Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:58

GKнинг шов-шувли твитлари: Live blog-1


20 октябрдан бошлаб "сиқув"га олина бошлаган президентнинг тўнғичи Гулнора Каримованинг деярли барча бизнес объектларида тафтиш ишлари давом этмоқда.

Шу пайтгача "ўзи хон, кўланкаси майдон" бўлиб келган Каримова хоним барча теле- радиоканаллари, кафе- ресторанлари ëпилиб, назоратида бўлган бошқа бизнес тармоқлари ҳам "фалажланган" бир пайтда ўзининг ягона "юпанчи" сифатида Twitterдан фойдаланмоқда.

Ҳар куни деярли 24 соат давомида битик қолдираётган @GulnaraKarimova ўз твитлари орқали шов-шувга сабаб бўладиган маълумотларни ҳам "ошкор" қилишдан тўхтамаяпти.


Ушбу жараённи Ozodlikнинг янги LIVE BLOGи орқали кузатинг!!!!

Twitterда "бекинмачоқ ўйнаётган" Гулнора бир кунлик "танаффус"дан сўнг 23 ноябрь куни кечқурин яна "твит майдони"га қайтди. Янги ғайрат билан твитлашни бошлаган Гулнора Каримова твитларининг "бош қаҳрамони" шанба куни ҳам онаси бўлди.

Гулноранинг янги твитларидан маълум бўлишича, онаси жияни Акбаралини ўғил ўрнида кўрган.
"Уни ўғлим дерди, у онам билан ҳар куни биздан кўра кўпроқ бирга бўларди. Барча буйруқларини бажарарди. Европа, Исроил, Москва, Туркиядан озиқ-овқат, кийим-кечак, заргарлик буюмлари, усталарни онам учун муҳайё қилган", дея ёзди Каримова.
Гулноранинг навбатдаги твитларига кўра, онаси у билан учрашишни истамаяпти.
"Мени ҳам, болаларимни ҳам онам яшайдиган уйга киритишмаяпти. Телефонда ҳам гаплашмаяпти... Онам барчага телефонларимизга жавоб бермаслик борасида буйруқ берган! Хатларимизни ҳам олишмаяпти! Умуман алоқага чиқиш йўқ", дея твитлади Каримова.
22 ноябрь. Гулнора Каримованинг Twitterдаги саҳифаси яна ғойиб бўлди
21 ноябрь куни туш пайти "ғойиб" бўлиб, жума куни кечқурун қайта пайдо бўлган Гулнора Каримованинг Twitterдаги @GulnaraKarimova аккаунти ушбу тунда яна ёпилди.
Каримова саҳифаси қайта очилганидан икки соат ўтиб, твит мулоқотини бошлади.
«Мен Твиттерда озгина муддат бўлмадим, лекин аллақачон бир қанча каламушлар пайдо бўлдики, «кичкина ғалаба»сидан ҳураяпти!", дея твитлар "ёмғирини ёғдира бошлади".
Гулнора твитлари орқали онасига мурожаат қилиб, «Онажон! Мен биламанки, сен менинг ёзганларимни диққат билан ўқияпсан.. ва нимага бу твиттерни тўхтатиш ва менинг овозимни ўчириш мумкин эмаслигидан жазавага тушаяпсан», дея твитлади.
Онасига аталган йигирмадан зиёд твит ёзган Каримованинг аккаунти 7 соатча фаолиятидан кейин яна ёпилди.
Бу GK Twitter саҳифасининг учинчи бор "йўқолиши"дир.
22 ноябрь. GK твитлашни бошлади

Каримова саҳифаси қайта очилганидан икки соат ўтиб, твит мулоқотини бошлади.

«Мен Твиттерда озгина муддат бўлмадим, лекин аллақачон бир қанча каламушлар пайдо бўлдики, «кичкина ғалаба»сидан ҳураяпти!", дея твитлар "ёмғирини ёғдира бошлади".

Гулнора твитлари орқали онасига мурожаат қилиб, «Онажон! Мен биламанки, сен менинг ёзганларимни диққат билан ўқияпсан.. ва нимага бу твиттерни тўхтатиш ва менинг овозимни ўчириш мумкин эмаслигидан жазавага тушаяпсан», дея твитлади.

22 ноябрь. Гулнора Каримованинг Twitter саҳифаси қайта очилди

21 ноябрь куни туш пайти "ғойиб бўлган" Гулнора Каримованинг @GulnaraKarimova аккаунти Twitterда пайшанба куни кечқурун қайта пайдо бўлди.

Саҳифада Каримованинг аввал ёзган твитларининг барчаси сақланган. Бироқ саҳифада айрим техник носозликлар кўзга ташланади. Жумладан, унинг 50 мингга яқин фолловерлари бош саҳифада акс этмаган. Лекин уларнинг барчаси фолловерлар рўйхатида бор.

Бу GKнинг Twitter саҳифасининг иккинчи бор йўқолиб, қайта "тирилиши".

21 ноябрь. Гулнора Каримованинг Twitterдаги саҳифаси ёпилди

21 ноябрь куни туш пайти п резидентнинг тўнғичи Гулнора Каримованинг @GulnaraKarimova аккаунти Twitter саҳифасидан ғойиб бўлди.

Озодлик мухбири суҳбатлашган Гулнора Каримова яқинларидан бири¸ Россия Жамоатчилик палатаси аъзоси¸ блоггер¸ Каримова медиа лойиҳаларининг маслаҳатчиси Антон Коробков бу аккаунтнинг ўз тарафдорлари хавфсизлиги учун Каримованинг ўзи томонидан ëпилганини билдирди.

@GulnaraKarimova ëзган сўнгги твит "Менга саволларингиз бўлса, Фонд Форум лентаси ва сайтига ёзинг", деган таклиф бўлганидан Коробковнинг бу гапида жон борлиги кўрилади.

Каримова сўнгги твитидан у бошлаган "мулоқот майдони"нинг Twitterдан Фонд Форум лентаси ва сайтига кўчишини кутиш мумкин.

Аммо ҳозирча Фонд Форум лентаси ва сайтида @GulnaraKarimova твитлари руҳидаги ëзувлар кўрингани йўқ.

Гулнора сўнгги твитлари орқали ўзи раислик қиладиган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси яъни Фонд Форум фаолиятини тўхтаётгани ҳақида ёзди.

“Устозлар, ёниб-куйиб ишлайдиган ходимлар ва кўнггиллилар, шуни эълон қилмоқчимизки, Фонд Форумнинг бош офиси ўз фаолиятини тўхтатмоқда”, деб ёзди Каримова.


