Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:02

Green Card ютишнинг ўзбекча фирибгарлик схемалари текширилмоқда


 "Oтини сотиб¸ молини сотиб" Америкага кетишга рози бўлган ўзбекистонликлар Green Card лотереяси билан боғлиқ фирибгарлар бирини икки қилмоқда.
"Oтини сотиб¸ молини сотиб" Америкага кетишга рози бўлган ўзбекистонликлар Green Card лотереяси билан боғлиқ фирибгарлар бирини икки қилмоқда.

АҚШга кўчиб бориб¸ қонуний яшаш ва ишлаш ҳаққини берувчи Diversity Visa Program, оддий тилда Green Card лотереясига ҳеч ҳужжат топширганмисиз? Ҳар йилнинг октябрь ойи давомида бепул онлайн ариза топшириш орқали ўйналадиган бу лотереяга йиллаб ўз қўли билан тўлдирилган ҳужжат йўллаб¸ май ойида ютуқ эълон қилинганида ҳафсаласи пир бўлганлар орасида сиз ҳам бормисиз? Йиллар давомида бу лотереяда ютиш имконингизни чамалаб¸ ютуқ мавсумида нега бу имкон сизга насиб қилмагани ҳақида бош қотирганмисиз? АҚШ Давлат департаменти томонидан ер юзининг аксар фуқароси учун бирдек тақдим этилаëтган бу лотереядаги ютуқ имконингизни деярли йўққа чиқараëтганлар АҚШда эмас¸ шундоққина ëнингизда бўлиши мумкинлиги ҳақидачи? Озодликнинг биргина Самарқанд мисолида ўтказган журналистик текшируви айнан сизнинг бу имконингизга жиддий соя солаëтган сояки схемалар моҳиятини фош қилади.


Кутилган¸ ëхуд кутилмаган Бахт қуши

Самарқандлик Рустам (исми ўзгартирилган - таҳр.) ҳозир АҚШда яшайди. У 2010 йилда АҚШ Давлат Департаменти ҳар йил октябрда эълон қиладиган бир ойлик Green Card лотереясини ютиб¸ Америкага келган. Green Card деб аталган “бахт қуши” эса¸ унинг бошига самарқандлик ўртакашлар қўли билан қўндирилган:

- Уйда ўтирган эдим¸ биттаси келди Green Card ўйнайсизми¸ деб. Green Card нималигини билардим¸ ҳа майли¸ ютаманми¸ йўқми дедим. Улар агар ютсангиз¸ 95 минимал оклад берасиз¸ деб қоғозга қўл қўйдириб олди. Ютган-ютмаганингизни охиригача сиз билмайсиз¸ улар регистрация номери (case number)ни охиригача ушлаб туради. Сизга консулхонага боришнинг кунини айтади¸ борасиз. Бошда 2000-3000 доллар берасиз¸қолганини иккинчи пакетдан кейин берасиз. Рози бўласиз¸ бошқа иложингиз йўқ¸ дейди тўрт йилдан бери оиласи билан АҚШда яшаëтган Рустам.

Рустам каби Green Card ютиб¸ ҳозирда Америкада яшаëтган ўзбекистонликлар аксариятини¸ АҚШдаги ўзбек муҳожирлари таъкидича¸ айнан самарқандликлар ташкил этади.

2012 йил октябрида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ўтказилган матбуот анжуманида Консуллик бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Отто Вестҳассел эълон қилган маълумотга кўра¸ 2011 йилда Green Card лотереясида иштирок этиш учун Ўзбекистондан 654 мингдан кўпроқ ариза тушган. Шундан 5101 ариза дастлабки босқичда танлаб олинган бўлса-да, фақат 3000 дан сал кўпроқ ўзбекистонликка АҚШга кўчиб кетиш учун иммиграция визаси берилган. Виза олганларнинг 63 фоизи эса самарқандликлар бўлиб чиққан.

Айтилишича¸ нафақат 2011¸ балки ундан олдинги ва кейинги йилларда ҳам Green Card ютган ўзбекистонликларнинг 60 фоиздан кўпроғи самарқандликлардир.

Матбуот анжумани давомида "Нега айнан самарқандликлар ?" деган саволга Консуллик бўлими раҳбари “Самарқанддан лотереяда иштирок этаётганлар сони кўп бўлиши керак”¸ дея жавоб берган эди.

