Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:42

МХХ анатомияси. Иноятов ва бошқалар


Рустам Иноятов МХХни қарийб 20 йилдан бери бошқаради.
Рустам Иноятов МХХни қарийб 20 йилдан бери бошқаради.

Эътиборингизга ҳавола қилинаётган мақолани Озодлик 2014 йилнинг 13 июнида "Ўзбекистон МХХнинг мутлақ раиси 70 ёшга кирди" сарлавҳаси остида эълон қилган эди.

"МХХнинг мутлақ раиси" шу мақола эълон қилинган кундан 3,5 йил ўтиб, 2018 йил, 30 январь куни лавозимидан истеъфога чиқарилди.

Нафақат Иноятов, балки МХХнинг тарихига ҳам қисқа назар ташланган мақолани бугун ўзгартишларсиз қайта эълон қиляпмиз.

***

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматини қарийб 20 йилдан бери бошқариб келаётган Рустам Иноятов 70 ёшни қаршилади. Тошкентдаги манбалар хабарига кўра, хавфсизлик хизмати раиси -- оғир хаста экани ҳақида йиллардан буён тинмаётган миш-мишларга қарамай -- камтарона даврада ўтказган юбилейида тетик, бардам кўринган ва ҳатто, "хослар" даврасида ўз соғлиги учун қадаҳ кўтарган.


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг сўнгги бир неча йил давомида соғлиги ёмонлашгани ҳақида миш-мишлар тинмай келаётган раиси Рустам Иноятов 70 ёшни қаршилади.

Тошкентлик мустақил журналист Сергей Ежковнинг ёзишича, 22 июнь куни оз сонли яқинлари даврасида юбилейини нишонлаган МХХ раиси, "тетик, бардам кўринган ва ҳатто, ўз соғлиги учун қадаҳ кўтарган".

1995 йилнинг 26 июнидан бери Ўзбекистон МХХ раиси лавозимини эгаллаб келаётган Рустам Иноятов собиқ СССРдан қолган қудратли тизимни тўлиғича ўз назоратига олди ва Ўзбекистоннинг чорак аср давомидаги мутлақ раҳбари – Ислом Каримовгагина бўйсунадиган тузилмага айлантирди.

Натижада, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати бугунга келиб давлат ва миллат манфаатлари ҳимояси учун разведка ва контразведка фаолияти билан шуғулланадиган тузилма эмас, балки мамлакатнинг 30 миллионлик аҳолисини қўрқувда ушлайдиган жазо машинасига айланди, дейди кузатувчилар.

МХХнинг туғилиши

1991 йилнинг 26 сентябри, Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилганидан 27 кун ўтиб, Ислом Каримов “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил қилиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Атрофда ҳали мустақиллик эйфорияси босилмаган бўлса-да¸ бу фармон Ўзбекистон Олий Кенгашининг 11- чақириқ навбатдан ташқари 7-сессиясида жилла қурса битта депутатни ҳушëр торттирди ва Тошкент шаҳар Куйбишев туман Халқ депутатлари кенгаши раиси Шуҳрат Нусратов бу фармонни бекор қилишни сўраб, ўшанда Ўзбекистондаги олий ҳокимият идораси бўлган парламентдаги халқ вакилларига мурожаат қилди:

"Ҳурматли депутатлар! Ўзбекистон Олий Советининг навбатдан ташқари 7- сессияси кун тартибига қўшимча масалалар муҳокамасини киритишни таклиф этаман.

Биринчиси - Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 сентябр кунги “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил қилиш тўғрисида” ги фармони¸ хусусан бу хизматни Олий кенгашни четлаб ўтиб¸ шахсан президентга бўйсундириш ҳақидаги қисмини халққа қарши¸ демократияга қарши¸ конституцияга қарши¸ диктатурага элтувчи фармон сифатида бекор қилиш. Бу фармонннинг иккинчи моддасини ўқиб бераман: “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил этилсин ва унинг фаолияти президентга бўйсундирилсин”. Бунақа қоида дунëнинг бирор демократик давлатида йўқ¸ ҳатто дунëнинг бирор тоталитар ва бирор диктатор мамлакатида ҳам хавфсизлик хизмати расман¸ қоғозда битта одамга бўйсундирилган эмас!