Гулнора Каримова "шогирдлари" терроризмда айбланиб ҳибсга олинди
Каримованинг бугунги твит-хабарига кўра, "Келажак овози" Ёшлар ташаббуслари марказининг фаоллари терроризмда айбланиб, ҳибсга олинган.
@GulnaraKarimova "Ҳозир КО ("Келажак овози"марказини назарда тутаяпти)нинг Интернет макони бўйича семинари қатнашчисини Интернет уюшмасидаги иштироки учун олиб кетишаяпти", дея хабар қилиб, бу айбловни "абсурд" дея атади.
"Барча, кимки, ақли ва юрагидан айрилмаган бўлса! Ёшларни синдириш мумкин эмас!", дея таъкидлаган Гулнора кейинги твитларида ёзишича, фаол -талаба қиз бўлиб, у кечаси уйидан милиция бўлимига олиб кетилган.

"Каракоз Эвелинани ҳукуматга қарши тақиқланган сайтларга киргани учун милиция бўлимига олиб кетишгани"ни ёзди Каримова.
"Бу 1938 йил эмас-ку, тунда секингина уйидан олиб кетиш учун", дея твитлаган Каримова ўзининг ҳам милиция бўлимига боргани ҳақида ёзди.
Гулнора "шогирди"нинг ҳимояси учун милицияга борганми ёки фаолнинг "фаолияти" учун кўрсатмага чақиртирилганми, Каримова буни ҳам очиқламади.
Каримованинг кейинги твитларидан маълум бўлишича, бугуннинг ўзида "Келажак овози"нинг ўндан ортиқ фаоли терроризмда айбланиб, ҳибсга олинган.

Гулнорага кўра, бир пайтнинг ўзида ўндан ортиқ манзилдан энг таниқли ва истеъдодли "келажакчилар"ни олиб кетишган.

@GulnaraKarimova жумладан, "Тошкент Тиббиёт институтининг талабаси ва "Келажак овози" фаоли, "Биз бир жамоамиз!" талабаларининг тренери Шоҳруҳ Ғаниев ҳам уйидан йўқолган"ини маълум қилди.

P.S. Гулнора Каримова "шогирдлари"нинг ҳибсга олиниш тафсилотларини очиклашда давом этаяпти. Live blogимизни кузатинг!!!

Каримова хоним Шоҳруҳ рэпперни қўрқоқликда айблади

@GulnaraKarimova ҳозирда лицензиясидан айрилиб, тақиқланган хонандалар қаторида бўлган Шоҳруҳ рэпперни қўрқоқлик ва шармандаликда айблади.

Шоҳрух рэппернинг мухлисларидан бири Каримованинг Twitter лентасида "Бечора Шоҳруҳ шунча истеъдоди билан йўқолиб кетаяпти", деган мазмундаги твитни қолдирди.

Каримова Шоҳруҳнинг отасини эслаб, “5 йил аввал! У Абу Саҳийнинг божхона бедодлигининг мустаҳкамланишига ҳалақит қилди... ҳеч қандай солиқларсиз ва тўловларсиз! Ўшанда барчани тозалашди... Унинг отаси бунга ягона мисол эмас... У онасидан ҳам ажралиб қолишига сал қолди”, дея ёзди.

Бунга жавобан Шоҳруҳ рэппернинг Twitterдаги расмий саҳифасини тақдим қилаётган @shoxruxofficial аккаунтидан “Менинг номимдан баёнот қилманглар. Буларнинг барчаси ҳақиқат эмас!”, деган твит йўлланди.
Бу гапдан @GulnaraKarimovaнинг “ғазаб отига мингани”ни унинг твитлари орқали илғаш мумкин бўлади.

“Наҳотки қўрқув одамларнинг миясини шундай “ҳўллайди”?! Сизнинг отангиз кучлироқ!”, “Мен сиз учун курашгандим! Ҳар сафар сиз йиғлаган ҳолда ёрдам сўраб келардингиз! Нима ўзгарди? Бу твит учун сизга конфет ваъда қилишдими?!”, “Балки сизни ҳайдалган институтингизга қайтадан қабул қилишар?! Ифлос одам экансиз! Шундай кучли ота учун бу шармандалик!”, дея шу мазмундаги ўнга яқин твит қолдирди.

18 ноябрь. Гулнора Каримова онасини пулга сиғинишда айблади

Гулнора Каримова онасини "пулга сиғиниш"да айблаб, "отаси ҳеч қачон онасини севмагани" ҳақида тавитлади.

Аввалроқ онасини жодугарликда айблаган Гулнора Каримова 18 ноябрь куни онасини “пулга сиғиниш”да айблади. "Оиламизда пулга сиғиниш ҳеч кимда бўлмаган. Кейинчалик у онамда пайдо бўлди”, деб ёзди @GulnaraKarimova.

Каримова хоним шу куннинг ўзида онаси шаънига қарши яна бир қанча твит қолдирди.

“Бошқаларга муҳаббат бера олмаслиги жаҳлни чиқарадими? Йўқ! Унга ачинаман! У севиш нима эканини билмайдику! Афтидан уни ҳеч қачон ҳеч кимни севмаган!”, дея ёзди Каримова.

Бу гаплар айнан онасига қаратилганини иккита твити орқали таъкидлаган Гулнора “отаси онасини ҳеч қачон севмагани”ни ҳам ёзди.

15 ноябрь. Каримова "заҳарланганини исботловчи ҳужжат"ни келтирди

Каримова хоним ўзини заҳарлашга ҳаракат қилишганини яна бир бор таъкидлаб, ушбу "суиқасд уринишини исботловчи ҳужжат"ни твит лентасида эълон қилди.

“Заҳарлашга ҳаракат қилишганди... бир неча ойдан буён даволанаяпман”, деган @GulnaraKarimova “заҳарланиш воқеасига ишонмаётганлар учун исбот” сифатида бир ҳужжатни эълон қилди.
Немис тилида ёзилган ва кўринишидан тиббий хулосага ўхшаш ушбу маълумотномада бирор исм кўрсатилмаган. Ҳужжат кимга берилгани ва ким томонидан берилгани ҳам номаълум.

На бирор бир исм-фамилия, на унинг берилган санаси маълум. Ҳужжатда фақат минераллар миқдори ҳақидаги маълумотлар бор холос.

Маълумотноманинг қизил рангли қалам билан устидан чизилган жойида рух ва симоб миқдорининг нормадан зиёд экани кўрсатилган.

Каримова хоним 31 октябрь куни ҳам ўзини заҳарламоқчи бўлишгани ҳақида ёзганди.

"Мени симобга ўхшаган оғир метал билан заҳарлашга ҳаракат қилишди. Худонинг хоҳиши билан мени оёқдан йиқита олганлари йўқ. Лекин ҳануз даволанаяпман", дея ёзган Каримова бу воқеа қачон, қаерда, ким томонидан қилинганини очиқламаган.

