Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:46

UzMobile 2015 йилдан Тошкентда GSM хизматини бошлашни режаламоқда


"Ўзбектелеком" акциядорлик компанияси қошида очилган илк миллий алоқа оператори - UzMobile 2015 йил бошидан Тошкент шаҳри ва вилоятида GSM стандартида хизмат кўрсатишни бошлашга ҳозирлик кўрмоқда. 19 март куни Вазирлар Маҳкамаси янги мобил операторини қувватлаш учун давлат божидан 5 йилга озод қилиш ҳақидаги қарорини эълон қилди. UzMobile оператори янги хизмат турини собиқ МТС частоталари базасида амалга ошириши айтилган.



Ўзбекистон президентининг 12 февраль кунги қарори остида миллий мобил алоқа операторига айлантирилган UzMobile ширкати 2015 йил бошидан Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида GSM стандартида хизмат кўрсатишни бошлашни режаламоқда.

Ҳозир CDMA-450 стандартида хизмат кўрсатаётган мобил алоқа ширкатининг Тошкент шаҳридаги бўлинмасидан олинган маълумотга кўра, пойтахт ва унга туташ Тошкент вилоят туманларида подстанцияларни қуриш жараёни бошланган.

"Шу йил охирига қадар Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида GSM стандартига ўтишга тайёргарлик кетаяпти. Лекин, конкрет қайси датадан бошланиши ҳозир аниқмас", деди UzMobile ширкати вакили мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Бунга қадар ушбу ширкатнинг собиқ "Ўздунробита" (Россиядаги МТС ширкатининг Ўзбекистондаги филиали) фойдаланиб келган частоталар базасида 2017 йилдан бошлаб GSM стандартида хизмат кўрсатишни режалаётгани хабар қилинган эди.

Аммо ширкатнинг Сирдарё, Самарқанд, Навоий вилоятлари ва Тошкент бўлимларидан 24 февраль куни олинган маълумотга қараганда, миллий алоқа оператори раҳбарлари GSM хизматига эртароқ ўтишни режаламоқдалар.

"2015 йилдан Сирдарёда станцияларни қуриш бошланади. 2016 йил бошидан бизда ҳам GSM стандартига ўтилади, деган гап бор", деди, жумладан, UzMobile ширкатининг Сирдарё бўлимидаги техник таъминот хизматига масъул ходим.

Айни масалада ширкатнинг Навоий ва Самарқанд вилоятларига масъул мутасаддиларидан ҳам шу мазмунда жавоб олинди.

Бироз муқаддам миллий мобиль алоқа операторининг 2014 йил ичида 1 минг 20 та таянч станцияси, 500 комплект радиореле жиҳози, 2 миллион рақамга мўлжалланган коммутацион станция ва биллинг тизимини ўрнатиш орқали Тошкент шаҳрини мобил алоқа тармоғи билан қоплашни кўзлаётгани расман хабар қилинган эди.

Шунингдек, 2015 йилда миллий оператор тармоғи билан барча вилоят марказлари, 2017 йили эса қолган аҳоли пунктларини қоплаш режалангани айтилган.

UzMobile ширкати мутасаддиларидан бугун олинган маълумотга кўра, гарчи расман ошкор қилинматган бўлса-да, ҳозир барпо этишга киришилган техник базани кўпроқ GSM стандартидаги алоқа хизматига мўлжалламоқдалар.

Янги стандартдаги алоқа хизматида собиқ МТС-Ўзбекистон фойдаланган частоталар базасидан фойдаланишини тасдиқлаган UzMobile мутасаддилари МТСнинг республика бўйлаб ишлаймай турган техник базасининг ҳам миллий алоқа операторига олиб берилиши эҳтимоли ҳақидаги норасмий маълумотларни қатъиян инкор қилдилар.

"МТСнинг станциялари мутлақо бошқа техник база. Унинг бизга алоқаси йўқ. Бизда ўзимизнинг станциялар қурилади", деди ширкатнинг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси.

2012 йилнинг июлида МТС фаолияти тўхтатилиши оқибатида мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа оператори бўлган "Ўздунробита"нинг 10 миллионга яқин мижози бир кунда алоқасиз қолган эди.

Расмий Тошкент “Ўздунробита”ни қатор иқтисодий жиноятларда айблаб, лицензиясини қайтариб олган ҳамда ширкатни 600 миллион АҚШ долларидан зиёд моддий зарар келтирганликда айблаган.

Ширкат 2013 йил бошида банкрот деб эълон қилинган, унинг мол-мулкини сотиш бўйича ўтказилган иккита кимошди савдоси эса "потенциал харидорлардан ариза келиб тушмагани сабаб" натижасиз тугагани расман маълум қилинган эди.

2013 йилнинг декабрида Тошкент маҳкамаси қарори остида “Ўздунробита” ширкатининг барча мол-мулки эксплуатация қилмаслик шарти билан “Ўзбектелеком” миллий алоқа оператори балансига ўтказилгани хабар қилинган эди.

Ўз навбатида Тошкент ҳукуматини Ўзбекистондаги мўмай даромад келтирадиган бизнесларни тортиб олишга уринишда айблаган МТС ширкати Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказ (ICSID)га шикоят қилган.

Айни пайтда, Вазирлар Маҳкамаси 19 март куни эълон қилган қарори билан 2018 йил 1 январигача “Ўзбектелеком” ҳиссадорлик ширкатини UzMobile учун мамлакатга олиб кирилажак технологик ускуналарга бож тўловидан озод қилди.

Бундан ташқари, миллий оператор уяли алоқа хизмати кўрсатиш ҳуқуқини берадиган лицензия учун давлат божи ва радиочастота спектридан фойдаланиш тўловини тўлашдан ҳам беш йилга озод этилди.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 19 миллион киши уяли алоқадан фойдаланади. Бу мижозларга Beeline ва Ucell GSM-операторлари ҳамда Uzmobile ва Perfectum Mobile CDMA-операторлари хизмат кўрсатиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG