Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:44

Москвада муҳожир ҳаётига оид фотокўргазма очилди


"Улар" кўргазмасига қўйилган расм.
"Улар" кўргазмасига қўйилган расм.

Москвадаги Сахаров жамоатчилик марказида меҳнат муҳожирларининг Россиядаги ҳаётига оид фотокўргазма очилди. “Улар” деб номланган кўргазмада меҳнат муҳожирларининг кундалик ҳаёти тасвирланади. Экспозицияда ўзбекистонлик фотоҳужжатчилар асарлари ҳам иштирок этмоқда.



6 март кунидан бошлаб Андрей Сахаров номли Музей ва жамоатчилик маркази қошидаги Fotodoc Ҳужжатли фотосурат марказида “Улар” деб номланган Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳаётига оид 20дан ортиқ фото усталари асарлари намойиш этилмоқда.

Фотокўргазма “мигрантлар ҳаётига объектив қарашни” таклиф этади. Тирикчилик учун маблағ топиш мақсадида Россияга оммавий равишда кириб келаётган меҳнат муҳожирлари турмушининг кўпчиликнинг назаридан ташқарида қолаётган томонларини ёритишга уриниш, деб баҳоламоқда кўргазмани унинг ташкилотчилари.

Фотосуратлар билан бирга экспозицияда муҳожирлар масаласига оид расмий статистик маълумотлар ҳам келтирилган, дейди Озодликка шу мавзуга оид фотоларни жамлаш ғояси ташаббусчиси Fotodoc маркази раҳбари Александр Сорин.

- Сахаров маркази қошидаги Fotodoc Ҳужжатли фотосурат маркази фотосуратчиларнинг ҳужжатли лойиҳалари билан шуғулланади. Биз ижтимоий йўналишдаги фотожурналистика билан шуғулланадиган Москвадаги деярли ягона марказмиз. Биз жамият, алоҳида инсон муаммоларини ёритамиз, улар аксини тарихда қолдирамиз. Мана бу қўргазма кўплаб мамлакатлардан Россияга келаётган саноқсиз меҳнат муҳожирлари масаласига бағишланди. Биз бирор сиёсий, миллатчилик бошқа ёки бўёқлар ва штампларсиз жамият эътиборини мигрантлар ҳаётига, улар муаммоларига қаратмоқчимиз. Бу, энг аввало, ксенофобия ва миллатчилик касалига йўлиққан Россия учун керакдир, деди Озодликка “Улар” фотокўргазмаси куратори Александр Сорин.

Фотокўргазмада иштирок этаётган 20 зиёд фото усталари орасида ўзбекистонлик Элёр Неъматов ҳам бор.



Озодлик Радиоси билан суҳбатда Элёр меҳнат муҳожирлиги масаласига анчадан буён қизиқишини гапириб берди.

- Бу мавзу менинг шахсий оилам, қариндошларим ва мен билган жуда кўп одамларга яқин мавзу. Ўзбекистонда Россияда меҳнат қилгани бормаган бирорта оилани топиш қийин. Менинг отам, акам, шахсан мен Россияда юрган пайтларимда бу мавзу менга шахсан тегиб ўтди. Бу ҳақда кўп ўйлай бошладим, имкон бўлганида суратга олишни бошладим. Россияда муҳожирлар келиши ортидан демография ўзгариб бораяпти, айни пайтда Ўзбекистонда ҳам вазият ўзгариб бораяпти – эркаклар, ишчи кучининг камайиб бораётгани кузатиш мумкин. Мен асосан мана шу иккита лойиҳани ёритишга ҳаракат қилганман, дейди фотосуратчи Элёр Неъматов.

Элёр ўз фотолари орқали Россияда муҳожирлар меҳнатига кун сайин эҳтиёж ошиб бораётганига қарамасдан, мигрантлар жамиятнинг энг ҳуқуқсиз ва пастки қатлами бўлиб қолаётганига ҳам жамоатчилик эътиборини қаратишга уринаётганини айтди.

Элёр бу фотолар йиллар ўтиб “ўзбек меҳнат муҳожирлиги” йўқолиши ортидан давримизнинг тарихий ҳужжати сифатида авлодларимизга қолади, дейди.

- Бу тарихдаги асосий варақлардан бири ва менинг вазифам шу варақни визуал томондан яратишдир. 10-20 йилдан кейин вазият ўзгариб, биз уларга – улар бизга муҳтож бўлмасмиз. Ўшанда тарихда визуал документлар қолади. Шу билан бирга, биздаги одамлар Россияни билмаслиги, Россиядаги одамлар эса биздаги вазият ҳақида, бизнинг чуқур маданиятимиз тўғрисида тасаввурга эга эмас. Бу лойиҳа устида ишлаганда буларни ҳам кўрсатишга уринганман, дейди миграция масаласини фототарихда акс эттиришга уринаётган бухоролик Элёр Неъматов.

Суҳбатдош яқиндагина шахсий сайтини ишга туширгани ва унда “I AM A FOREIGNER” (“МЕН ХОРИЖЛИКМАН”) ва “Бухоро болалари” лойиҳаларини натижалари чоп этганини ҳам маълум қилди.

Фотокўргазма 2014 йилнинг 30 мартигача ўз ишини давом эттиради.
XS
SM
MD
LG