14 ноябрь. Каримованинг ParfumeGallery ёпилгани ҳақидаги хабари тасдиқланмади

Гулнора Каримова Twitterдаги саҳифаси орқали ёйинлаган ParfumeGallery ёпилгани ҳақида твит-хабари тасдиқланмади. ParfumeGallery ходимлари Озодлик мухбирига одатдаги тартибда ишлаётганликларини айтишди.

@GulnaraKarimova 14 ноябрь куни кечқурин твит лентаси орқали ParfumeGallery ёпилгани ҳақида хабар қилди.
Озодлик мухбири Parfumgallery.uz сайтида эълон қилинган телефонларга мижоз сифатида қўнғироқ қилганида, бу хабар тасдиқланмади.

"Тошкентдаги Олой бозори ёнида Главпочтамт билан "Ёлки-палки" ресторани орасида жойлашган офисимизга келиб, харид қилишингиз мумкин. Биз нормал ишлаяпмиз. Ёпилганимиз йўқ", деди ParfumeGallery ходимаси.

Шунингдек, Каримова ўз бизнеси "сиқув"га олингани ҳақида "бонг" ураётган бир пайтда Фонд Форум Лондонда анжуман ўтказгани хабар қилинди.

13 ноябрь: Каримова: Форум ТВни "погром" қилишди

@GulnaraKarimovaнинг ёзишича, 13 ноябрь куни эрталаб Форум ТВга "босқинчилик" қилинган.

“Эрталаб Форум ТВнинг ёшлар студиясига погром уюштирилди... ёшлар ҳайдалди.. ҳозирча қурбонлар йўқ.. Авваллари бу каби автоматли “қўрқинчли амаки”ларни болаларни қўрқитиш учун телевизор орқали кўрсатишарди", дея твитлади Каримова.
Сал кейинроқ бу мавзуни яна давом эттирган @GulnaraKarimova "погром пайти одамларни калтаклашгани ва туҳматларни бўйнига олишга мажбурлашган"и ҳақида ёзди.

Эфирдан бир кунда олиб ташланган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканалларининг фаолияти шу кунларда ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан жиддий тафтиш қилинаëтгани хабар қилинди.

Ҳужатларидаги мақомига кўра "нодавлат телеканал" бўлган бу телевидениеларнинг асл эгаси Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова экани иддао қилинади.

Тошкентда битта бино ичида жам бўлган ва 21 октябрь, эрталаб соат 10 да эфирдан тўсатдан ғойиб бўлган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS каналлари раҳбариятига "лицензион шартларга риоя қилмаганлиги ва қайд қилинмаган пул оқимини ташкил этгани" юзасидан айбловлар илгари сурилган.


12 ноябрь. @GulnaraKarimova: Ўзбекистондан чиқиб кетишимни хоҳлашаяпти!

Каримова хоним бугунги твитлари орқали “унга овозини ўчириши учун тазийқ бўлаётгани ва мамлакатдан чиқиб кетишини хоҳлаётганликлари” ҳақида маълум қилди.

“Президентнинг қизи бўлсангиз, нимага сизни тинч қўйишмаяпти” қабилидаги фолловерларининг саволларига Гулнора жавоб берар экан, “Менга “эътибор” қаратаётганликларининг сабаби, овозимни ўчиришимни ва кетишимни исташаяпти... уйда ҳеч нарса гапирмаслигим керак, шундоғам кўп гапирдим... Менга тиш қайрашаяпти... ҳамма нарсани остун-устун қилиш учун... ва овозимни ўчиришим учун тазйиқ қилишаяпти.. Лекин ҳақиқий одамлар учун ачинаман!", деб ёзди.


12 ноябрь: @GulnaraKarimova: Nirvana хўжайинини ҳибсга олишди
Гулнора бугунги твитлари орқали Nirvana хўжайинининг ҳибсга олингани ҳақида хабар қилди.
Каримова буни "унга қарши маълумот йиғаётганларнинг иши" эканини писанда қилди.
"Жасур қўшиннинг энг "қўрқинчли хавфли давлат-жиноятчиси"ни қўлга олишдан бошқа қиладиган иши йўқ шекилли! Наҳотки эндиликда бюджетдан ҳеч ким миллионларни ўғирламаяпти?! Энди МХХ кучи билан фақат сотувчилар, сосискачилар, сомсапазларни ушлашади! Бу Давлат хавфсизлигининг вазифаси экан-да?!", дея твитлади Каримова.

Nirvana президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовага яқин алоқадор шахс экани айтиладиган Рустам Мадумаровга тегишли.

Сентябрь ойи бошида Тошкентдаги Nirvana аудио ва видео маҳсулотлари тармоқ дўконларида рейдлар ўтказилиши ортидан бу ширкат эгаси Рустам Мадумаровнинг қаерда экани номаълум қолаётган эди.

Nirvana тармоқ дўконлари 9 сентябр кунидан бери ёпиб қўйилган. Ширкат фаолияти эса ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан текширилмоқда.

Рейдлар давомида Nirvana дўконларида қароқчилик йўли билан ишлаб чиқилган контрафакт аудио-видео дискларнинг катта партияси мусодара қилингани хабар қилинди.

Манбаларимизга кўра, кейинги икки ой мобайнида Nirvana эгаси Рустам Мадумаровнинг қаердалиги ҳам номаълум қолаётганди.

4 ноябрь куни Озодликнинг бир-биридан мустақил икки манбаси Рустам Мадумаровнинг рейдлар бошланиши биланоқ Ўзбекистондан чиқиб кетгани ва ҳозирда Лондонда эканини айтишган эди.

“Рустамнинг Лондонда уйи ва тижорати ҳам бор. Унинг шу ерга кетганини эшитдик”, деди манбамиз.

Иккинчи манба эса, Мадумаров Гулноранинг Ўзбекистондан қочган қўриқчиси билан бирга Лондонда эканлигини айтди.

"Гулнора қўриқчиларининг бошлиғи анча аввал Лондонга қочган эди. Рустам у билан жуда яқин алоқада эди. Мендаги маълумотларга кўра, Рустам ҳозир ўша қўриқчи ёнида", деди манбамиз.

Манбаларимизнинг бугун берган маълумотига кўра, сал аввалроқ Гулноранинг Лондонга қочган қўриқчисини ушлаб олиб келишган ва унинг ортидан Рустам Мадумаров ҳам хориждан "олиб келинган".

Айни пайтда Озодлик Мадумаровнинг айнан хориждан ушлаб келинганини тасдиқлатиш имконига эга бўлмади.