Озодлик ўтказган журналистик суриштирув давомида¸ АҚШ элчисининг бу гапи ўз тасдиғини топди – ҳар йил Green Card мавсумида Самарқанддан ариза йўллаëтганлар сонининг юз мингларда саналиши аниқланди ва сиртдан қараганда бу ерда ҳеч қандай ғайриқонунийлик йўқдек.

Аммо Озодликка ўз шахси сир қолиш шарти билан маълумот берган Green Card аризачилари ҳикояси самарқандликларнинг ҚАНДАЙ қилиб "кўп ва хўб" Green Cardга мурожаат қилиб¸ ютиб чиқаëтганлари ортидаги “сояки” схемаларни очиққа олиб чиқишга ëрдам беради.


Самарқандда ўйнамаган лотереяга ҳам ютуқ чиқаверади...

Озодликнинг хавфсизлик нуқтаи назаридан кимлигини ошкор қилмаëтган ишончли манбалари йиллардан бери Green Card лотереясига ариза топшириш жараëнида бевосита иштирок этиб¸ бужараëнни ичдан кузатган самарқандликлардир.

Уларга кўра¸ Green Card лотереясида энг кўп самарқандликларга ютуқ чиқаëтгани сабаби жуда оддий – бу лотереяга ҳужжат топшираëтган самарқандликлар сони ўн минглар¸ балки юз мингларни ташкил этади.

Дунë бўйлаб ариза топшираëтган миллионлардан фарқли бу “ўйин”га қўшилган самарқандликларнинг аксарияти Green Card лотереясида қатнашганини ўзлари билмайди :

Озодликнинг бир эмас¸ бир-биридан мустақил бир неча манбаси таъкидича¸ ўн минглаб¸ балки юз минглаб самарқандликларга оид шахсий маълумот ва улар фотосуратлари¸ эгалари бехабар ҳолда¸ расмий идора ва архивлардан ўғирланади ва сўнгра бу ўғриликни уюштирган гуруҳлар улар номидан анкета тўлдиради.

Самарқанд шаҳар ҳокимлигида “хусусий тадбиркор” сифатида рўйхатдан ўтган ШМ (Озодлик ихтиëрида бу тадбиркор ва унинг расмий фаолиятига оид барча маълумот бор¸ аммо ҳозирча уларни эълон қилмасликни маъқул топди) билан ўзига хос шартнома имзолаган Озодлик манбаси гапиради:

- Ҳамма институтга абитуриентлар август ойида имтиҳон топширади. Шу пайтда абитуриент қайд варақчасига компютерда расмга тушади. Абитуриент қайд варақчасига расмга тушириб, кейин даннийларини компютердан чиқариб, ҳаммасини ҳужжатлар папкаси ичига солади. Ана шу маълумотлар компютерда қолиб кетади¸ яъни институтларнинг ўзида. Кейин шуларни бориб, ўзининг ишчилари бор, ишчилар институтга бориб, шу архив раҳбарлариними, компютершикларни топиб, уларнинг қўлига пул бериб ана шу маълумотни юклаб олади.

Озодликка тақдим этилган ҳужжат нусхаси.
Озодликка тақдим этилган ҳужжат нусхаси.
​Масалан¸ Самарқанд Давлат университетига 40 мингта бола ҳужжат топширган бўлса, ҳаммасининг шахсий маълумоти¸ расмларини битта флешкага ташлаб олади. Кейин ана шу минглаб маълумоти ўғирланган одамлар отидан Green Cardга анкета тўлдирилади. Бу одамларнинг бундан мутлақ хабари ҳам йўқ. Ҳар йили май ойида жавоби чиқади. Кимга ютуқ келса¸ кейин унинг уйига боришади. Манзилларини архив бюросидан олади. Аниқ қилиб уйига боради. Кейин ҳеч нима билмагандай¸ бу одамнинг аллақачон Green Card ютганини айтмасдан¸ “Ака, Грин кард ўйнайсизми?” дейди. “Йўқ, ўйнаганман” деса, “Битта мана шу нарсага қўл қўйинг. Бошқатдан ўйнайсиз” дейдида, қўл қўйдириб олади.

Ўйнамаган бўлса, бир ҳафтада жавоби чиқади¸ деб алдаб, қўл қўйдириб олади. Шартномага қўл қўйдириб олгандан сўнг бир ҳафтадан кейин бориб¸ чақириб келишади. “Сиз ютдингиз, офисга келинг” дейди. Кейин қанақа документ керак бўлса ҳаммасини олиб келади. CN¸ яъни регистрацион номерни ютган одамга бермайди. Биринчи пакет келгандан кейин, энг кам иш ҳақининг 95 баробарини тўлайдику, шунинг ярмини биринчи пакетида тўлайди, иккинчи пакетда қолган ярмини тўлайди. Шартнома нархи 9 миллионми шундай бўлган ҳозир¸ дейди Озодлик манбаси.

