Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:11

Идора "ибодат либоси"га оид бўлажак қонуний ўзгаришни очиқлади


Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси жамоат жойида тақиқланган "ибодат либоси"га оид қонунга киритилажак ўзгаришларни қисман очиқлади. Озодликка келиб тушган бир ҳужжат ва бу ҳужжат ортидан интервью берган диний идора расмийсига кўра, ўзгаришларда ҳозир ибодат либоси ўлароқ тақиқланаётган "рўмол, дўппи, узун кўйлак ва яктакнинг "миллий либос" экани акс этади.


Мактуб: "Рўмол диний эмас, миллий либос"

Озодликка куни кеча Ўзбекистонда ҳижобли аёлларнинг бошидан рўмолини ечиб олишга асос бўлаётган “жамоат жойларида диний либосда юриш”га ўрнатилган тақиқ ҳақида бир мактуб йўлланди.

Мактубда рўмоллари мажбуран ечтирилган диндор аёлларнинг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда келтирилган “ибодат либоси" жумласига тушунча беришини сўраб, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитага мурожаат йўллагани айтилди.

Мактубда ёзилишича, исми сир сақланган мусулималарнинг мурожаатини Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Ортиқали Юсупов беэътибор қолдирмаган ва бу маълумотлар Tashabbus.uz таҳририяти ихтиёрига тушган.

Ушбу сайтда эса Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Ортиқали Юсупов имзо чеккан мактубнинг фотонусхаси ҳам чоп этилди ва унда исми сир сақланаётган фуқароларнинг “махсус диний либос”, “ибодат либоси” тушунчалари ҳақидаги сўровига жавобан, жумладан, шундай дейилади:

Диний идора р​аисига тегишли кўрилган мактуб фотонусхаси Озодликка йўлланди.
Диний идора р​аисига тегишли кўрилган мактуб фотонусхаси Озодликка йўлланди.
... хатини ўрганиб чиқиб, шуни маълум қиладики, Ислом шариатида “махсус диний либос”, “ибодат кийими” деган тушунча мавжуд эмас. Қадимдан юртимизда яктак, дўппи, рўмол, кабилар ўзбек халқининг миллий кийимларидан ҳисобланиб келган.

Диний қоидалар беркитишни талаб қилган аъзоларни ёпиб турувчи кийимни шахс барча ҳолатларда, шу жумладан ибодат пайтида ҳам кийиши мумкин.

Аждодларимиз асрлар бўйи эътиқод қилиб келаётган ҳанафий мазҳаби қоидаларига кўра, аёлларнинг юзи аврат саналмайди... Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланаётган бир пайтда анаъанавий миллий либосда жамоат жойида юриш қонун бузилишига олиб келмайди. Шундай экан, ҳар бир миллат ва элатнинг ўзига хос урф-одатлари, аъаналари, қадриятлари ва маданиятлари эҳтиром қилиниши лозим
”, дейилади Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Ортиқали Юсупов имзо чеккани акс этган мактубнинг Tashabbus.uz таҳририяти чоп этган фотонусхасида.

Расмий мактуб акс этган фотонусхада қўмитанинг бланкаси, раиснинг имзоси ва девонхона тамғаси акс этган.

Озодлик бланкада келтирилган рақамлар орқали Дин ишлари бўйича қўмитага боғланди. Қўмитанинг ўзини таништирмаган ходими бу мазмундаги мактубдан хабардор эмаслигини айтди. Маълумот олиш учун бу ходим берган телефон рақамлари орқали ҳам бирор расмий билан гаплашиш имкони бўлмади.


Очиқ қолаётган саволга қисман жавоб

Муҳим жиҳат шуки, бу мактуб анчадан бери расмийлар томонидан очиқ қолдирилаётган баъзи саволларга қисман жавоб бўлиши мумкин.

1998 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга киритилган икки қўшимчадан бирида: “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди” дейилган.

Қонунда тақиқланган “ибодат либоси” иборасига изоҳ берилмаган. Бундан ташқари, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасидан ҳам бу иборага аниқ изоҳ олишнинг имкони бўлмай келаётган эди.

Озодликка келиб тушган мактуб нусхасида эса диний либос тушунчасига ҳануз мавҳумроқ бўлса-да, ҳар ҳолда аввалгиларига нисбатан кенгроқ изоҳ берилган.

Мактубда ҳуқуқ-тартибот идоралари эътирозига сабаб бўлган ва фуқароларга жазо қўллагани кузатилган бош кийимлар – “яктак, дўппи, рўмол” ва “диний қоидалар беркитишни талаб қилган аъзоларни ёпиб турувчи кийим" диний либос эмаслиги айтилган.