11 ноябрь. Гулнора Президент хавфсизлик хизматидагиларни “оргия”да айблади

@GulnaraKarimova ўз твит лентасида ёйинлаган навбатдаги компроматларида Президент хавфсизлик хизматидагиларни “қўл остидаги ходимларини оргияга мажбурлаш”да айблади.
“СБП (Президент хавфсизлик хизмати бошлиғи)нинг собиқ ўринбосари полковник Ботир Умаровнинг ҲАЛОЛ шерикларидан аризалар, кўрсатмаларни роса тўплашди, бошқаларни қўрқитиш учун СБПнинг қатор ходимларини ҳамманинг кўз олдида намойишкорона ҳибсга олишди. Улар орасида доимо низо бўлиб келган ва бу ходимлардан бири Умаровни бедодлик ва сурбетлиги учун ҳамманинг кўз олдида урди.

Энди доимгидек, бир нарсани тўқиб чиқаришади. Менинг ёнимдагилардан ўзлари учун ёқимсиз бўлганларни бу тўқималарга тиқишади ва ... улар ўзлари хизматда қилган бедодликлар учун, қўл остидагиларни калтаклаш, хизмат пайтидаги ичкиликбозлик, мажбурий оргия ва бошқа шу каби яхши ҳужжатлаштирилган ҳолатлар бўйича жавоб беришади", дея твитлади @GulnaraKarimova.

10 ноябрь. Гулнора Каримова: Намоз ўқишни 15 йил аввал бошлаганман!
@GulnaraKarimova "намоз ўқишни 15 йил аввал, Умрага зиëрат қилганида бошлагани ва ҳозирда Бомдод намозларини ўқиши" ҳақида ëзди.
Гулнора тасбеҳ ушлаган ҳолда муслима аëл кийимидаги суратини Instagramда эълон қилганидан сўнг уни "Намоз ўқийсизми?" мазмунидаги саволлар билан "кўмиб" ташлашди.
Бу саволларга Каримова хоним "Алхамдулиллах! 15йилдан ошик утган, ман биринчи марта Умрада зиёрат килдим...кейин аёл ва она сифатида кийинчилик пайтидан утдим" (Имло Гулнораники, ўзбекча ëзди. -таҳр.), деб жавоб берди.
Твитларининг давомида Гулнора "5 махални иложи булмаяпти, аммо 1 кун бошлаш ниятим бор. Лекин Бомдод намозини укишни харакат киламан ва албатта асосий Сураларни укийман" (Имло Гулнораники, -таҳр.), деди.
Намоз ўқиши ҳақида ўнга яқин твит қолдирган Гулнора ўз фикрларини ўзбекча ëзишга ҳаракат қилди:
"Хозирги вакта уз иймон йулимни топганимга Худога бехисоб Шукур айтмокчиман! Бундай Иймон юрагимда энг пок ва кучли деб уйлайман. Факат ичида Иймони бор одам менинг фикрларимни, дилдаги синовларимни, орзу-ниятларимни тушунади! Бошка одамлардан хеч нарса кутмаяпман" (Имло Гулнораники, -таҳр.), дея твитлади @GulnaraKarimova.

8 ноябрь куни эрта тонгда Гулнора Каримова Istagramдаги ўз саҳифасида муслима аёл кийимида тушган суратини эълон қилди. Суратда Гулнора бошига рўмол ўраган ва қўл-оёқлари бекитилган узун енгли ҳамда узун этакли кўйлак кийган ҳолда акс этган. Шунингдек, суратда Гулнора қўлида тасбеҳ ушлаган ҳолда турибди. Сурат ёнига эса "Қунут" дуосининг ярми ёзилган.

Шу пайтгача "Ўзбек маликаси"нинг ярим яланғоч суратлари нафақат унинг Instagramдаги саҳифасини балки хорижий матбуот нашрларининг саҳифаларини ҳам безаб келган.

Жумладан, жорий йилнинг 30 май куни Францияда чиқадиган “Le Point” журнали эълон қилган Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳақидаги мақолага унинг 2011 йилдаги кечаларнинг бирида олинган ярим-яланғоч суратини илова қилди.

Шунингдек, жорий йилнинг апрел ойида Каримова Instagram тармоғидаги саҳифасида товус патига ўранган ярим яланғоч суратларини ҳам эълон қилган.

Бу суратларда, президент қизи елкалари яланғоч тарзда бадани товус патлари билан ёпилган.

9 ноябрь. Гулнора "жазмани"нинг фирмасини "синдирган" айбдорни очиқлади


Каримова тарафдорлари унинг назоратидаги тўрт телеканал ва уч радиостанция эфирдан олиб ташлангандан буëн "давлатга қарашли ТВ ва радиоларда томоша қилиш ва тинглашга арзирли нарса йўқлигидан ОПАсига бир неча бор нолишди.
Бугун эса @dilimgul никли унинг фолловери "Теливизорни ëқишга ҳам арзимаслигини" айтиб, кейинги кунларда "барча клип, кино ва концерт ëзилган дискларни сотиб олаëтгани"дан гап очди.
Бу гапни ўқиган Гулноранинг "дарди янгилангандай бўлди" шекилли ҳасратини тўкиб-солди.
Каримованинг иддаосига кўра, Тошкентдаги аудио-видео маҳсулотларидан "асосий фойдани "АлиАкбарТобако" фирмаси кўради".
"АлиАкбарТобако"- асосий диск сотувчи", дея таърифлаган Каримова бу фирманинг хўжайинларини шаҳар бўйлаб мультимедиа савдоси бўйича уюшмаларнинг бошига тушган "кўргулик"ларга алоқадорликда айблади.
Гулноранинг иддаосича, "мазкур фирма хўжайинлари Youtubeда юлдузга айланган Интелектуал мулк ҳуқуқлари бўйича Давлат инспекцияси (Ўзбекистон интелектуал мулк агентлигини назарда тутаяпти-таҳр.) ходимлари ва уларнинг кураторлари, жумладан, Насиров.Ш. кабилар билан алоқада".
Гулноранинг ўз тарафдорлари билан твит мулоқотидан англанишича, гап Nirvana дўконларида ўтказилган рейдлар ҳақидаги “Кто посмел защитить от маски-шоу в Узбекистане" сарлавҳали видео ҳақида бораяпти.
Рейд иштирокчиларини “сўроққа тутиб”, суратга олган номаълум аёл Гулнора Каримованинг ўзи эканлиги тахмин қилинди.
Жумладан, @uoyevoliaranlug “Маски шоу” ролигидаги овозни қайта тикланганимизда, овоз 98 % сизнинг овозингизга ўхшаш экани маълум бўлди”, деб ёзди.
Айни мазмундаги твитларни Каримова хоним бирор марта инкор қилмади, фақат табассум белгиларини қўйиш билан кифояланди.
Шу пайтгача мамлакатда “Қора ниқоблилар” томонидан йилига ўнлаб рейдлар ўтказилган пайтда “миқ” этмаган Каримова Nirvana мўлжалга олинган пайти “тилга кирди”.
Nirvana дўконлари Гулноранинг фуқаровий эри Рустам Мадумаровга тегишли эканини инобатга олсак, Каримова хонимнинг бу қадар “ёниб-куйиши”ни тушиниш мумкин.