Ўртоқлар¸ бу фармон билан мамлакатнинг разведка, контрразведка идоралари барча техник асослари ва барча эски ишлари билан бирга олий халқ вакиллик идораси назоратидан чиқарилиб, фақат бир одам қўлига топширилмоқда! Бу ақл бовар қилмас иш! Бунга йўл қўйиб бўлмайди¸ ўртоқлар! Бунга йўл қўйсак¸ бизни 37-йиллар тақдири кутмоқда¸ бунинг узоқ муддатли оқибатларини бугун ҳатто башорат қилиш ҳам мумкин эмас. Айниқса¸ президентимизнинг бошвоқсиз табиатини инобатга олсак¸ бунинг оқибатларини тасаввур қилиш ҳам қийин!”

Шуҳрат Нусратовнинг бу огоҳлантириши моҳиятини ўша куни залда ўтирган халқ намояндалари ë тушунмадилар – уларнинг кўпи ўша куни Каримовнинг Мирсаидовга қарши гизли ўйини билан банд эди¸ ëхуд раис ëнида ўтирган Каримов бу масала кун тартибига қўйилиши олдини олишда устамонлик қилди – ҳар қалай сессияда Каримовнинг МХХ ҳақидаги фармони бекор этилмади ва у Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятига пойдевор қўйди.

Каримовнинг МХХ даги ислоҳотлари ва Рустам Иноятов

Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилгунга қадар¸ бирорта ўзбек Москванинг Тошкентдаги асосий таянчи ҳисобланган бу идора раҳбарлигига келтирилмаган. Ўзбекистон КГБсини Брежнев замонида Мелкумов Леон Николаевич (1978-1983 йиллар)¸ сўнгра Головин Владимир Александрович (1983-1986 йиллар) ва Моргасов Анатолий Сергеевич (1986-1991 йиллар) бошқарган. Бу идора тепасига биринчи ўзбекни 1991 йилда Ўзбекистон Коммунистик партиясининг 1-котиби Ислом Каримов олиб келади. Бу вазифага Каримов Қашқадарëда обком бўлиб юрган пайтида унинг ишончига кирган Қашқадарë КГБси раҳбари Ғуломжон Алиев тайинланади.

1995 йилда Алиев пенсияга чиқарилади ва шу йилнинг 27 июнида МХХ раислигига Ислом Каримов асли Сурхондарëнинг Шеробод районидан бўлган шарқшунос¸ форс тили ва адабиëти бўйича етук мутахассис¸ 1976-81 йилларда дипломатик ниқоб остида СССРнинг Афғонистондаги резиденти бўлган Рустам Иноятовни тайинлайди.

“Аввалига Ислом Каримов СССРдан мерос қолган махсус хизматларни ислоҳ қилишга¸ сўнгра эса¸ кучайтиришга киришади. Советлардан қолган бу тизим асосан давлат ичкариси эмас¸ балки ташқарисида (разведка-контрразведка) ишлаш йўналишида бўлгани учун Каримов МХХни ислоҳ қилишга киришди.

Каримов бу идора фаолият йўналишини тескарисига ўзгартириб¸ уни мамлакат ичкариси билан кўпроқ шуғулланишга буради¸ зотан ўшанда ҳам¸ ҳозирги каби Каримов ҳокимияти учун асосий таҳдид мамлакат ичида эди. Ўшандан бери Ўзбекистон чекистлари¸ ташқи разведка ҳам зўр ишлаëтганини такрорлашдан тўхтамасаларда¸ асосан мамлакат ичкарида “душман овлаш” билан банд. МХХ ишидаги бундай бурилиш айрим кутилмаган оқибатларни келтириб чиқарди.

