Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:46

Ўғил отасининг "Анор"ини сақлай олмаган Ўзбекистон Санъат музейини судга бермоқчи


Ўзбекистон Президенти тўнғич қизининг Швейцариядаги уйини қонунга зид тарзда изнсиз ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон бу уйда Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та ўзбек тасвирий санъати дурдонаси қаторида марҳум рассом Лев Резников мўйқаламига оид “Анор” асари фотосуратини ҳам facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасига қўйди.

Отаси Лев Резниковнинг “Анор” картинасини facebookда кўрган ва бу ҳамда бошқа расмлар ҳақидаги мақолани Озодлик саҳифасида ўқиган, ҳозирда Исроилда яшаётган Игорь Резников биз билан боғланиб, отаси ишлаган картинага оид ўз хавотирларини билдирди:

- Отам 1990 йилда “Анор” картинасини Ўзбекистон давлат музейи сотиб олганини фахрланиб гапириб юрар эди. Биз бу расм Ўзбекистон давлат санъат музейи хазинасида авайлаб сақланмоқда, деган қатъий фикрда эдик. Мен бу расмнинг Женевадаги уйда ташландиқ аҳволда ëтганини билгач, жуда хафа бўлдим. Отам бу расмни музейга сотган эди, аммо қандай қилиб бу расм Женевадаги уйга бориб қолди?! Мен отамга оид муаллифлик ҳуқуқларининг меросхўри сифатида бу масаланинг қонуний тарафини тафтиш қилдириш ва имкони бўлса расмни бу аҳволга солганларни жавобгарликка тортиш ниятидаман. Давлат музейи бу расм учун маcъулдир. Агар уларга расм керак бўлмаса, менга қайтариб беришсин, бўлмаса судга бераман, деди Озодлик мухбири билан суҳбатда Игорь Резников.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи уйини ишғол қилган ўзбек фаоли Сафар Бекжон бу асарга қай тарзда дуч келганини Гулнора Каримованинг Женевадаги уйидан туриб Озодликка айтиб берди:

- Гулноранинг уйидаги катта залда бўйи бир метр, эни бир метрлик ëрқин бир асар осиғлик турганига кўзим тушди. Асарда тарс ëрилган анор акс этган. Фавқулодда ëрқин ва таъсирли рангларда чизилган. Бу расмнинг кучли таъсир энергетикаси борлигини шундоқ ҳис қилдим. Расмнинг орқасида "Натюрморт "Гранат” хм 1Х90 1990...", деган ëзувлар бор, деди Сафар Бекжон.

Женевадаги картина муаллифининг ўғли Игорь Резниковнинг Озодликкка билдиришича, отаси анор мавзусида фақат иккита асар чизган ва улардан бири Исроилда, яна бирини эса, юқорида айтилганидай, музей сотиб олган.

- Тошкентда оламдан ўтган отам Лев Резников анор мавзусида фақат икки расм чизган. Шу икки асардан бири бўлган “Анор” асарини музей сотиб олган эди. Бу мавзудаги яна бир асарини Исроилга олиб келдим, деган рассомнинг ўғли ўз тасарруфидаги “Анор” расми фотосуратини Озодликка жўнатди.

Давлат музейи мулки бўлган ҳар қандай асарнинг бир жойдан иккинчи жойга кўчирилиши, қабул қилинган қоидага биноан, музей муҳофизлари иштирокида, Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлигининг махсус буйруғига кўра, амалга оширилиши лозим.

Айни пайтда Ўзбекистон Давлат санъат музейидаги Озодлик манбаси музей бош муҳофизи Мирфайз Усмоновдан олинган маълумотларга таяниб, 1990 йилда яратилган ва Игорь Резников муаллифи бўлган “Анор” асари музей мулки сифатида қайд этилганини тасдиқлади.

Музейнинг "КП" (Книга поступлений) дафтарида қайд этилган “Анор” картинасининг музей заҳирасини тарк этган-этмаганлигини Озодлик манбаси аниқлай олмади.

1929 йили Минскда туғилган рассом Лев Резников 1938 йилда оиласи билан Тошкентга кўчиб келган. 1948 йилдан бошлаб рассом Резников Ўзбекистондаги кўргазмаларнинг фаол иштирокчиси сифатида рангтасвир билан шуғулланди.

2004 йилда Тошкентда дафн қилинган бу рассомнинг асарлари Москвадаги Третьяков галереяси ва Шарқ халқлари санъати музейи коллекциясидан ўрин олган.

Ҳозирда АҚШда истиқомат қилаëтган асли ўзбекистонлик рассом Сергей Игнатьев Женевадаги уйда ташландиқ ҳолатда қолаëтган ва музейга тегишли экани айтилаëтган “Анор” ва бошқа асарлар зудлик билан қонуний эгаларига қайтарилиши керак, деб ҳисоблайди.

Сергей Игнатьев бу расмларни қайтариш жараëни шаффофлигини кузатиш учун жамоатчилик назорати зарурлигини айтди.

Озодлик билан боғланган ва хавфсизлик нуқтаи-назаридан исми ошкор қилинишини истамаган тошкентлик ҳайкалтарош музейдаги асарларнинг ўғирлангани борасида судда кўрсатма беришга тайëрлигини билдирди.

***

Гулнора Каримованинг уйидан топилган расмлардан бири
Гулнора Каримованинг уйидан топилган расмлардан бири
Мақолани тайëрлаш жараëнида Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги музейлардан тазйиқ ўтказиш йўли билан халқ амалий санъатига оид асарларни тортиб олгани ҳақидаги маълумот ва иддаолардан бир нечтаси ўртага чиқди.

Ана шундай иддаолардан бирида Хива “Ичан қалъа” музейида сақланган қадимий эгар-жабдуқ Хоразмнинг ўша пайтдаги хокими Ислом Бобожонов тарафидан Гулнора Каримовага совға қилингани борасида бўлди.

Озодлик мухбири Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлигининг музейлар бўлими ва ëдгорликларни ҳимоя қилиш инспекциясига қўнғироқ қилиб, музейлардаги камомад ҳақида изоҳ сўради.

Мутасаддилар бу борада сукут сақлашни маъқул кўришди.

Озодлик Ўзбекистон музейларидаги талон-тарож ҳолатлари бўйича ўз суриштирувини давом эттиради.
XS
SM
MD
LG