Сентябрь ойи бошида Тошкентдаги Nirvana аудио ва видео маҳсулотлари тармоқ дўконларида рейдлар ўтказилиши ортидан бу ширкат эгаси Рустам Мадумаровнинг қаерда экани номаълум қолаяпти.

Мадумаровга қарашли Nirvana дўконлари фаолияти ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан текширилмоқда.

8 ноябрь. Муслима кийимида чиққан Гулнора декольтени ҳимоя қилди

Бугун эрталаб муслима аёл кийимидаги суратлари билан кўпчиликни "ҳайрат"га
солган Гулнора Каримова энди кўкраги кўриниб турадиган ғарбона кўйлакларини ёқлаб чиқди.

@13viva никли фолловер News.nur.kz сайтидаги Гулноранинг кўкраги ярим очиқ кўйлакдаги сурати эълон қилинган мақола линкини унинг твит лентасига ташлаб, "Бу каби декольте учун отам мени ўлдирган бўларди", деди.

Бунга жавобан Гулнора "Фасон ва дидингиз қандайлигини билмадим, лекин сиз барибир аёлсиз", дея декольте русумидаги кийимларини ёқлади.

Твит суҳбатга қўшилган Гулнора тарафдорларидан бири, "Нима бўлишидан қатъий назар оталар ўз қизларини яхши кўради", деди.
Гулнора эса "Ҳаммани ҳам эмас. Бу кўпинча айримларга қаттиқ ботади", деб "отаси билан муносабатлари яхши эмаслиги"га ишора қилгандай бўлди.

8 ноябрь. Гулнора дуо ўқиб, Аллоҳга ёлворди

Бугун эрта тонгда Гулнора Каримова Istagramдаги ўз саҳифасида муслима аёл кийимида тушган суратини эълон қилди. Суратда Гулнора бошига рўмол ўраган ва қўл-оёқлари бекитилган узун енгли ҳамда узун этакли кўйлак кийган ҳолда акс этган. Шунингдек, суратда Гулнора қўлида тасбеҳ ушлаган ҳолда турибди.


Сурат ёнига эса "Қунут" дуосининг ярми ёзилган: "Аллахумма инна гастаъинкка ва настагфирук! Ванкъмину биеа ва натаваккулу ъалайкп ва нусиий ъалвйкал хойр. Куллаху нашкурука ва ла накфурук. Ва нахлаъу ва натоукк май-йафжурук". (Имло Гулнора Каримовага тегишли, таҳр.)

"Қунут" дуосининг Гулнора келтирган қисмининг маъноси: "Эй Раббим, Сенинг ёрдам беришингни, ҳидоят қилишингни, гуноҳларни кечишингни сўрайман. Сенга тавба қилдим, иймон келтирдим ва Сенга суяндим. Яхшиликларнинг барчаси билан Сени сифатлаймиз. Сенга шукр қиламиз, ношукрлик қилмаймиз. Сенга фожирлик қилганлардан четлашамиз".

Ушбу дуо одатда одам бошига кулфат тушган пайти ўқилади. Шунингдек, Хуфтон намозидан кейин Витр сўнггида ҳам "Қунут" дуоси ўқилади.

Шу боис бу сурат орқали Гулнора намозхон эканлигига ишора қилмоқчими ёки шунчаки Аллоҳга ёлвораяптими, буни англаш қийин.

Шу пайтгача "Ўзбек маликаси"нинг ярим яланғоч суратлари нафақат унинг Instagramдаги саҳифасини балки хорижий матбуот нашрларининг саҳифаларини ҳам безаб келган.

Жумладан, жорий йилнинг 30 май куни Францияда чиқадиган “Le Point” журнали эълон қилган Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳақидаги мақолага унинг 2011 йилдаги кечаларнинг бирида олинган ярим-яланғоч суратини илова қилди.




Гулнора Каримованинг “Le Point” журналида эълон қилинган бу сурати 2011 йилдаги кечаларнинг бирида олинган.

Каримова Instagram тармоғидаги саҳифасида товус патига ўранган ярим яланғоч суратларини ҳам эълон қилган.

Бу суратларда, президент қизи елкалари яланғоч тарзда бадани товус патлари билан ёпилган.



7 ноябрь. "Фонд Форумни ёпишмоқчи"

Бугун Гулнора Каримова ўзи раислик қиладиган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси яъни Фонд Форумни ёпиш ҳаракати бўлаётгани ҳақида ёзди.

"Фонд Форум каби жуда катта лойиҳалар, кўнгиллиларга эга Нодавлат нотижорат ташкилотини панадан туриб, ёпишга мажбурлаш учун босим қилиш кимгадир қўл келаяпти", деди Каримова.
Фонд Форумда кенг кўламли текширув бошлангани ҳақида Озодлик 25 октябрь куни маълум қилганди.

Озодликнинг Тошкентдаги манбасининг билдиришича¸ Фонд Форумга оид молиявий ҳолат Ўзбекистон Прокуратураси ва Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси тарафидан текширилмоқда.

Шунингдек, жамғарма фаолиятини текширишда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими тафтишчилари ҳам иштирок этаётгани айтилмоқда.

Манбага кўра, жамғармага ташқаридан келган валюта тушумларининг мақсадли сарф қилингани текширилмоқда.

Манбанинг айтишича, Фонд Форумни текшираётган тафтишчиларда ташқаридан ҳомийлик ëрдами ўлароқ келган маблағ талон-тарож қилингани ҳақида фактлар мавжуд.

2004 йилнинг февраль ойида ташкил топган Фонд Форум маҳаллий илм-фан, маданият, маориф ва спортни қўллаб-қувватлаш учун бирлашган фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг ихтиёрий ўз-ўзини бошқарувчи очиқ нодавлат бирлашмаси сифатида қайддан ўтган.

Жамғарма васийлик кенгаши раиси Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовадир.

6 ноябрь. Гулнора Каримова: “Нурик” ўз уйида!

Гулнора Каримовага тегишли ташкилотлардан бирида менежер бўлиб ишлаган “Нурик” - Нурмуҳаммад Содиқовнинг "Гулнорага тегишли жанггари йигитлар томонидан ўғирлангани ва қийноққа солингани" ҳақидаги хориж матбуоти орқали тарқатилган хабарларни @GulnaraKarimova инкор қилди.

