидан қидирувга берилган эди.

39 ёшли Баҳодир Каримжонов ўтган йили мамлакатни тарк этишидан аввал Гулнора Каримовага алоқадор бўлгани иддао қилинган қатор ширкатларни юритган.

Ўзбекистонда шакар савдоси монополисти бўлгани учун “Бохо Шакар” лақаби билан танилган Каримжонов жумладан, мева-сабзавотларни қайта ишлашга доир “Музимпекс” Ўзбекистон-Британия қўшма корхонаси, Coca-Cola заводи, хусусий клиникалар, хусусий таълим муассасалари, Тошкентдаги бир неча супермаркет, қурилиш ширкатлари каби йирик тадбиркорлик субъектларини назорат қилган.

Баҳодир Каримжонов (чапда) мамлакатни тарк этишидан аввал Гулнора Каримовага алоқадор ширкатларни юритган.
Баҳодир Каримжонов (чапда) мамлакатни тарк этишидан аввал Гулнора Каримовага алоқадор ширкатларни юритган.

Озодлик билан Тошкентдан туриб, боғланган манбанинг иддао қилишича, у ана шу ширкатлардан бирида ишлаган. Маълум сабабларга кўра, шахси сир қолишини истаган бу суҳбатдошимизга кўра, ҳозирда Баҳодир Каримжонов бизнесига алоқадор одамлардан камида 4 нафари Ўзбекистонда қамоққа олинган. “Кўпчилик мамлакатдан қочишга мажбур бўлди”, дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, Баҳодир Каримжонов билан бирга Ўзбекистонни камида 8 киши тарк этган. “Хўжайин (Баҳодир Каримжонов-таҳр.) уларни молиявий таъминлаб турибди”, дейди манба.

Суҳбатдошимиз “Бохо Шакар” ва ҳамкорлари бошига тушган кўргиликларни Гулнора Каримова билан бизнес алоқада бўлиш оқибати, дея ҳисоблашини айтади. Унинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Каримжонов назорат қилган тузилмалардан биргина “Музимпекс” ширкати Гулнора Каримовага йилига камида 5-6 миллион АҚШ доллари миқдорида “улуш” тўлаб турган.

“Эвазига қўлимиз ҳамма жойга етар эди. Опага (Гулнора Каримовга-таҳр.) 1,5-2 миллион доллар қилиб олиб бориб берар эдик. Йилига камида 5-6 миллион доллар бўларди. Grand Mir Hotel меҳмонхонаси рўпарасида унинг офиси бўлар эди. Ўша ерга олиб бориб, Нурмуҳаммад (Нурмуҳаммад Содиқов Г.К.нинг собиқ ҳисобчиси-таҳр.) орқали пулларни опага бериб турар эдик. Кейин опа Нурмуҳаммад билан келиша олмай қолди. Ҳужум кейин бизга бошланди”, дейди суҳбатдошимиз.

40 ёшли Нурмуҳаммад Содиқов Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, Гулнора Каримова дохил уюшган жиноий гуруҳ ташкилотчиларидан биридир. Содиқовнинг исми у ўтган йили Гулнора Каримовага алоқадор одамлар тарафидан ўғирлаб кетилганига доир хабарлар ортидан матбуотда пайдо бўлди.

"Бохо Шакар" 2013 йил февралида қидирувга берилган.
"Бохо Шакар" 2013 йил февралида қидирувга берилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг билдиришича, Гулнора Каримованинг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров ва хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян, хусусан, одам ўғирлашда айбдор, деб топилиб қамоққа ҳукм қилинган. Прокуратура бу жиноят жабрланувчиси шахсини ошкор қилмади, лекин ўтган йили Содиқовнинг ўғирланиши юзасидан жиноят иши қўзғатганини эълон қилган эди.

Озодликнинг Тошкентдаги манбасига кўра, мамлакатдаги энг йирик бизнес субъектларидан бири ҳисобланган Coca-Cola заводи ҳам “Бохо Шакар” томонидан юрғизилган.

“Хўжайинга (Баҳодир Каримжоновга-таҳр.) опа таклиф қилганда, бошида хўжайин қўрққан. Лекин барибир кейин хўжайинга мажбурлаб берган”, дейди манба.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, Гаянэ Авакян Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD корхонасининг 51 фоиз улушига эгалик қилган. “Гаянэ ҳужжатдаги инсон холос”, дея таъкидлади манба. Унинг айтишича, Каримжонов Coca-Cola фаолиятини Гулнора Каримованинг шахсий кўрсатмаси билан назорат қилиб келган.

Озодлик ўтказган суриштирувга кўра, Тошкентдаги Coca-Cola корхонасининг бир кунлик яширин даромади камида 1,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

Ноқонуний топилган пуллар Гулноранинг жазмани экани айтиладиган Рустам Мадумаров назорат қилган оффшор фирмалар орқали мамлакатдан олиб чиқиб кетилгани гумон қилинмоқда.
Ноқонуний топилган пуллар Гулноранинг жазмани экани айтиладиган Рустам Мадумаров назорат қилган оффшор фирмалар орқали мамлакатдан олиб чиқиб кетилгани гумон қилинмоқда.

