Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:02

Гулнора Каримова: Отам онамнинг фитналаридан бехабар


Гулнора Каримованинг айтишича, онаси Татьяна Каримова ва синглиси Лола Каримованинг фитналаридан отаси Ислом Каримов бехабардир.
Гулнора Каримованинг айтишича, онаси Татьяна Каримова ва синглиси Лола Каримованинг фитналаридан отаси Ислом Каримов бехабардир.

Гулнора Каримова Британиянинг Guardian газетасига ҳам интервью берди. Жаҳоннинг энг нуфузли нашрларидан бири ҳисобланган газетада жума куни пайдо бўлган интервьюда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи яна онаси ва синглисини ўзига қарши барбод қилиш кампаниясини авж олдирганликда айблади.


Гулнора Каримованинг интервьюда айтишича, президент Ислом Каримов ҳозирда юзага келган вазиятнинг кўп жиҳатларидан, хусусан рафиқаси Татьяна Каримова уюштираётган фитналардан бехабар қолмоқда. Унинг айтишича, онаси ва синглиси ўзларининг келажагини ўйлаб, Ўзбекистон махфий хизматлари билан тил бириктирган ҳолда уни, яъни Гулнора Каримовани йўқ қилиш ҳаракатларини бошлаган.

Гулнора Каримованинг яна айтишича, ҳамма жанжал синглиси Лола Каримова-Тиллаеванинг Би-Би-Сига интервью беришидан бошланган. Президентнинг тўнғич қизи бу интервьюни сиёсий қадам дея баҳолаб, унда билдирилган фикрларнинг баъзиларини “оилага нисбатан хиёнат”, дея баҳолайди. Хусусан, Лола Каримова-Тиллаева ўз миллиардларини ҳимоя қилиш учун берган бу интервьюсида, президент Каримовни “диктатор” деб аташларига эътирози йўқлигини айтгани, Гулнора Каримованинг таъкидлашича, “хиёнат” бўлган ва отаси бундан “қаттиқ ранжиганини” айтган.

Guardian газетасига берган интервьюсида Гулнора Каримова яна бир бор ҳеч қачон президент бўлиш ниятлари бўлмаганини таъкидлаб, аслида синглиси Лоланинг президентлик амбициялари борлигига ишора қилади.

Гулнора Каримова Ўзбекистонда қолаётгани ва мамлакатни тарк этиш нияти йўқлигини ҳам иддао қилади. “Мен ўзбекларни яхши кўраман. Улар қанчалик сиёсат ва пулдан йироқ бўлишса, улар билан ўзимни шунчалик қулайроқ ҳис қиламан”, дея қўшимча қилади у.

Ўзбекистонда, маълум маънода, иқтидордан масофалантирилган Гулнора Каримова икки ҳафта ичида хориж матлуботига иккинчи марта интервью бермоқда.

Ўтган ҳафта бошида Туркиянинг “Ҳуррият” газетасига берган интервьюсида ҳам Гулнора Каримова онаси ва синглисини Ўзбекистон махфий хизматлари билан тил бириктирган ҳолда катта миқдорда пулларни ўмарганлик ва уни йўқ қилишга уринаётганликда айблаган эди.
XS
SM
MD
LG