Бу хабарларни “Жуда кулгули” ва “Мутлақо уйдирма”, деб атаган Каримова, буни “орган томонидан ўзига қарши қилинган ҳаракат”сифатида баҳолади.

@GulnaraKarimova "Нурмуҳаммаднинг Гулнора одамлари томонидан ўғирлангани" ҳақида биринчилардан бўлиб хабар қилган Фергана. ру сайти бош муҳаррири Даниил Кисловни орган билан ҳамкорликда айблади.

“Интернет котиблари” орган билан шу каби уятсизларча ҳамкорлик қилади, деб ҳеч қачон ўйламагандим”, дея битик қолдирди Каримова ўз лентасида.

Айни пайтда Гулнора қайси орган ҳақида гап кетаётганини очиқламади.
Гулноранинг ёзишича, Нурмуҳаммад Содиқов “ўз уйида ухлаяпти ва ўзи ҳақидаги хабарлардан шокка тушган".

Каримова бизнесидаги ҳисоб-китобларга масъул шахслар орасида “Нурик” лақаби билан танилган Нурмуҳаммад Содиқовнинг яқинлари иддаосига кўра, у 11 ойдан буён бедарак.

Маълумотларга кўра, асли касби банк хизматчиси бўлган Нурмуҳаммад 2003 йилгача Тошкент шаҳридаги банклардан бирида ишлаган ва 10 йил муқаддам Гулнора Каримовага қарашли бизнес структурага ҳисобчи бўлиб ишга ўтган.

Ўзини Нурмуҳаммад Содиқовнинг яқин қариндоши сифатида таништирган Анвар Махатовнинг Озодликка айтишича, қисқа муддатда менежер лавозимини эгаллаган Нурмуҳаммад Гулнора Каримова бизнес структураларидаги “асосий фигуралардан бири” бўлган.

6 ноябрь.“Terra Group қўшиқчилардан пора олганликда айбланмоқда”

Бу хабарни Каримованинг ўзи бугунги твитлари орқали тасдиқлади.

@GulnaraKarimova иддаосига кўра, “Бугун прокуратурага юлдуз-қўшиқчиларни йиғиб, улардан Терра ходимларига қарши ёзма равишда кўрсатма олинган”.

Каримованинг ёзишича, "хонандалар Terra Group ходимлари улардан пора олгани, ТВ ва радиога чиқиш учун белгиланган нархдан ортиқча пул тўлашни талаб қилгани каби бўҳтонлар бўйича айтиб турилган матнни ёзишган”.

Октябрь ойида Гулнора Каримовага қарашли Terra group таркибида фаолият юритиб келган 3 та радиостанция бир вақтнинг ўзида эфирдан узиб қўйилган ва ширкатда текширув бошланган эди.

31 октябрь куни Каримова Twitter орқали Terra Group ширкатига қарши молиявий айбловлар илгари сурилаётгани ҳақида ёзганди:

"Terra-га 2009 йилда аудит ва солиқ томонидан тасдиқлатилган қоғоз бўйича муассисларга солиқ тўламаганлик тўғрисида "сўриб чиқарилган" айбловларни ёпиштиришмоқчи", деб ёзганди ўшанда президентнинг қизи.

Кейинчалик Terra Group” ширкатининг "Infinbank" банкидаги ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилгани тасдиқланганди.


6 ноябрь. "Гулнора фолловерлари орасида сохталари кўп"


@GulnaraKarimova фолловерлари орасида аноним тарзда қатнашаётганлар кўпчиликни ташкил қилишини кузатиш мумкин.

Жумладан, @bahadur1111, @RahimMuhammad3, @OybekTh каби Гулноранинг ўнлаб фолловерлари фақат Каримовани қўллаш учунгина Twitterда аккаунт очгандай кўринади. На исми-шарифи, на сурати бўлган бу фолловерлар фақатгина Каримова шаънига мақтовлар ёғдириш ёки @GulnaraKarimova твитларини ретвит қилиш билан машғул. Уларнинг твит лентасида бундан бошқа мазмундаги бирорта ҳам твит йўқ.

Каримованинг твит лентасида пайдо бўлаётган МХХга қарши компроматларнинг аксари ҳам айнан шу каби аноним аккаунтлар томонидан тарқатилаяпти.

Жумладан, 4 ноябрь куни @GulnaraKarimovaнинг лентасида пайдо бўлган "Кто посмел защитить от маски-шоу в Узбекистане" номли видео @hakimz0da томонидан қўйилди.

@hakimz0da атиги 4 та твит ёзган бўлиб, уларнинг барчаси Каримовага бағишланган.

Каримованинг Twitter лентасида 5 ноябрь куни пайдо бўлган аноним фолловерлардан бири @alpomis эса ўзининг "твит тарихи"ида жами 6 та твит қолдирган. Бу твитлар орқали @alpomis Каримованинг МХХга қарши тарқатаётган компроматларининг узвий давоми бўлган маълумотларни ёзди.



@GulnaraKarimova лентасини кузатиб келаётган таҳлилчи "Гулнора фолловерлари орасида сохталари кўп. Махсус бир гуруҳ Каримованинг сохта фолловерлари номидан иш кўраяпти. Шу йўл орқали Гулнорадан қаҳрамон ясаш ҳаракати, бу", деган фикрни билдиради.

Хонанда Шохжаҳон Жўраев эса Каримованинг Sayyod билан “твит жанги”да унинг номидан Гулнорани ҳимоя қилган аккаунт унга тегишли эмаслиги ҳақида матбуотга расман билдирди.

Шунингдек, @GulnaraKarimova фолловерлари орасида @javokhir80, @Ahmedov_OM, @79Alisher, @NiceBlick, @Timur_MJ, @MuratKerim10 каби ўнлаб аккаунтлар Каримовадан бошқа ҳеч кимни фоллов қилишмайди.

Аноним тарзда очилган ушбу аккаунтларнинг твит лентасида бирорта ҳам твит йўқлигини кўриш мумкин.



Бу каби аккаунтлар ҳақида икки хил тахмин илгари сурилмоқда: Биринчиси, ушбу аккаунт эгалари фақат Каримованинг твит лентасидаги янгиликларни кузатишни мақсад қилишган. Иккинчиси эса, Каримова фолловерлари сонини кўпайтириш учун махсус ташкил қилинган аккаунтлар бўлиши мумкин.

Сўнгги кунларда барча унинг Twitter саҳифасини кузатаётгани ҳақида бир неча бор твит қолдирган, Гулнора Каримова 1 ноябр куни “Кунига 300 одам қўшилаяпти...” дея твитлади.

