Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:38

Тошкентдаги қимматбаҳо бренд дўконлари муҳрланди


Амир Темур проспектидаги New Millennium дўконида дунëнинг қимматбаҳо брендлари томонидан тикиладиган кийим-кечак ва оëқ кийимлари сотилар эди.
Амир Темур проспектидаги New Millennium дўконида дунëнинг қимматбаҳо брендлари томонидан тикиладиган кийим-кечак ва оëқ кийимлари сотилар эди.
Тошкентдаги Озодлик манбалари¸ қолаверса Ўзбекистондаги Интернет нашрларнинг хабар қилишича¸ пойтахт марказидаги Ғарб кийим-кечак ширкатлари маҳсулотини сотувчи New Millennium, GEOX, S.Oliver, Antony Morato¸ Mango ва Benetton дўконлари ëпилган. Озодликнинг Ўзбекистондаги бутик бизнесига яқин манбаларига кўра¸ бу дўконларнинг асл эгаси Гулнора Каримовадир.

Тошкентнинг қоқ марказидаги Мустақиллик майдонига туташ ҳудудда жойлашган қимматбаҳо кийим-кечак дўконларига 15 ноябрь куни борган Озодлик манбаси¸ улар аксарияти¸ хусусан¸ Амир Темур проспектида жойлашган "New Millennium" дўконининг тақа-тақ ëпиқ эшигига 14 ноябрь тарихи билан МХХ терговчиси С.Шодиев ва бошқалар имзо чеккан “Муҳрланди” деган ëзув осилганига гувоҳ бўлди.

New Millennium дўкони эшигига 15 ноябрь куни осиғлиқ расмий қоғоз.
New Millennium дўкони эшигига 15 ноябрь куни осиғлиқ расмий қоғоз.
"Муҳрланди" деган ëзув остида КҚКББ деган қисқартма ëзилиб¸ бир неча имзо қўйилган¸ пастроқда эса МХХ терговчиси имзоси тиркалган.

Айтилишича¸ КҚКББ - Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси қошидаги Контрабандага қарши кураш бош бошқармаси қисқартмасидир.

Тошкентлик тадбиркор Саид Аҳмедовнинг билдиришича¸ улгуржи савдо дўконини муҳрлашда МХХ терговчисининг аралашгани¸ New Millennium эгаларининг ноқонуний валюта айланмасида айбланаëтганини тахмин қилишга асос беради.

Бундан бошқа ҳолатларда дўкон ва савдо шохобчаларида текширув ўтказиш¸ уларни ëпиш ваколати Давлат Солиқ қўмитаси¸ прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ходимларига қарашлидир¸ дейди тошкентлик тадбиркор.

Муҳрланган дўконлар орасида¸ Озодлик манбасига кўра¸ Ғарб дизейнерлари моллари билан савдо қилувчи "Podium Italia", "Mango", "Benneton", "Lewis", "Bogner sport", "New millenium", "Oliver" каби дўконлар бор.

Ўзбекистондаги Podrobno.ru агентлигининг ëзишича¸ бу дўконлар пайшанба куни ëпилган ва шу куни модага ружуъ қўйган ўзбекистонлик ëш харидорлар улар бекитилганини кўриб¸ қаттиқ хафа бўлишган ва “севимли дўконлари эшик тутқичларини ўпиб” хайрлашишган.

Агентликка кўра¸ асосий харидори Тошкентдаги бадавлат оилалар фарзандлари бўлган бу бренд дўконларининг ëпилиши¸ шу табақа томонида ижтимоий тармоқларда муҳокама этилаëтган асосий мавзуга айланган.

Бу дўконлар тармоғи 2013 йилнинг 28 июнь куни тантанали равишда очилган ва бу янгилик Гулнора Каримовага қарашли телеканал ва Интернет нашрларида кенг ëритилган эди.

Озодликнинг Ўзбекистондаги кийим-кечак бизнесидаги манбаларига кўра¸ Тошкентдаги аксар қимматбаҳо Ғарб брендлари дўкони президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовага қарашли ва бу дўконлар ëпилиши ҳам Каримова “бизнес империяси”га қарши октябрнинг сўнгги ўн кунлигидан бошланган текширувларнинг давомидир.

Twitter ижтимоий тармоғи орқали ўз манфаатларига қарши бораëтган кампанияни мунтазам шарҳлаб келаëтган Гулнора Каримова бу ишнинг ортида МХХ раиси¸ генерал Рустам Иноятов турганини иддао қилмоқда.

15 ноябрь кунги твитларидан бирида Гулнора Каримова “Parfume Gallery”нинг ҳам ëпилгани ҳақида гап бор¸ деб ëзди. Озодликнинг Тошкентдаги парфюмерия тармоғида ишловчи манбасига кўра¸ бу галерея ҳам Гулнора Каримовага қарашли.

15 ноябрь куни Озодлик “Parfume Gallery” марказий офиси билан боғланди. Озодлик мухбири билан рус тилида суҳбатлашган ходима¸ атир-упа савдоси билан шуғулланувчи бу дўконларнинг ишлаëтганини билдирди.
XS
SM
MD
LG