Бундан ташқари, нафақат Ўзбекистонда балки аксар Европа давлатларида ҳам баҳсларга сабаб бўлаётган ниқоб масаласига ҳам билвосита ишорат берилган ва: “ҳанафий мазҳаби қоидаларига кўра, аёлларнинг юзи аврат саналмайди”, дейилган.

Демакки, мактуб муаллифи мамлакат ҳудудида муслима аёлларнинг юзига ниқоб тутиши мумкин эмас, деган фикрни назарда тутмоқда, деб тахмин қилиш мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитага тегишли кўрилган мактуб мазмунидан тушуниш мумкинки, муслима аёлларнинг рўмол ўраши, мусулмон эркакларнинг дўппи, яктак кийиши унинг ибодат либосида эканини англатмайди.


Идора: Бўлажак ўзгартишда "рўмол, дўппи, узун кўйлак" бор

Озодлик мавҳум қонунчилик ва шавқатсиз амалиёт ўртасида кузатилаётган зиддиятга ҳам расмий, ҳам амалий ва ҳам илмий жавоб бериши мумкин бўлган уламо – шайх Абдулазиз Мансурга боғланди.

У киши мавзуни эшитибоқ, бу борада хушхабар бор, деди: "Яқинда бу масалага барҳам берилади. Ҳозир “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига шарҳ ёзилаяпти", деди.

Озодлик “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасининг "ибодат либоси"га дахлдор қисми тез орада ўзгариши мумкинлиги ҳақида аввал ҳам хабар берган эди.

Озодликка келиб тушган ҳужжатга тўхталмаган, аммо бу мазмунда фуқаролардан кўплаб шикоят мактублари келганини айтган шайх ҳазратлари ҳозир қарийб тайёр бўлган қонуний ўзгаришлар мазмуни ҳақида қисман маълумот берди:

- Яқинда мен "ибодат либоси" деган жумлани қонунга киритган юристлар билан гаплашдим. Шарҳларда рўмол, дўппи, махси-калиш, узун кўйлак ва шунга ўхшаш нарсалар - булар миллий либос тариқасида талқин қилинаяпти. Милиция ходимларининг бундай кийимларни "ибодат либоси" деб одамларни таъқиб қилганидан бизга кўплаб шикоятлар бўлгани боис, шундай шарҳ ёзилаяпти ҳозир. Тез орада бу шарҳ эълон қилинади, - дейди шайх Абдулазиз Мансур.

У киши билан суҳбатнинг тўлиқ қисмини айни мавзудаги "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришида тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:04 0:00
Бевосита линк


Милиционер: "Рўмол - диний либос, бизда мумкинмас!"

ИИВ ходимлари 1998 йилда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қоннунинг 14-моддасига асосланиб, рўмол, дўппи, ҳижоб, соқол ва баъзан, яктакда юрган фуқароларга жазо қўлламоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1841-моддасида белгиланишича: "Фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.

Озодлик мухбири таҳририятга келиб тушган мактубни ўрганиш асносида Ўзбекистон ИИВнинг ҳудудий бўлимларидан бир нечасига телефон қилиб, вазирлик ходимлари назарида “ибодат либоси” қандай бўлади, деган саволга жавоб қидириб кўрди.

Айрим ички ишлар бўлимлари ходимларидан бу масаланинг нозик экани ва бундай нозик саволларга расмий мактуб билан мурожаат қилинган тақдирдагина махсус тайинланган ходимлар жавоб бериши мумкинлиги ҳақидаги умумий жавоб олинди.

Баъзи ички ишлар ходимлари эса аёлларнинг фақат бошини ёпиб турадиган кичик рўмоллари диний либос кўрилмаслиги аммо, елкаси ва кўкрагигача тушадиган катта рўмоллар диний либос, деб қабул қилинишини айтдилар.

Бундай жавоблар орасида қизиқроқ бирининг мазмунига қисқача тўхталиш мумкин.

Мусулмонлар диний идорасига мурожаат қилган фуқаро истиқомат қилаётган Фарғона вилояти ИИБнинг ҳудудий бўлимларидан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими оддий фуқаро ўлароқ боғланган мухбир билан микрофонсиз суҳбатда аёллар бошига ташлаб юрган катта рўмол диний либос сифатида қаралишини тасдиқлади.

Айни пайтда муслима аёлларга на ройишлиги, на қаршилиги акс этган мавҳум оҳангда шундай тавсия берди:

- Жудааа ниндзя қилиб ўрамаган бўлсангиз, бўлди. Ҳозир қишку, сўрашса: "Совуқдан ўрадим” денг-қутулинг! Ҳозир қишда сизни биров тўхтатмайди ҳам.