Хусусан¸ Ўзбекистон МХХ сини мухолифатчилар ва Каримов ҳокимиятидан норози диндорлар телефон суҳбатларни эшитиб¸ уларни кузатишдан кўра юксакроқ иш билан шуғулланишга ўрганган малакали кадрлар тарк эта бошлади. Шу боис Ўзбекистон МХХ си учун 90-йиллар ўрталаридан бошлаб оғир давр бошланади – энг зўр мутахассислар¸ хусусан миллати ўзбек бўлган чекистлар ҳам бу идорани тарк этиб¸ асосан Россияга кетишади.

Бундай қийин вазиятда Каримов “олтин каллалар” кетишини тўхтатиб¸ янгиларини олиб келишга қодир одамни МХХ тепасига келтириш заруратини туяди ва Тимур Алимов бошчилигидаги Тошкент клани Каримовга темир иродали чекист сифатида Рустам Иноятовни “тавсия қилади”.


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ичидаги яширин гуруҳ вакили экани тахмин қилинган “сиëсатшунос Усмон Ҳақназаров” Рустам Иноятовнинг 1995 йил ëзида “контора” тепасига келиш тарихини шундай тасвирлаган эди.

Ҳозирга келиб¸ Рустам Иноятов нафақат КГБ/МХХ¸ балки мустақил Ўзбекистон ҳокимият тизимлари тарихида ўз курсисида энг узоқ ўтирган амалдор бўлиб қолмоқда.

Вазни 140 килога бориб қолганидан қийналиб ҳаракатланиши¸ қандли диабетдан азият чекиши ҳақидаги овозаларга қарамай Рустам Иноятов¸ Ўзбекистон ҳукумати ичидаги манбаларнинг Озодликка айтишича¸ бугун мамлакатда Ислом Каримовдан кейинги иккинчи қудратли шахс бўлиб қолмоқда. Мустақил Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятининг 19 йили бир шахс раислиги остида ўтгани боис¸ Рустам Иноятовни ўзбек хуфя хизматининг "отаси" ва бу идора фаолияти йўналишлари муаллифи, дейиш мумкин.

Орадан 23 йил ўтиб....

Собиқ депутат Шуҳрат Нусратовнинг қўрқинчли башорати¸ ҳатто собиқ кгбчиларнинг эътироф этишича¸ тўлиқ амалга кўчди. СССР КГБси – Давлат хавфсизлик қўмитаси сафида 26 йил ишлаб¸ 1988 йили истеъфога чиққан Мели Қобилов¸ Ўзбекистон МХХ си қонун ва назоратдан ташқаридаги тизимга айлангани¸ оқибатда 2014 йилга келиб халқ бошига яна 37-йиллар даҳшати тушганини айтади:

- MXXчиларнинг қилаëтган ишлари ҳозир бебошликдан бошқа нарса эмас. Ҳозир бебош бўлиб кетган, контрол йўқ. 1937 йилда ҳам партиянинг контролидан чиққандан кейин ўша репрессиялар бўлиб кетган эди. 1937 йилларда бебошликлар бўлиб кетган эди. Ҳозир ҳам худди шундай¸- дейди ëши 70 дан ошган собиқ кгбчи Мели Қобилов.

1998 йилги МХХ 2011 йилгисидан фарқли эди..

Бу гапни 90-йиллар охирида МХХ босимига учраб¸ ҳибсга ташланган¸ ҳозирда Норвегияда қочқинликда юрган тошкентлик журналист Евгений Дъяконов айтади.

- Бундан 12 йил аввал МХХда нисбатан маданий¸ интеллектуал жиҳатдан етук ва қанчалик бемаъни бўлиб эшитилмасин¸ суҳбатидан маза топиш мумкин йигитлар ишлар эди. Бу гапни мен шахсан ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаяпман. Мен Ички ишлар вазирлиги ертўласида ўтирганман ва МВД жаллодлари олдида мххчилар фариштадек кўринган эди. МХХдагилар гумон қилинаëтган шахсни урмас¸ қийноққа солмас¸ у билан фақат фактлар асосида гаплашар эди ўшанда. Ўша пайт МХХ ҳали ўз фаолият йўналишидан ҳам бутунлай тоймаган¸ асосан стратегик аҳамиятга эга рангли металлар контрабандаси¸ наркотиклар савдоси билан шуғулланган гуруҳ ва шахслар билан шуғулланар эди. МХХ қўлга олиб қамалган камерадошларим асосан шунақа жиноят билан олинганлар эди¸- дейди 90-йиллар охирида иқтисодий фаолияти туфайли МХХ “назарига тушган” Евгений Дъяконов.