(Бу манба ўзи ва яқинларига айни шу хизматни таклиф қилган ширкат ва шахс билан тузилган шундай шартнома нусхасини Озодликка жўнатди.)

Жон бошига 400 сўмдан....

Озодлик манбасига кўра¸ Самарқанд олийгоҳ ва коллежларидан абитуриент ва талабалар шахсий маълумотларни ўғирлаш кенг тармоқли бизнесга айланган ва виртуал маълумотлар базасидан нусха олишга имкони борлар¸ Green Card лотереясида воситачилик қилаëтган шахс ва ширкатлар билан муайян келишувга эга:

- Ҳозирги нарх¸ жон бошига 400 сўм. 10 000 одамнинг маълумот ва суратини олиб келсам¸ менга нақд 4 миллион сўм санаб беради. 40 мингта олиб келсам¸ 16 миллион сўм билан чиқиб кетаман. Кейин ҳар йил сезонда ëлланадиган инглизча биладиган ишчилар бу одамларга анкета тўлдиради. Бу анкета кейин ҳар йил ўйинга ташланади ва қайси йили ютуқ чиқса¸ ўшанда ютуқ коди воситачи ширкат берган электрон почтага келади ва бу код ўртача 5000 долларга ютуқ эгасига сотилади. Пулини бермасангиз¸ элчихонага бериладиган регистрацион номерни оломайсиз¸ дейди Озодлик манбаси.

"А. исмли бола Самарқанд Давлат университетига ҳужжат топширган 36 минг абитуриентга оид шахсий маълумотни флешкага кўчириб¸ ШМга олиб келди ва бунинг учун 14 миллион сўмни нақд санаб олди. Бу гувоҳлар гапи"¸ деб ëзди мазкур ширкат агентларига таянган Озодлик манбаси.

Самарқандликларга оид шахсий маълумотлар билан Green Card учун ариза топшириб¸ ҳар йили ўнлаб¸ балки юзлаб “бехабар”лар уйига сеҳрли диëрга йўл очувчи лотерея ютуғи билан бориб¸ “суюнчи”сига 5000 долларгача нақд сўраëтган ширкат ва шахслар¸ шаҳарда битта эмас.

Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев йиллардан бери нега ўз вилоятдошларининг Green Card ютишда бунчалик омади чаққонлиги сири билан қизиқиб келади.

Озодликка тақдим этилган ҳужжат нусхаси.
Озодликка тақдим этилган ҳужжат нусхаси.
Озодлик билан суҳбатда Раҳматуллаев ҳар йил лотерея эълон қилиниши олдидан Самарқандда ўзига хос сафарбарлик бошланишини айтади:

- Ëз ойидан бошлаб¸ айниқса¸ куз пайтида Greed Card тўлдириш келган пайтда¸ маҳаллама маҳалла¸ ҳовлима ҳовли¸ ўқув юртларида юриб¸ "Биз сиздан бирор тийин талаб қилмаймиз¸ фақат маълумотингизни¸ суратингизни берсангиз бўлади”¸ дейишадию¸ ҳамма маълумотни олишади. Кейин Green Card лотереяси бошланиши билан¸ анкета тўлдириб юборишади. Анкетаси юборилган одамнинг Green Card ютган-ютмаганини улар билади¸ чунки код уларда. Дейлик¸ битта фирма 1000 та одамга анкета тўлдирган бўлса¸ шулардан бештами-ўнтасигами¸ қанчалигини Худо билади¸ ютуқ чиқса¸ ютганларнинг олдига бориб¸ “Ютдингиз¸Америкага бориш имкониятингиз катта энди. Бизга шунча берасиз”¸ дейишади. Авваллари 1-2 миллион сўмга кўнишарди. Аммо ҳозирги кунда ками 5000¸ ҳатто 10 000 долларгача чиқиб кетган. Сўраган пулини бермасангиз¸ кодингизни бермайди. Шунинг учун одамлар мажбур бўлиб¸ фирма эгалари сўраган пулни¸ қаердан топиб бўлса ҳам бераяпти¸ дейди самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев.