5 ноябрь. Навбатдаги "компромат":
Сешанба куни @alpomis ўз твитлари орқали Каримованинг МХХга қарши тарқатаётган компроматларининг узвий давоми бўлган маълумотларни ёзди.
Гулнора ўзининг твит лентасида @alpomisнинг "Хавфсизлик хизмати бошлиғининг ёрдамчилари, ака-ука Ҳаёт ва Жавдат ҳамда уларнинг сирли дўсти UzAvtoprom бошлиғи ҳам қулай фурсатни пойлаяпти. Улар ҳатто Бош прокурор Рашидов (Рашид Қодиров демоқчи-таҳр.), Ички ишлар вазири Матлюбовни ҳам қўрқув остида ушлаб туришибди...", деган мазмундаги твитини эълон қилди.
Каримова бу твитга жавобан "Халқ ўз "қаҳрамонлари"ини билиши лозим", деди.

5 ноябрь: "Отангизни йўқ қилишмоқчи"
@alpomis "Ҳеч ўйлаб кўрмадингизми, улар отангизни йўқ қилиш учун сизни ундан узоқлаштиришни хоҳлашаяпти", деган твитни Каримова лентасида қолдирди.
Бунга жавобан @GulnaraKarimova "Аллақачон" (Уже) деди. Лекин Гулнора бу сўзнинг охирига кулгу белгисини қўйди. Шу боис у бу сўзни ҳазил тарзида ёздими ёки жиддий буни илғаш қийин.

5 ноябрь. Каримова: Президент эркак киши бўлиши керак!

@mik_updown “Шарқ аёллари эркакларга нисбатан ақллироқ! Ўзбекистонни Гулнора, Қозоғистонни Дариға бошқарсин!” , дея ёзди.

Бунга жавобан Каримова бу фикрни “тутуриқсиз” дея атаб, “Ҳеч ким ҳеч қачон президентлик ҳақида муҳокама қилмаган ва қилмаяпти. Бу кучли ва халқ томонидан сайланган эркакнинг иши”, деди.
"Сизни сиёсатга қайтишингизни кутамиз”, деганларга эса “Орқамда ҳам олдимда ҳам кутишнинг ҳожати йўқ”, дея сўз ўйини қилиб, “ Мен сиёсатчи эмасман!”, дея жавоб берди.

Таҳлилчи изоҳи: "Гулноранинг музлатилган пулларини қайтаришмоқчи"

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Каримованинг Twitter орқали қилаётган баёнотлари ва МХХга қарши ташлаётган компроматларини изоҳлар экан, "Бу ерда сарой инқилоби ҳақида гап кетаётгани йўқ... Лекин айни пайтда бу режим ичида кураш кетаётганидан дарак", дейди.

Айни пайтда бошқа бир тахминни ҳам илгари сурган таҳлилчи, Гулнора атрофида бўлаётган воқеаларни унинг хорижда музлатилган пулларини қайтариш ҳаракати ўлароқ изоҳлайди.

"Гулноранинг Швеция, Швецария, Франция ва Латвиядаги ишлари натижасида бир қанча юз миллионлик балки 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган пуллари музлатилган. Шу пулларни қайтариб олишнинг ва бу ишларни ёпти-ёпти қилишнинг ягона йўли Гулнора Каримовага нисбатан жиноий иш қўзғаш ва ўша пулларга Ўзбекистон ҳукумати ва давлатининг даъволарини қўзғатиш... Даъво билдирилмаса, бу пуллар Ғарб давлатлари ва ғарб банклари фойдасига мусодара қилиниши мумкин. Ҳозирда бу назария энг диққатга молиги", дейди Раббимов.

Таҳлилчи Камоллиддин Раббимовнинг фикрларини қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:56 0:00
Бевосита линк


4 ноябрь: Каримованинг тан соқчилари ҳибсга олинди

@GulnaraKarimova бугун ўзининг собиқ тан соқчилари ҳибсга олингани ҳақида твит-хабар қолдирди.

“Бугун Хавфсизлик хизмати бошлиғи Ҳаёт Шарифутдинов (Шарифхўжаев демоқчи- таҳр.) собиқ қўриқлаш ходимларини ҳибсга олди! Мана сизга Чемберленнинг жавоби... лекин аҳмоқона! Энди калтаклашади”, дея твитлади Каримова.
"Нима сабабдан ҳибсга олинган", деган саволларга Каримова "Менинг очиқ гапирганимга жавоб", "Шунинг учун жим ўтиргандим. Ёнимдагиларнинг барчасини калтаклашади", деди.

"Отангиз сиз томондами ёки?", деган саволга эса @Gulnara Karimova "Ўзлари ҳам адашиб кетишди", деди.

Гулнора Каримованинг бизнес-империясида саросима бошланган пайти унинг атрофидаги одамлардан бир неча нуфузли киши, жумладан, унинг қўриқчиларининг бошлиғи ҳам мамлакатдан қочиб кетгани айтилган эди.

Кейинчалик Каримова теле-радиоканалларидан “айрилиши” арафасида қўриқчилари гуруҳидан ҳам мосуво қилингани хабар қилинган.



4 ноябрь: Каримова қийноқларга ҳужжат келтирди

‏@GulnaraKarimova жорий йилнинг 8 феврал куни қийноққа учраб, қовурғаси синган офицернинг ҳужжатини эълон қилди.

"8.2.2013. МХХнинг Хавфсизлик хизматида офицер оғир калтакланган. Охирги мартасида қовурғаси синган", дея ўз твитига поликлиникадан олинган ҳужжатни илова қилди Каримова.

Каримова сўзини давом эттириб, кетма-кет 6 та твит қолдирди ўз лентасида:



Ўтган гал Хавфсизлик хизматидаги зўравонликлар Хавфсизлик хизмати раҳбари ва унинг яқин дўстларининг тижорий фаолияти билан боғлиқ “беспредел”ни ёпиш учун қилинди... Хавфсизлик хизмати раҳбари 20дан зиёд зобит бўлаётган ишлар ҳақида ҳужжатли равишда ёзганига чидай олмади... Жумладан, калтаклаш ва иш жойида ичкиликлар, шаҳар бўйлаб қилинаётган рэкет, Хавфсизлик хизмати раҳбарининг дўстлари қўриқлови остида ичкилик ва тамакини ноқонуний олиб ўтиш каби ҳолатлар... Одамларни батареяга кишанлаган эдилар...

Аммо у энг юқори даражада бу ишларнинг фош бўлишидан ва менинг шикоятларимдан қўрқиб, бу иш бости-бости қилинди. Барча айбдорларни секингина “фахрий” нафақага жўнатишди.

Ҳар эҳтимолга қарши Хавфсизлик хизмати бошлиғи жанжалнинг олдини олиш учун барча қариндошларини мамлакат ташқарисига олиб чиқиб, телефон орқали ўз хоҳишига кўра, ишдан кетиш аризаси ёзишни таклиф қилди.