1999 йил портлашлари ва МХХ

“16 феврал Тошкент портлашларидан сўнг Ислом Каримов Иноятовдан террорчи ва экстремистлар рўйхатини¸ уларни қамоққа олиш учун¸ Алматов етакчилигидаги ИИВга беришни талаб қилади. Ўзини Алматов хизматига бўйсундирилган деб ҳис қилган Иноятов Каримовдан МХХга экстремизм ва террорчиликда гумонланаëтганларни сўроқ ва тергов қилиш ваколатини ўз идорасига беришни сўрайди. Президент бу сўровга гумонланаëтганлардан кўрсатма олишда милиция тажрибасини қўллаш шарти билан рози бўлади. Иноятов эса¸ боши устида Самарқанд клани булутлари қуëқлашаëтгани боис¸ МХХ қўпол методлар билан иш кўрмаслиги лозимлигини билса-да¸ Каримов шартига кўнади”¸ деб ëзади ўзи мххчи экани тахмин қилинадиган Усмон Ҳақназаров 1999 йилдан бошлаб МХХ фаолият доираси ва ишлаш услубидаги кескин бурилишни шарҳлар экан....

Айнан Тошкент портлашларидан сўнг¸ МХХ фаолияти тўлиғича Ўзбекистон ичкарисидаги мухолифатчилар¸ айниқса¸ диний мухолифатни овлаш¸ Каримовнинг хориждаги демократик ва диний мухолифларига заррача алоқаси бор фуқароларни тутиш¸ қийноқ остида уйдирма айбларга иқрор қилдириш ва узоқ йиллик қамоқларга ташлашга айланади.

Бу ишни қилиш учун Каримов МХХ га чекланмаган ҳуқуқ берди¸ деган эди 2008 йил ëзида Озодлик радиоси мухбирлари билан суҳбатда бу идоранинг хориждан бошпана топган хизматчиси Икром Ëқубов.

- Оддийгина хавфсизлик хизматининг яширин бўлинмалари бор. Бу бўлимларни энг оддий ходимларига ҳам ўлдириш ҳуқуқи берилган. Давлат уларнинг фаолиятини ҳуқуқ билан кафолатлаб қўйган. Улар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди¸- деган эди Икром Ëқубов.

МХХ методлари МВДни ҳам йўлда қолдирди

Бу ҳақда Озодликка МХХ ўз иш услубини Каримов тавсиясига кўра ўзгартирганидан сўнг унинг нишонига айланган икки ўзбекистонлик кўрсатма беради.

Биринчиси¸ 2004 йилда Андижонда оғир жиноятларда айбланиб¸ узоқ йиллик қамоққа ҳукм этилган¸ 2005 йил 13 май воқеаларидан сўнг қамоқдан қутулиб¸ хориждан бошпана топган Одил Мақсадалиев.

Мақсадалиев¸ конституцион тузумни ағдаришга уриниш айби билан 2004 йил ëзида ҳибсга олингунга қадар Андижонда "Саноатлэнд" номли ширкат тузиб¸ темир маҳсулотларидан халқ истеъмол моллари¸ кейинчалик эса¸Daewoo заводи машиналарнинг эҳтиëт қисмларини ишлаб чиқаришни йўлга қўяëтган¸ юзлаб одамни яхши ҳақ тўланадиган иш билан таъминлаëтган эди.

МХХ иш услубини ўз танасида ҳис этган бу говоҳ Андижонда 2004 йил июнидан бошлаб Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан биттама-битта ҳибсга олинган андижонлик 23 тадбиркордан биттаси.