Ютуқ чиқмаганга ҳам ютуқ бор¸ нархи қимматроқ...

Самарқанддаги Озодлик манбалари ҳикоясига кўра¸ шаҳардаги учар тадбиркор ва ширкатлар таклиф қилаëтган АҚШга кетиш йўллари шу билан тугамайди. Самарқандда лотереясига ютуқ чиқмаганни ҳам ютганлар қаторига қўшишнинг “қонуний” йўллари ўйлаб топилган.

“Ютуқ чиқмаган йигитларга навбатдаги хизмат таклиф қилинади. Уларга ютуқ чиқиб¸ Америкага кетадиган қизлар сурати ва манзили 1000 доллар “суюнчи” пули эвазига сотилади ва унинг уйига совчи юборилади¸ деб давом этади Озодлик манбаси:

- Офисга илтимос қилиб келадиган одамлар кўпда. “Бизни уйлантириб юборинг. Америкага кетишимиз керак” дейди. Қизларнинг янги расмини туширадику булар Green Card ўйнаëтганда. Шу расмни кўрсатади. Агар ëқса, мана шу одамнинг уйига совчи бўлиб борасиз, дейди. Улар рози бўлади, тўй қилишади. Тўйдан кейин элчихонага кириб, виза олиб чиқади 10 йилга қизгаям, куëвгаям. Бирга кетамиз деб кирадида элчихонага. Ютмаган куëв ҳам 10 йиллик виза билан Америкага кетади. Бундай хизмат учун куëв кишидан 15 минг долларгача олади. Ўртача 15-20 минг долларгача олади. Агар виза ололмаса, ўзининг айби бўлади, пулга ҳам куяди эркак киши¸ дейди ўзи ҳам бундай хизматдан фойдаланиб¸ чув тушган Озодлик манбаси.

Берган рози¸ олган рози... Ким норози?

Норозилар кўп ва улар ҳозир кимга додини айтишни билмайди¸ деган Озодликнинг самарқандлик суҳбатдошларидан бири уларни тоифаларга ажратади:

Биринчи гуруҳ норозилар¸ 5000 долларга яқин хизмат пули тўлаб¸ АҚШ элчихонасида консул билан суҳбатдан ўта олмай¸ иммиграция визасини ола олмаëтган эркагу аëл.

(АҚШ Консулининг 2012 йилги матбуот анжуманида айтишича¸ ўша йили 5101 ўзбекистонликка ютуқ чиққан бўлса-да¸ улардан фақат 3000 га яқини иммиграция визаси олиб¸ АҚШга кўчиб кетган. Бу эса¸ ютуқ чиққанларнинг 40 фоизи Консуллик ходими билан суҳбатдан ўта олмаганини англатади.)

Иккинчи гуруҳ¸ ками 15 минг доллар тўлаб¸ консул билан суҳбатдан визасиз қайтаëтган “куëв”лар.

Учинчи гуруҳ¸ билиб-билмай асосий мақсади Америкага кетиш бўлган йигитга уйланган Green Card ютган қизлар. АҚШ элчихонасидаги саралаш жараëнидан ўта олмаган бу қизлар ҳам Green Cardдан қуруқ қолади¸ ҳам интервюдан ўта олмагач¸ Америка учун уйланган эридан ажрамоқда¸ дейди Озодлик манбаси.

АҚШ ҳаммага бирдек берган имкон суистеъмол қилинмоқда

Самарқандда кўп миллион долларлик тармоқлик бизнесга айланган Green Card лотереясидаги фирибгарликлар¸ бу лотереяда ўз истак-хоҳиши билан қатнашаëтган ўзбекистонликларнинг ютиш имконини қарийб йўққа чиқармоқда.

Озодлик мухбири самарқандлик Green Card лотереяси атрофида урчиган бундай криминал бизнес ва самарқандлик аризачилар тақдим этган маълумот ва ҳужжатлар муносабати билан АҚШ Давлат Департаментининг тегишли тизимларига мурожаат қилди.

Ҳар йил жаҳон бўйлаб ўтказиладиган Diversity Visa Program, оддий тилда Green Card лотереясини уюштириш учун Давлат Департаментининг Консуллик ишлари бўйича Бюроси масъул ҳисобланади.