Манба билан суҳбатдан яна маълум бўлишича, ҳеч қаерда қайддан ўтмаган миллионлаб долларга тенг пуллар Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритган оффшор фирмалари орқали хорижга олиб чиқиб кетилган. Бундай фирмалардан бири Stockbridge Plus Ltd. бўлган. Лондонда рўйхатга олинган, Ҳонг Конг, Белиз, Руминия ва бошқа мамлакатларда вакиллари бўлган бу оффшор фирманинг директори эса Гулнора Каримованинг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаровдир.

Ўзбекистон Бош прокуратураси “уюшган жиноий гуруҳ ташкилотчиси” сифатида қамоққа олган Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян Швейцария, Швеция, Франция, Ҳолландия ва Латвияда очилган жиноят ишларида Гулнора Каримова билан бирга гумонланувчи сифатида ўтишмоқда.

Суд ажримига кўра, Каримжонов молиявий жиноятлар ва коррупцияда айбланмоқда.
Суд ажримига кўра, Каримжонов молиявий жиноятлар ва коррупцияда айбланмоқда.

Ўзбекистон тергов идоралари Баҳодир Каримжоновга нисбатан жиноят ишини ўтган йилнинг бошларида очган эди. Ўша пайтда Озодликнинг Бирлашган Араб Амирликларидаги манабаси “Бохо Шакар” Дубайда эканини билдирган эди. Озодлик манбалари 2012 йил охирида Гулнора Каримова билан Баҳодир Каримжонов муносабатлари кутилмаганда бузилганини айтган эди. Баъзи тахминларга кўра, миллионлаб долларга тенг “улуш” эвазига ҳимоя таклиф қилган Гулнора Каримова, “Бохо Шакар”га ана шундай протекция керак бўлиб қолган пайтда келишув шартларидан бўйин товлаган.

Баҳодир Каримжоновни ҳибсга олиш тўғрисида суд ажрими 2013 йилнинг 21 феврал куни чиқарилган эди.

Тергов идоралари Каримжоновни миллионлаб доллар миқдоридаги солиқ ва тўловлардан бўйин товлаганликда айбламоқда.
Тергов идоралари Каримжоновни миллионлаб доллар миқдоридаги солиқ ва тўловлардан бўйин товлаганликда айбламоқда.

Суд ажримига биноан, Каримжонов миллиардлаб сўм миқдоридаги бож тўловлари ва солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлиги учун жиноят кодексининг бир нечта моддаси билан айбланиб, қидирувга берилган.

Хусусан, Озодлик ихтиёридаги ажрим нусхасига кўра, Баҳодир Каримжоновга қўйилган айбловларнинг битта эпизодига кўра, у 2011 йилнинг декабр ойидан 2012 йил сентябр ойигача 94 миллиард 600 миллион сўм (қарийб 47 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги бож тўловларидан бўйин товлаган.

“Бохо Шакар”га нисбатан солиқ ва бож тўловларини тўлашдан бўйин товлаш, савдо қоидаларини бузиш (ЎР ЖК 182-, 184- ва 189-моддалари)дан ташқари, Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда), мансаб сохтакорлиги (209-модда), жиноий гуруҳ ташкил қилиш (242-модда), жиноий фаолиятдан олинган даромадни легаллаштириш (243-модда) бўйича айбловлар илгари сурилган.

Бу айбловлар бўйича Каримжонов Ўзбекистонда 20 йилдан 25 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.

Озодлик билан боғланган манбанинг айтишича, Баҳодир Каримжонов ўзи истамаган ҳолда Гулнора Каримованинг коррупцион схемасига аралашиб қолган. Суҳбатдошимиз “Бохо Шакар”ни иқтидорли ва саховатпеша тадбиркор сифатида таърифлади. “Хўжайин Тошкентдаги бир неча болалар уйи, касалхоналарни таъмирлаб берди. Гулноранинг “Меҳр нури” жамғармасига ҳам ёрдам берган”, дейди Озодлик манбаси.

Баҳодир Каримжонов қидирувга берилиши ортидан, 2013 йилнинг март ойи охирларида ҳуқуқ-тартибот идоралари унга қарашли барча мулк ва тадбиркорлик субъектларини ҳибсга ола бошлади.

Ҳатто “Бохо Шакар”нинг Тошкентдаги ҳашаматли уйидан тадбиркорнинг ота-онаси ҳам кўчириб юборилган.

Озодлик манбаларига кўра, бир неча ой аввал Баҳодир Каримжоновнинг қайнонаси оламдан ўтган.

Сентябрь ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси эълон қилган пресс релизда илк бор мамлакат президентинигн тўнғич қизи “уюшган жиноий гуруҳ” вакили сифатида тилга олинди. Бош прокуратурага кўра, “Каримова Г.И маъмурий воситалардан фойдаланган ҳолда” уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига ҳомийлик қилганликда гумонланмоқда.

XS
SM
MD
LG