Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:59

Тошкент Авиасозлик корхонаси механика заводига айланди


Бир пайтлар Марказий Осиёда ягона ҳисобланган “Чкалов номидаги Тошкент авиация бирлашмаси” охирги самолётни 2012 йилда чиқарди.
Бир пайтлар Марказий Осиёда ягона ҳисобланган “Чкалов номидаги Тошкент авиация бирлашмаси” охирги самолётни 2012 йилда чиқарди.

Тошкент авиасозлик заводига нисбатан банкротлик жараёни бекор қилинди. Тошкент хўжалик судининг бунга оид қарорига кўра, корхонадан “Чкалов номидаги Тошкент авиация бирлашмаси” номи олиб ташланди. Бир неча йилдан бери синиш ёқасида бўлган завод вакилининг Озодликка айтишича, суд қарори билан “Тошкент механика заводи”га айлантирилган корхонада энди самолётлар ишлаб чиқарилмайди.



Тошкент хўжалик суди 19 ноябрь куни самолётсозлик корхонасига нисбатан банкротлик жараёнини бекор қилиш тўғрисида қарор чиқарди.

Бир неча ой аввал Тошкентдаги корхонада “Ил-114” самолётларини йиғиш ишлари давом этиши мумкинлигига доир хабарлар пайдо бўлган эди.

Лекин завод вакилининг Озодлик мухбирига айтишича, бир пайтлар Марказий Осиёда ягона ҳисобланган самолётсоз корхонадан энди самолёт чиқмайди.

- Йўқ, бундай маҳсулот энди чиқмайди. Албатта, бунинг учун ускуналар сақланиб қолган, лекин бундан кейин самолётсозлик билан шуғулланмасак керак. Балким, ўзимизнинг "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати учун “Ил-114” самолёти бўйича баъзи ишларни амалга оширишимиз мумкиндир. Лекин ҳозир аввалги имкониятларимиз қолмаган,- деди Тошкент механика заводи юристи.

Корхона юристи Юрий Чабин Озодлик билан суҳбатда суд қарорига кўра, завод бундан кейин “Чкалов номидаги Тошкент авиация бирлашмаси” эмас, “Тошкент механика заводи” брэнди остида фаолият юритади, дея маълум қилди.

Юрий Петрович, банкротлик жараёни тўхтатилди, деган хабарга ҳам аниқлик киритди.

- Жараён тўхтатилмади, олиб ташланди. Яъни бу биз ишлашни давом эттирамиз дегани. Лекин янги брэнд остида бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз,- деди Тошкент Механика заводи юристи.

Суҳбатдошимиз, корхонада қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини олдиндан айта олмаслигини билдирди.

Завод вакилининг Озодлик мухбирига айтишича, сўнгги уч йил ичида корхона ҳақдорларидан қарзининг катта қисмини узгани Тошкент хўжалик судининг 19 ноябрь кунги қарорига асос бўлган. Лекин ҳали узилмаган қарзалар сақланиб қолганини эътироф этган Чабин, гап қандай сумма ҳақида кетаётганини аниқлаштирмади.

Унинг айтишича, Тошкент механика заводини таъсис қилиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ишлари ҳали бошланмаган ва янги тузилажак корхонада қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳам ҳозирча номаълум.

“Чкалов номидаги Тошкент авиация бирлашмаси” 1941 йилда ташкил топган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Москва вилоятидан эвакуация қилиниб, Тошкентда қолиб кетган самолётсоз корхонада фуқаровий ва ҳарбий авиация учун мингlан ортиқ самолёт ишлаб чиқарилган.

Завод турли йилларда 20 мингача одамни иш билан таъминлаган ва унда “Ил-76”, “Ил-114” каби йўловчи ва юк ташувчи самолётлар ҳамда бошқа турдаги учиш аппаратлар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилган.

1990 йиллар охирлари 2000 йиллар бошларида заводда ишлаб чиқариш деярли тўхтаб қолди ва манти-қосқон, кастрюль, қозон каби хўжалик моллари ишлаб чиқарилган.

2010 йилда кредиторлари олдидаги молиявий мажбуриятларини бажара олмаслиги маълум бўлган корхонага нисбатан Тошкент шаҳар хўжалик суди қарори билан банкротлик жараёни бошланди.

Ундан кейин Ўзбекистон ҳукумати Германиянинг Mercedes-Benz ширкати билан авиасозлик заводи ўрнида немис автобусларини йиғиш бўйича қўшма корхона ташкил қилинишини эълон қилди. Лекин немислар билан келишувга эришилмагани сабабидан бу ният амалга ошмади.

2012 йил май ойида “Чкалов номидаги Тошкент авиация бирлашмаси” цехидан охирги "Ил-114" русумли самолёт чиқарилди. Шу йили заводдаги ускуналарни демотаж қилиш ишлари бошланди.
XS
SM
MD
LG