- Мени 2004 йил 8 июн куни ишга кетаëтган вақтимда йўлда шундай тўсиб, худди хавфли жиноятчидай қўлларимни қайириб, бошимни эгишиб, 8тача одам ўртага ўтказишиб, бошингни кўтарма¸ деб СНБга олиб боришди. Граждан кийимида, биттаси ола-була формасида. Ўзбекча гаплашди. Ҳаммаси ўзбек. Олиб боришиб, беш-олтитаси шундай ўраб олиб “Сен мана бунақа қилган экансан. Фалончага милтиқ, пистолет сотган экансан” деб савол-жавоблар, ҳамма тарафдан удар бошланиб кетди.

“Сенлар террористсан” деяпти. “Қанақа мен террористман” десам, “Бугун сенлар 100та одамни ишлатаяпсан. Эртага 200-300-1000та бўлади. 1000та бўлгандан кейин Ўзбекистон ўзимизники деб туриб¸ Ўзбекистонни тортиб оласан сенлар бу кетишда” деяптида. Бизлар инсонларга иш ўрни яратиб бериб бу ишларни қилсак, қандай биз террорчи бўлишимиз мумкин? десам, “Биз ҳам текширдик. Ҳамма ëқни кўрдик. Фақат бизга тепадан буйруқ бор. Буни қилмасак, биз ҳам фалонча йил ўқиганмиз мана шу ишда, биз қилмасак, бизларни сизларга шерик қилиб қўяди. Бизни ҳам тўғри тушунинглар. Қамашимиз керак сизларни” дейишди.

Шунақа нарсалар бўлдики, журналистларни олиб келди ўзлари топиб. Шунда “Фалончани фалондай, буни ундай дейсан” деган эди, “Мен уни унақа дея олмайман” десам, “Дейсан. Мен нима десам, шуни гапирасан. Бўлмаса, оилангни олиб келиб мана бу ерда кўзингнинг олдида қийнаймиз¸ зўрлаймиз” деб мажбур қилиб ўзининг гапини гапиртирди. Бошқа вариант қолмас экан. Мана телевизорларда кўраяпмиз инсонлар чиқиб гапираяпти. Булар ҳаммаси нотўғрилигини ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Бошимиздан ўтказдик бу нарсаларни. Буларнинг имконияти ҳақиқатан кенг. Бориб уйдагиларни ҳам олиб келиши мумкин. Кимни хоҳласа шуни қамашга, хоҳлаган нарсасини қилишга имконият яратиб берилган эканда буларга¸- дейди бугун хориждан бошпана топган Одилжон Мақсадалиев.

МХХнинг 2000 йилларга келиб қарор топган иш методлари ҳақида яна бир гувоҳлик кўрсатмасини 2007 йил июлида Қирғизистоннинг Қадамжойидан Водилдаги ўз дўконига сотиш учун кир ювиш порошоги олиб келаëтган фарғоналик ўқитувчи аëл Муножот Омонжонова беради. Бу аëлнинг на диний экстремистлар ва на сиëсий мухолифатга алоқаси бор:

- Бизни қувиб келган машинадан нотаниш одамлар ўта маст ҳолатда тушишди. Турмуш ўртоғимнинг бошига мушт билан уриб йиқитиб, кейин оëқлари билан тепа бошлади. Менинг ўнг қулоғимга мушт билан урди. Қулоғим йиртилиб қон оқди. Сирғам қулоғимни йиртиб учиб кетди ҳаттоки. Сочимни ушлаб ерга юзим билан бир неча бор урди. Оëғимдан ушлаб “Ҳозир шу ерда номусингга тегаман” деб ҳақорат қилди. Навбатма- навбат бизларни жуда қаттиқ уришди, ҳақорат қилишди.

Атрофда жуда кўп одамлар тўпланди. Участковой аралашиб “Кир ювиш порошогига шунчами?” деса, МХХнинг бошлиғи уни ҳам ҳақорат қилиб, жағига мушт билан уриб “Машинадан наркотик топдим, Ҳизбут-Таҳрир китобларини топдим¸ десам нима дейсан?” деб участковойни ҳам ҳайдаб юборди.

