Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:34

Исроил фуқароси Гулнора Каримова устидан Швейцария прокурорига арз қилди


Таниқли рассом Лев Резниковнинг Исроилда яшаётган ўғли Игорь Резников отаси чизган “Анор” картинаси Гулнора Каримованинг Женевадаги уйидан чиққанидан хабар топгач, Швейцария прокуратурасига арз қилди. 2013 йилнинг 26 декабрь санаси билан Исроилдан жўнатилган ариза Швейцария прокуратураси тарафидан инобатга олингани 7 январь куни маълум бўлди.


Ўз аризасида Игорь Резников Ўзбекистон Давлат музейи фондида сақаланиши зарур бўлган ва мамлакат ҳудудини фақат Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билангина тарк этиши мумкин бўлган “Анор” рангтасвир асарининг қандай қилиб Женевадаги виллага бориб қолганини аниқлашни талаб қилди.

- Музейга оид асарнинг қай тарзда Гулнора Каримованинг вилласига бориб қолганини аниқлашни сўрайман. Мен бу асарнинг музейга қайтарилишини талаб қиламан, - дейди Резников.

Игорь Резников Швейцария прокуратурасига ëзган аризасида Ўзбекистон давлат музейи экспонати бўлган “Анор” расмининг ўғринча Женевага келтирилганини гумон қилаëтганини айтган.

Шу билан бирга аризагўй "Анор" расмининг ташландиқ виллада қаровсиз ëтиб, путурдан кетаëтганидан ташвиш ҳам билдирган.

Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаеванинг маълум қилишича, Швейцария прокуратураси рассомнинг ўғли йўллаган аризани қабул қилиб олган.

Ҳозир Исроилда яшаётган Игорь Резников айнан Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳуқуқий кўмагида ўз отасига оид рангтасвир асарнинг музейга қайтарилишига эришмоқчи.

Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаеванинг иддаосича ҳам Лев Резниковнинг “Анор” картинаси Гулнора Каримованинг Женевадаги уйига Ўзбекистон ва халқаро қонунларга зид тарзда келтирилган.

Швейцария прокуратурасига ариза берган Игорь Резников Озодлик билан суҳбатда музейнинг кўчмас экспонати ҳисобланган “Анор” картинасини сақлай олмаган Ўзбекистон Давлат санъат музейини ҳам судга бериш ниятида эканини айтди.

- Отам 1990 йилда “Анор” картинасини Ўзбекистон Давлат музейи сотиб олганини фахрланиб гапириб юрар эди. Бу расмнинг Женевадаги уйда ташландиқ аҳволда ëтганини билгач, жуда ҳафа бўлдим. Отамга оид муаллифлик ҳуқуқларининг меросхўри сифатида бу масаланинг қонуний тарафини тафтиш қилдириш ва имкони бўлса, расмни бу аҳволга солганларни жавобгарликка тортишга эршиш ниятидаман. Давлат музейи бу расм учун маcъулдир. Агар уларга расм керак бўлмаса, менга қайтариб беришсин, бўлмаса судга бераман, - деди Озодлик мухбири билан суҳбатда Игорь Резников.

Ўзбекистон Президенти тўнғич қизига тегишли кўриладиган Швейцариядаги виллани қонунга зид тарзда ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон бу уйда Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та ўзбек тасвирий санъати дурдонаси борлигини маълум қилган эди.

Фаол бу асарлар қаторида марҳум рассом Лев Резников мўйқаламига оид “Анор” асари фотосуратини ҳам Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасига қўйган.

Сафар Бекжон "Анор" асари билан
Сафар Бекжон "Анор" асари билан
Отаси Лев Резниковнинг “Анор” картинасини Facebookда кўрган ва бу ҳамда бошқа расмлар ҳақидаги мақолани Озодлик саҳифасида ўқиган Игорь Резников Сафар Бекжон билан боғланиб, тафсилотларни ўрганганини айтади.

Сафар Бекжон бу асарга қай тарзда дуч келганини Гулнора Каримованинг Женевадаги уйидан туриб Озодликка айтиб берган:

- Уйдаги катта залда бўйи бир метр, эни бир метрлик ëрқин бир асар осиғлик турганига кўзим тушди. Асарда тарс ëрилган анор акс этган. Фавқулодда ëрқин ва таъсирли рангларда чизилган. Бу расмнинг кучли таъсир энергетикаси борлигини шундоқ ҳис қилдим. Расмнинг орқасида "Натюрморт "Гранат” хм 1Х90 1990...", деган ëзувлар бор, - деган эди Сафар Бекжон.

Асар орқасидаги ëзувлар
Асар орқасидаги ëзувлар
Санъатшунос Борис Чуховичнинг айтишича¸ Давлат музейи мулки бўлган ҳар қандай асарнинг бир жойдан иккинчи жойга кўчирилиши, қоидага биноан, махсус изн билан амалга оширилиши лозим.
Озодликнинг Ўзбекистон Давлат санъат музейидаги манбасининг айтишича асарларни бир жойдан иккинчи жойга кўчирилиши
музей муҳофизлари иштирокида, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг махсус буйруғи ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилиши лозим.

Айни пайтда Ўзбекистон Давлат санъат музейидаги Озодлик манбаси музей бош муҳофизи Мирфайз Усмоновдан олинган маълумотларга таяниб, 1990 йилда яратилган ва Игорь Резников муаллифи бўлган “Анор” асари музей мулки сифатида қайд этилганини тасдиқлади.

Музейнинг "КП" (Книга поступлений) дафтарида қайд этилган “Анор” картинаси музей заҳирасини тарк этган-этмаганини Озодлик манбаси аниқлай олмади.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўз твитларида бу можарога муносабат билдириб¸ Лев Резниковнинг “Анор” картинаси шу мавзуда "Муаллиф қайтариғи (авторский повторение) бўлиши ҳам мумкинку?!" мазмунида луқма ташлаган эди.

Женевадаги картина муаллифининг ўғли Игорь Резников Озодлик билан суҳбатда Гулнора Каримованинг бу эҳтимолини рад қилди.

Игорь Резниковнинг билдиришича, отаси бу мавзуда фақат иккита асар чизган ва улардан бири Исроилда, яна бири эса Ўзбекистон Давлат санъат музейи фондига сотилган.

Рассомнинг ўғли ўзи билан Исроилга олиб кетган “Анор” расми фотосуратини ҳам Озодликка жўнатди.

Ҳозирда Исроилда истиқомат қилаëтган Игорь Резников Женевадаги уйда ташландиқ ҳолатда қолаëтган ва музейга тегишли экани айтилаëтган “Анор” ва бошқа асарлар зудлик билан қонуний эгаларига қайтарилиши керак, деб ҳисоблайди.

Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева музейга оид бу расмларни қайтариш жараëни шаффофлигини кузатиш учун кучли жамоатчилик назорати зарурлигини айтди.

Асари Гулнора Каримованинг Женевадаги уйидан чиққан рассом Лев Резников 1929 йили Минскда туғилган.

1938 йилда оиласи билан Тошкентга кўчиб келган.

1948 йилдан бошлаб рассом Резников Ўзбекистондаги кўргазмаларнинг фаол иштирокчиси сифатида рангтасвир билан шуғулланган.

2004 йилда Тошкентда дафн қилинган бу рассомнинг асарлари Москвадаги Третьяков галереяси ва Шарқ халқлари санъати музейи коллекциясидан ўрин олган.
XS
SM
MD
LG