Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:03

Фарғона, Марғилон¸ Шаҳрихондаги марказий деҳқон бозорлари бузилмоқда


Шаҳриҳон шаҳри Деҳқон бозорининг шу кундаги кўриниши.
Шаҳриҳон шаҳри Деҳқон бозорининг шу кундаги кўриниши.

Шу кунларда Фарғона, Марғилон ва Шаҳрихон шаҳарларидаги марказий деҳқон бозорлари бузилмоқда. Жойлардан келаётган шикоятларда дўкондорлар куйиб қолаётганидан зорланмоқда. Маҳаллий давлат маъмуриятлари вакиллари эса, бозорлар ёпилмаётгани, балки реконструкция қилинаётгани тўғрисида айтмоқда.

“Марғилон озиқ-овқат ва буюм бозорини бошқа жойга кўчиришаяпти. Шундоқ ҳам бир неча марта товарлари ёниб, куйган савдогарларга қийин бўлиб кетди...” Озодликка марғилонлик тадбиркордан келган шикоят шундай бошланади.

18 июнь куни мобил мухбиримизнинг Шаҳрихон шаҳри бозори ёпилганига 80 кундан ортгани тўғрисидаги фоторепортажини эълон қилган эдик.

Тилга олинган икки шаҳар ҳокимликлари вакиллари бозорлар реконструкция қилинажаги ва сўнгра профили ўзгартирилиб қайта очилажаги тўғрисида айтдилар.

Марғилонликнинг шикоятида гап қайси бозор устида бораётгани ёзилмаган.

Шу шаҳарда яшовчи Аҳмаджон ака Мадумаровнинг Озодликка айтишича, СССР қулагач тўхтаб қолган Ипак комбинати ҳудудида жойлашган бозор Қумтепадаги бозорга ҳамда Трактор ремонти заводидаги бозорга кўчирилмоқда.

Биринчисига ноозиқ-овқат товарлари билан, иккинчисига озиқ-овқат билан савдо қилувчилар кўчмоқда.

Аҳмаджон акага кўра, бозорни кўчириш шу кунларда бошланмоқда:

- Бу ҳақдаги гаплар бошланганига анча бўлган. Лекин бозорни кўчириш тўғрисидаги эълонни кеча маҳаллий радиодан эшитдим, деди марғилонлик.

Суҳбатдошимиз кўчирилаётган савдогарларнинг шу кундаги кайфиятидан хабардор эмаслигини таъкидлар экан, айни пайтда уларнинг норози бўлиши табиийдир, деган фикрни билдирди.

- Чунки улар ёпилаётган бозорда қурилишлар қилган, савдо нуқталарининг ўринларини сотиб олишган. Бошқа ерга кўчишга улар яна савдо ўринларини сотиб олишга мажбур бўлишади, деди Аҳмаджон ака.

У кишидан халқ орасида ёпилаётган бозор ўрнида намунавий уйлар қурилармиш, деган мишлар-мишлар юрганини ҳам эшитдик.

Марғилон шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган расмийси саволимизга жавобан айнан мана бундай деди:

- Бозорнинг замонавий қилиб қайта қурилиши, Қўштепага, Трактор ремонти заводига икки ой муддагагина кўчирилажаги тўғрисида айтилган. Реконструкция битгач, Ипак комбинатидаги бозорга кийим-кечаккина қайтиб келади дейилган, деди расмий.

Лекин аниқ маълумотни ҳоким ўринбосаридан олиш мумкинлигини уқтирди. Ўринбосар билан боғлана олмадик.

Шаҳрихоннинг кўчирилган деҳқон бозори тўғрисида шу шаҳар ҳокимлиги вакили билан гаплашдик.

Ўзини таништиришни истамаган расмий бозорнинг кўчирилишини тушунтираркан бундай деди:

- Деҳқон бозори зич бўлгани учун Аҳмаджон Усмоновга тегишли бўлган ва Раъно Усмоновага ўтган 4,54 гектарли ернинг 1,92 гектари ўзларининг розилиги билан янги деҳқон бозорига олинган. Шу кунда қарор чиқиши кутилаяпти. Янги бозорни Бозорлар уюшмаси ўз тасарруфига олади, хусусий бўлмайди, деди ҳокимлик вакили.

Унинг айтишича, "Шаҳрихоннинг ёпилган бозори реконструкция қилинади ва унда ҳунармандчилик маҳсулотларигина сотиладиган бўлади".

Водийдаги бозорларнинг “буз-бузи”, “кўчир-кўчири” замиридаги мантиқни тушунтириб беришини фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевдан илтимос қилиб, ундан яна бир бозорнинг бузилаётганини эшитдик:

- Фарғонанинг Марказий деҳқон бозорини реконструкциялаш ишлари бошланганига ҳали бир ой ҳам тўлгани йўқ. Бозорни ўраб турган дўконларни тўлиқ буздиришаяпти. Бу дўконларнинг қурилганига икки йил ҳам бўлган эмас. Дўкондорлар норози. Чунки улар банкдан олган кредитларини ҳам узишга улгурган эмас, деди Абдусалом Эргашев.

Унинг айтишича, дўкон эгаларига товон пули тўланиши ҳақида гап бор.

Абдусалом Эргашев айтаётган бозорда дўкони бузилаётган бир савдогар Озодликка саволларига жавоб берар экан, берилиши мумкин бўлган товон пули унинг реал харажатларини, оворагарчилигини қоплай олмаслигидан, қақшаган асабларини соғайтириб қўёлмаслигидан зорланди.

Абдусалом Эргашев товон пулига оид мана бу муҳим маълумот билан ҳам ўртоқлашди:

- Реконструкция Деҳқон бозорининг ўз ҳисобидан бўлаяпти. Бозор атрофидаги уйлар, дўконлар бузилиши бошланган куни барча тегишли ташкилотлар ўша ерга чақирилди. Йиғинда мен ҳам бўлдим. Ўшанда Марказий банк вакили билан гаплашдим. Вакилнинг айтишича, бузилаётган уйлар ва дўконларга товон пули тўлаш учун Деҳқон бозорига 3 миллиард сўмли кредит ажратилган, деб хабар қилди Абдусалом Эргашев.
XS
SM
MD
LG