МХХ бошлиғи турмуш ўртоғим ва мени “Асфалт йўлга ëтасанлар. Устларингдан машина босиб ўтади” деганида, турмуш ўртоғим “Менинг хотинимни тегманглар. Уч нафар фарзандим бор. Мен ўзим ëтаман. Тегманглар унга” деб асфалтга эмаклаб борди. Шундай устимдан учаласи ҳам юриб тепганида ҳушимдан кетибман. Ҳушимга келганда МХХ менга дўқ-пўписа қилиб, “Агар бизни айтсанг, қириб ташлайман” деди. Оддий порошокка шунчалик хўрланаман деб хаëлимга келмаган эди¸- деган эди Озодлик мухбири билан йиғи аралаш гаплашган Муножот Омонжонова.

"МХХ қонундан ташқари тизимга айланди"

26 йил СССР КГБсида хизмат қилган Мели Қобилов 2011 йилга келиб шаклланган Ўзбекистон МХХ сини ана шундай таърифлайди.

- Ҳозир писта сотадиган билан ҳам МХХ шуғулланади¸ сақич сотадиган билан ҳам шу шуғулланади. Ҳозир ўзига берилган вазифасига бошқа нарсалар ҳам аралашиб кетди. Давлатга қарши жиноятлар эмас¸ ҳамма нарса билан – савдогар билан ҳам¸ тадбиркор билан шулар шуғулланадиган бўлган. Ҳозир прокуратуранинг ваколатига берилган¸ милициянинг ваколатига берилган моддалар билан ҳам МХХ шуғулланиб ëтибди. Ҳозир билганини қилиб ëтишибди¸ истаган методини қўллаб бўлмаган жиноятларни топиб¸ бўйнига қўйишаяпти. Қайсики ишга СНБ аралашган бўлса бўлди, ўша одамга¸ албатта¸ срок берилади. Ўзбекистон Жиноят Кодексида нечта модда бўлса¸ бугун ҳаммаси билан МХХ шуғулланаяпти¸- дейди СССР КГБсининг собиқ ходими.

Ўзбекистон МХХси оталари¸ аслида муҳобаратнинг янги тизимини яратгани йўқ¸ улар фақат “контора”ни эски – Сталин давридаги иш услубига қайтаришди¸ дейди ўзбекистонлик журналист Евгений Дъяконов.

- Бу жараëн¸ айниқса¸ Зокир Алматов Ички ишлар вазири лавозимидан кетганидан сўнг тезлашиб кетди. Агар авваллари ИИВ МХХ ни мувозанатда ушлаб келган бўлса¸ Андижон воқеаларидан сўнг Иноятов ўз асосий рақиби Алматовни йўқ қилди ва ИИВ нинг аксар ваколатларини ўз қўлига олди. Бугун Ўзбекистон ИИВ си ҳам¸ прокуратураси ҳам¸ Мудофаа вазирлиги ҳам ММХ чизган чизиқдан чиқа олмай қолган. Сталин замонидаги каби¸ бугун мамлакат ҳаëтининг барча соҳасига оид қарор МХХ рухсатисиз қабул қилинмайди. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари авваллари Матбуотчилар кўчасидаги КГБ биносидан бошқарилган бўлса¸ бугун ҳар бир газета идорасида “контора” офицерлари ўтирибди¸- дейди ўзбекистонлик журналист.

МХХчилар сони фақат кўпаймоқда

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматида қанча одам ишлаши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Норасмий манбаларга кўра¸ бугун МХХнинг амалдаги офицерлар таркиби камида 100 минг кишидан иборат¸ бу рақамга истеъфо ва заҳирадаги офицерлар¸ бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир кўча ва маҳалласида ишлаëтган жосуслар тармоғи кирмайди.