Фуқаро-мухбир: Ёздачи?

- Ёзда ҳам совқотдим, деб ўрайверингда. Жуда бўлмаса, 40 градус иссиқда совқотдим, деб бироз қалтираб беринг! Тавба! Гапирган гапингизни қаранг, нима учун ўрагансиз у рўмолни ўзи?

Фуқаро-мухбир: Диним учун...

- Менга қаранг эй синглим, дин учун бўлса, бизда унақа рўмол ўрашлар мумкин эмас! - деди-да асабийлашган ИИБ ходими гапни қисқа қилди.

Кўринадики, аёлларнинг бошию сочларига қўшиб, томоқлари оша кўкракларини ҳам ёпиб турган катта рўмол - айрим ички ишлар ходимлари назарида диний либос ва у тақиқланган.


Юрист: Ибодат либосини давлат белгиламаслиги керак!

Tashabbus сайти юристи Дилором Абдуллаева “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига ёзилаётган шарҳга оид Абулазиз Мансур берган жавоб мазмуни билан танишгач, ўзгаришлар вазиятни янада чигаллаштириши мумкинлигини айтди.

- Ибодат либоси қандай бўлишини давлат эмас, фуқаронинг ўзи белгилаши керак. Сизга айтилгани каби мазмунда ўзгариш киритилган тақдирда бу қонун Бош қонун - Ўзбекистон Конституциясига зидлигича қолади. 14-модда аслида жуда хавфли моддадир, - дейди Дилором Абдуллаева.

У кишининг бу қонун бобидаги фикри ҳамда рўмоли ва ҳижоби учун ИИВ ходимлари томонидан таъқиб, тазйиққа учраган аёлларга тавсияларини қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:17 0:00
Бевосита линк


"Ибодат либоси"га тажовуз

Ўзбекистонлик муслима аёлларнинг кийими, асосан томоқдан тўпиққа тушар даражадаги узун куйлак ва бошдан кўкракка қадар ўраладиган катта рўмолдан иборат. Ўзбекистонлик кекса ёшдаги аёллар учун эса бу миллий-анъанавий либосдир.

Аммо, ҳозирга келиб бундай кийинган ёш муслима аёллар сони Ўзбекистонда сезиларли даражада озайиб кетди. Боиси, худди шу кийимнинг жамоат тартибига масъул идоралар томонидан “ибодат либоси” ўлароқ қабул қилинаётганидир.

1998-йилда мамлакат қонунчилигига киритилган ўзгартишлардан бери Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Чегара ва Божхона хизматлари ходимлари томонидан ўзбекистонлик мусулмонларнинг ҳатти-ҳаракатлари, ибодатлари ва шу кунларга келиб, ҳатто уст кийимларига тажовуз қилмоқдалар.

Эркакларнинг бошидаги оқ дўпписи-ю аёлларнинг бошидаги рўмоллари учун ҳам милиция ходимлари эътироз билдириб, жазо қўллагани ҳақида Озодликка кўплаб шикоятлар кела бошлади.

Жумладан, Сирдарё вилояти Бахт шаҳар Ғалаба кўчаси 14/2-уйда рўйхатдан ўтган Манзура Каттахўжаева оқ рўмолни томоғининг тагидан боғлаб юргани учун Жиноят ишлари бўйича Сирдарё тумани суди томонидан энг кам маош миқдорининг 4 баравари – 286 минг сўм миқдоридаги жаримага тортилгани Озодликка маълум бўлган.

Қўқон шаҳар 23-маҳалла қўмитаси фаолларидан бири Дилором Каримова Озодлик мухбири билан суҳбатда рўмолли аёллар рўмолини ечмаса ёки айтилганидек ўрамаса, бола учун бериладиган нафақа пулидан маҳрум қилинишдан огоҳлантирилганини тан олган эди.

Тошкент шаҳридаги 40-, 81-мактабларда таҳсил олган рўмолли ўқувчи қизларнинг ота-онаси қизалоқлар рўмоли учун ўқитувчилари тазйиқи остида қолганидан арз қилган, 40-мактабнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган ўқитувчиси эса шаҳар ҳокимиятидан муслима ўқувчи қизлардан рўмолини ечиш талаб қилиниши ҳақида оғзаки кўрсатма берилганини тан олган эди.

Булар Озодликка маълум ўнлаб ҳолатлардан бир нечаси, холос.
XS
SM
MD
LG