Мазкур бюронинг дипломатик қоидалар боис исми келтирилишини истамаган юқори лавозимли расмийси Озодлик журналистик суриштируви тафсилотлари билан танишиб чиққач¸ АҚШ тизимлари Green Card билан боғлиқ бундай жиноий схемаларга оид маълумотларни ўта жиддий қабул қилишини таъкидлади:

"Биз жаҳон бўйлаб Green Card дастури билан боғлиқ юзлаб спамлар борлигидан хабардормиз ва уларнинг бирортасини эътиборсиз қолдирмаймиз. Сиз ўрганган схемаларнинг асос қурбони бу Ўзбекистон фуқароларидир. Зотан АҚШ Давлат Департаменти ҳар йил ўтказадиган Diversity Visa дастури бепул ва у билан боғлиқ ҳар қандай пулли хизматларнинг¸ аксар ҳолларда¸ айнан спам эканини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Биз бу дастурга қизиқувчилар учун барча маълумотни Давлат Департаменти расмий сайтида мунтазам бериб келамиз. Хусусан¸ турли жиноий схемалар¸ фирибгарлар юборадиган электрон мактублардан ҳам мунтазам огоҳлантирамиз. Бу дастурда қатнашиш жуда оддий ва шу боис¸ ўзига Green Card ўйнаш учун хизмат¸ хусусан¸ пуллик хизмат таклиф қилувчиларнинг бу дастурга мутлақ алоқаси йўқлигидан ўзбекистонликлар яхши огоҳ бўлишлари лозим"¸ деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда АҚШ Давлат департаменти Консуллик ишлари бўйича бюроси расмийси.

Озодлик ўтказган журналистик суриштирув давомида аниқланган схемалар муносабати билан Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси Green Card лотереясида ютуқ чиққанларни суҳбатдан ўтказиш ва уларга иммиграция визаси бериш жараëнига қандайдир ўзгартиш киритадими?

Бу саволга жавоб берган АҚШ Давлат департаменти мулозими¸ бундай маълумот "ўта жиддий" қабул қилинишини таъкидлаб туриб¸ унинг скрининг жараëнига қандай ўзгартиш киритишига оид тафсилотларни очиқламади.

Айни пайтда¸ АҚШ Давлат департаменти Америка ҳудудида қонуний яшаб¸ ишлаш орзусидагилар учун таклиф қилаëтган ўз дастурини суистеъмол қилаëтганлар жиноий амалиëтларни бошқа давлат¸ биз муҳокама қилаëтган ҳолда¸ Ўзбекистон ҳудудида амалга оширмоқда ва улар Ўзбекистон фуқароларидир. Бундай вазиятда уларни қонун олдида жавобгарликка тортиш қайси давлат томонидан¸ қандай амалга оширилади?

Бу саволга муносабат билдирган Давлат департаментининг Консуллик ишлари бўйича Бюроси мулозими¸ бу АҚШ¸ қолаверса Ўзбекистондаги бошқа тизимлар иши эканини айта туриб¸ бу тизимларнинг тилга олинган кенг кўламли жиноий схемаларни эътиборсиз қолдирмаслигини таъкидлади.

Озодликка ўз манбаларидан етиб келган маълумотга кўра¸ Самарқандда кўп миллион долларлик Green Card бизнесини яратиб¸ ўз қулочини бошқа вилоятларга ҳам ëза бошлаган хусусий тадбиркор ШМ фаолияти Ўзбекистон прокуратураси тизимлари эътиборини ҳам ўзига жалб қилган.

"Аммо ўзининг кузатув ва текширув остида эканини тушуниб турган ШМ ўз бизнесидан воз кечмаса-да¸ агентларига эҳтиëт бўлишни тавсия қилди"¸ дейди бу тадбиркорга яқин манба.

Қози муттаҳам бўлса¸ додингни кимга айтасан?

Озодликнинг Самарқанддаги манбалари таъкидича¸ Green Card орқасидан йилига миллионлаб доллар даромад кўраëтган шахс ва гуруҳларнинг айнан ҳуқуқ ва адлия тизимларида ўз одамлари бор ва шу боис бундай жиноятлар жазосиз қолмоқда.

“Менинг билганим¸ Самарқанддаги институт¸ университет ва архивлардан одамларнинг шахсий маълумотини ўғирлаш бу гуруҳ билан бирга ишлаëтган расмийлар¸ хусусан унинг вилоят судидаги одами қўли билан қилинмоқда. Адлия тизимидаги шериклар ўқув юртларига бориб¸ мен ўрганаëтган иш учун шу маълумотлар керак¸ деган баҳона билан маълумотлар базасини кўчириб олади ва ўз шерикларига еткизади”¸ деган бу манба Самарқанд вилоятидаги айрим шахслар исм-шарифини келтирди. Аммо Озодлик бу иддаони бевосита ўрганиш ва тасдиқлаш имконига эга бўлмагани боис¸ Самарқанд ҳуқуқ тизимларидаги шахсларга оид ўзига топширилган бу маълумотларни ошкор қилмасликни маъқул топди.

Манбанинг таъкидича¸ ҳозирда Самарқанддаги муваффақият ва даромадидан руҳланган мазкур гуруҳ¸ 2013 йилдан бошлаб ўз бизнесини бутун Ўзбекистон миқëсига ëйишга киришган ва бошқа вилоят¸ хусусан Жиззах ва Тошкент вилояти ва шаҳри олийгоҳ ва коллежлари талаба ва абитуриентларига оид шахсий маълумотларни қўлга киритиб¸ 2015 йилги Green Card лотереяси учун анкета тўлдирган.

“Кўрасиз¸ бу йил май ойида ютуқ чиқаëтганларнинг кўпи жизазахлик ва тошкентликлар бўлиб чиқади”¸ дейди бу манба:

- Май ойига бориб¸ ютуқ эгалари аниқ бўлгач¸ ўзи билмаган ҳолда Green Card ютганларга “совчилар” келиб¸ ноқонуний шартномага қўл қўйдириб олишади. Уларнинг кўпчилиги Америкага кетаман экан¸ деб отини сотиб¸ молини сотиб¸ кимлардандир қарз олиб¸ фирибгарларга 5000 доллардан 20 минг долларгача тўлайди¸ аммо АҚШ Консуллигидан иммиграция визаси ололмай¸ ҳам пулига куяди¸ ҳам Консуллик қора рўйхатига тушиб¸ куйиб қолаверади, дейди ўзи айнан шу кўйга тушган самарқандлик Green Card аризачиси.

Green Cardдан бехабар Green cardчи

Озодлик мухбири ўзига тақдим этилган келишувга имзо чеккан Самарқанддаги ШМ исмли хусусий тадбиркор билан боғланиб¸ билдирилаëтган иддаоларга изоҳ бериш имконини тақдим этди.

Суҳбат бошида:

- Одамлар Самарқандда кўп ўйнайди¸ бошқа вилоятларда ўйнамайди. Шунинг учун уларга ютуқ кўп чиқади. Одам кўп олдимда ҳозир¸ Самарқандда бўлсангиз офисга келинг....¸ дея Green Card ҳақида гаплашиш учун ўз идорасига келишни таклиф қилган воситачи¸ Oзодлик мухбири билан гаплашаëтганини англагач¸ ўзининг бундай иш билан шуғулланиши ëки шуғулланганини мутлақ инкор қилишга ўтди:

- Менимча адашдингиз. Йўқ¸йўқ¸ йўқ. Мен бунақа иш билан шуғулланмайман. Мен компютер сотаман. Йўқ¸ мен бу иш билан шуғулланмаганман¸ олдин ҳам шуғулланмаганман. Сиз ўзи нега мендан буларни сўраяпсиз¸ сизга отчëт беришим керакми¸ деган дағдаға билан телефонини ўчириб қўйди.

Озодлик мухбирининг бу шахс билан қайта боғланиб¸ бошқа саволларга жавоб олиш уринишлари натижасиз қолди.

Green Card нима ўзи?

1990 йилда Конгресс томонидан қабул қилиниб¸ 1995 йилдан кучга кирган Иммиграция Актига мувофиқ¸ муҳожирлар асос солган АҚШга ҳар йили 55 минг хориж фуқаросининг қонуний келиб¸ яшаб ва ишлашига рухсат этилган.

Бундай рухсат эса¸ АҚШ Давлат департаменти ҳар йилнинг октябрь ойида эълон қиладиган бир ойлик жараëн давомида Green Cardга мурожаат қилган миллионлаб одам орасидан қуръа ташлаш йўли билан ютганларга келаси йил май ойида тақдим этилади.

Кейинги бир неча йил мобайнида йилига 5000 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси¸ Green Card соҳиби сифатида АҚШга кўчиб кетмоқда. Лотереяни ютганлар баробарида улар бевосита оила-аъзоларининг ҳам АҚШда яшаш ҳаққини қозониши инобатга олинса¸ Green Card билан кўчиб кетаëтган ўзбекистонликлар сонининг йилига бир неча ўн мингга етишини тахмин қилиш мумкин.
XS
SM
MD
LG