Постсовет давлатларидаги махфий хизматлар таҳлили билан шуғулланадиган Россиядаги Agentura.ru агентлигининг ëзишича¸ 2004 йилга келиб Ўзбекистон МХХси таркиби 1991 йилгига нисбатан 26 бараварга ошган ва қуролли кучлари ва хизматчилари сони жиҳатдан Мудофаа вазирлигидан ўзиб¸ ИИВ дан кейин иккинчи ўринга чиққан.

Айрим Россия нашрларига кўра¸ 2005 йил 13 май куни Андижонда юзага чиққан қонли воқеалардан сўнг Ички ишлар ва Мудофаа вазирлиги қошидаги махсус кучлар ҳам МХХга бўйсундирилган¸ 2009 йилга келиб эса¸ ИИВнинг сараланган офицерлардан иборат “БАРС” махсус гуруҳи (спецназ) бутунлай тарқатиб юборилган¸ айни пайтда МХХ таркибидаги “Ц” аксил-террор гуруҳи ва “ОК Ташкент” “спецназ” отряди кучайтирилган.

Тахминларга кўра¸ махсус амалиëтларни бажаришга мўлжалланган қуролли гуруҳлар сони ва таркиби жиҳатдан ҳозирга келиб МХХ ИИВдан ўзиб кетган ва бундай гуруҳларга амалиëт давомида террорчиликда гумон қилинган шахсларни огоҳлантиришсиз отиб ташлаш ваколати берилган.

Agentura.ru нашрининг ëзишича¸ бугунга келиб расман МХХ таркибида бўлган Президент хавфсизлиги хизмати таркибида дунëдаги энг катта давлат бўлган Россия президенти қўриқчилари сонидан кўпроқ офицер хизмат қилади.

Ислоҳот ва назорат лозим....

- Бу системани фақат реформа қилиш керак ва уни контролга¸ халқ контролига олиш керак. У ерда ишлаëтганларнинг 90 фоизи Миллий хавфсизлик деб аталган жойда ишлашга нолойиқ. Бозорга бориб туриб семечка сотаëтганга ҳам “ман СНБман”, жевачка сотаëтганга ҳам “ман СНБман” деб таъмагирлик қилиб қўрқитади. Уни ҳам қўяверинг, хотинлари чиқадида “Биласанми¸ ман фалонча СНБнинг хотиниман”¸ деб дағдаға қилади. Биз шўрликлар ишлаганда хотинимиз тураверсин¸ ўзимизни ҳам биров танимас эди. Поклик бўлиши керак бу идорада¸ ҳозир “воровской” бўлиб кетган¸ СНБ кадрларининг ичида давлат манфаати учун хизмат қиладиган қолгани йўқ¸ кўпи ўзининг манфаати учун ишлаяпти¸ холос.

Қонунда МХХ ҳам “прокурор назоратида” деб айтилади. Ваҳоланки, прокурорнинг ишини амалда булар назорат қилаяпти. Қайси прокурор МХХ ни назорат қила олади¸ керак бўлса эшигидан кира олмайди. Контрол ҳам йўқ, бало ҳам йўқ, баттар ҳам йўқ¸ ҳеч нарса йўқ. Истаган нарсасини қилади, истаган нарсаси бўлади¸ тамом. СНБ аралашдими¸ дод деб туради милиция терговчиси ҳам, прокурорнинг терговчилари ҳам. МХХ нинг назоратидами¸ булар ҳеч нима қила олмайди. Қўлга олинган одам¸ айби борми¸ йўқми¸ муқаррар жазо олиши керак, ўтириши керак¸- дейди СССР КГБси таркибида 26 йил хизмат қилган Мели Қобилов.

Каримовга ҳам¸ МХХ га ҳам ислоҳот керак эмас...

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг истеъфодаги полковниги Арат Нарманбетов¸ кекса кгбчининг ислоҳот ва хуфя хизматни халқ назоратига олиш ҳақидаги орзусини ушалиши қийин¸ деб баҳолайди.

“Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери бу мамлакат Миллий хавфсизлик хизматининг бутун куч ва салоҳияти битта мақсад – Ислом Каримовни нима қилиб бўлса-да ҳокимиятда сақлаб туришга қаратилган. Бу тизимнинг номидаги “миллий хавфсизлик” деган сўз эса¸ ҳеч нарсани англатмайдиган тахтача¸ холос”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда қозоғистонлик мутахассис.

- Афсуски¸бу хизматни назоратга олиб бўлмайди. Чунки Ўзбекистондаги сиëсий тузум бунга йўл бермайди. МХХ моҳиятини ўзгартириб¸ уни миллат ва давлат манфаатларига хизмат қилдириш учун¸ биринчи галда¸ сиëсий тузумнинг ўзини ўзгартириш керак. Ўзбекистондаги ҳозирги давлат қурилиши доирасида МХХни халқ ва жамоатчилик назоратига олишга на Каримов ва на хизматнинг ўзи йўл қўймайди. Чунки Каримов ҳокимиятининг жон томири айнан ҳозирги шаклдаги МХХ ва бу тизим роли ўзгарган кун Каримов ҳам ҳокимиятдан кетишини билади¸- дейди Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг истеъфодаги полковниги Арат Нарманбетов.

МХХ чилар ўз ролини ўзгартириш – миллатига хизмат қилишни истайдими?

МХХ ходимларининг жамоатчилик билан мутлақ алоқа қилмаслиги¸ бу тизимнинг ўта ëпиқ эканидан келиб чиқилса¸ бу саволга узил-кесил жавоб бериш қийин.

Аммо мустақил кузатувчилар ва бу тизим фаолиятидан яхши хабардор мутахассислар бу саволга ижобий жавоб бериш эҳтимоли қарийб йўқ деган фикрдалар.

“Албатта¸ йўқ! Нега деган савол жавоби эса оддий¸ - дейди бу хизматга яқин манба Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ - бугун МХХ да ўтирган энг паст ваколатли ходимдан унинг энг тепасида ўтирганларга қадар ҳаммасининг ўз даражасига мос бизнес ҳудуди¸ доимий даромад манбаи бор. Солиққа тортилмайдиган бу даромаддан ташқари¸ МХХ ходимлари Каримовга садоқат билан хизмат қилаëтгани учун мамлакатда энг катта ойлик билан таъминланган¸ уларга давлат ҳисобидан уй-жой билан берилади¸ боз устига¸ улар оиласи хавфсизлиги ҳам кафолатланган. Нақд турганда улар насия учун бунча имтиëздан воз кечиб¸ бирор ўзгаришга йўл бермайдилар.”

“Сиëсатшунос Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида босилган мақолаларда ëзилишича¸ МХХ раислигига тайинлангунга қадар ҳам каттагина бизнеси бўлган Рустам Иноятов ва унинг оиласи Ўзбекистонда кенг истеъмол моллари импорти билан шуғулланади ва биргина Тошкентнинг ўзида 2003 йилда унга тегишли 20 дан ошиқ супермаркет бўлган.

“Бугун Ўзбекистон МХХ сини қўрқинчли жазо машинасига айлантирган асосий омиллардан бири давлат ва миллат хавфсизлиги билан шуғулланиши лозим бу тизимнинг бизнес ва мафия билан чатишиб кетгани¸ бутун тузумни емираëтган коррупция марказига айланганидир. Ҳозирги сиëсий система Каримовни қўриқлаш эвазига сийланаëтган МХХ дагиларнинг иштаҳасини шундай кучайтириб юбордики¸ ҳатто эртага Каримов кетса ҳам¸ ҳозирда Ўзбекистондаги энг қудратли кучга айланган бу хизмат ўз ролини ўзгартиришни истамаслиги мумкин. Каримов яратган системанинг энг қўрқинчли томони ҳам шунда”¸ дейди хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз шахси ошкор этилишини истамаган Озодлик манбаси.

Мақола илк бор 2014 йилнинг 13 июнида "Ўзбекистон МХХнинг мутлақ раиси 70 ёшга кирди" сарлавҳаси остида эълон қилинган эди.

XS
SM
MD
LG