Ҳаммаси тинчиди! Лекин кўп вақтга эмас, “нозиктаъб” одам сифатида у кечаги Youtubeдаги видеога чидай олмади... “, деди Гулнора Каримова навбатдаги олтита твитида.

4 ноябрь: Гулнора "Маски шоу" ҳақидаги видеони эълон қилди

Ярим тунда @GulnaraKarimovaнинг лентасида @hakimz0da номидан қўйилган видео пайдо бўлди.

"Ҳақиқатни барчага айтиш вақти келди, шекилли", дея @hakimz0da Youtube тармоғига жойланган "Кто посмел зашитить от маски-шоу в Узбекистане" номли видео линкини ташлади.

Каримова ушбу твит-хабарни ўз лентасида эълон қилар экан "Ҳақиқат бўлса, ҳақиқат... қанчасини уришди ва уришаяпти", деди.
Youtube тармоғига 3 ноябрь куни жойланган тасвирда видео кассеталари сотадиган дўконга қилинган рейд иштирокчилари акс этган.

19 октябрь куни бўлгани қайд қилинган ушбу рейд иштирокчиларини номаълум бир шахс видеога олиб, уларни "сўроқ" қилади.

Видеода эълон қилинган ҳужжатга кўра, ушбу рейд жорий йилнинг 19 октябрь куни Тошкент шаҳри Ҳамза тумани, Тўйтепа кўчаси, 1-уйда жойлашган "СD-PROFI" корхонасига қарашли дўконда бўлган.

Видеода қайд қилинишича, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси бошлиғи Р.М.Мирзаев буйруғи асосида келган солиқчилар орасида ниқоб кийган "Бургут" гуруҳи йигитлари ҳам бор. (Бу гуруҳнинг қайси органга қарашли экани ҳақида Озодликда маълумот йўқ)

Рейд иштирокчиларини суратга олаётган номаълум шахс дўконнинг унга умуман алоқаси йўқлиги, рейд ҳақида Интернет орқали хабар топиб келганини айтади.

3 ноябрь: Гулнора онаси, холаси ва жияни Акбаралини айблади
@bobaferganskiy Твиттер орқали @GulnaraKarimovaни жуда яхши кўришини айтиб, уни Фарғонага таклиф қилди ва "Фарғонада жуда кўп ўзгаришлар бўлаяпти. Шаҳар кун сайин гўзаллашиб бораяпти", деди.
Шу битта твитга Гулнора 20 га яқин твит билан жавоб берди.

Каримова "Фарғонада ҳар доим тартибсизлик бўлгани, у ернинг ҳамиша ўз кичик ҳукмдорлари бўлгани", ҳақида айтиб, "улардан айримлари менинг қариндошларим, сўнгги пайтда онам Акбар орқали, кейинроқ онам холам орқали", деб твитлади.

"Ҳозир уларнинг ўзи барчасини қамашди, ортиқчаларини танлаб олишди.. Асосийлари четда қолади.. Фарғонага янгилари боради.. янги пуллар ва ҳокимият", деди Каримова.
Гулнора "бобоси билан бувисининг ўлимидан сўнг Фарғонага кам боргани, у ерга боришига қаршиликлар бўлгани", "жияни Акбар билан яқин муносабатда бўлмагани" ҳақида ёзиб, Акбар ва унинг атрофидагиларнинг "бошбошдоқликларидан менга кўп шикоят қилишарди", деди.
2 ноябрь: Sayyod Гулнора ҳақидаги мақолани қайта эълон қилди
@GulnaraKarimova билан @Sayyod.Uz ўртасида бир кун давом этган "твит жанги"дан сўнг Сардор Комилов Гулнорадан кечирим сўраб, уни қўлловчи мақоласини сайтга қайта жойлади.
"Сиз билан ўртамизда шу каби мулоқот бўлади деб ҳеч қачон ўйламагандим. Шундай бўлганидан афсусланаман. Кечирим сўрайман", деди @Sayyod.Uz.
"Mенинг ҳеч қандай кураторим йўқ", дея Сардор Комилов Гулнорага содиқ қолажагининг исботи сифатида сайтидан олиб ташланган Каримовани қўлловчи "Гулнора, Лара, ТВМ... ва ўзбегим хақида!" сарлавҳали мақоласини сайтига қайта жойлади.

@GulnaraKarimova билан @Sayyod.Uzнинг "твит жанги"ни кузатган Самандар исмли муштариймиз ўз кузатишларини блогимизга шарҳ сифатида жўнатди:
"Мен кеча твитерда,бир махалгача гулнора каримова иштирокидаги твитларни кузатиб утирдим. жуда кизик! жуда ажойиб!
айникса, САЙЁД УЗни шунаканги ялиниб,агар уша махалда гуляни олдида булса хатто тиз чукишга тайёрдак туюлди менга.
у удалит киворган очеркини,удалит килмадим,факатгина камчиликларини тулдириш учун "чернавик"га олдим деб ёзди.
бу перепискаларда оз-моз НИЛУФАР УСМОНОВА,РАЙХОН ГАНИЕВА КАБИ САНЪАТ ОСМОНИМИЗНИ "ЁРКИН" юлдузлари,"опа"ларини тарафини олиш учун узларини улушларини кушиб утишди.
нилуфар усмонова уз проектларида гуля опасини куп ёрдам курсатганлигини оммага эслатиб утди.
"проект" деганда нимани назарда тутди,билмадим. балки оналарини узбекистондан бадарга килиниши ва кайтарилишими,билмадим...
хуллас САЙЁД опасидан "мен бекорга сиз билан бундай "перепалка" ни бошладим бундан узим афсусланаман.деб ёзди.
шунчалик куркар экан нима килади ёзиб. ундан олдинрок ёзган твитеда "мен сизга олдин ялоклик килмаганман,энди нимага ялоклик килишим керак,куйсезчи." деб ёзган твитидан кейин койил дегандим,узокка чузилмади... нималар буларкин,курамиз", дея ёзди Самандар. (Таҳрир қилинмаган ҳолда эълон қилинди)
2 ноябрь: @GulnaraKarimova: "Иноятов президент бўлишимга йул бермаяпти"

Гулнора Каримова "Президентликка ўз номзодингизни қўясизми?", деб сўраганларга жавобан, бунга "Иноятов йўл қўймаслигини" айтди:
"Иноятов қўймаяпти! Худди шундай деди:керак эмас... пусиб ўтирсанг тегмаймиз...) Одамларга ачинаман, ахир уларни қўрқитишаяпти ва ураяптилар...", дея твитлади @GulnaraKarimova.


2 ноябрь: @GulnaraKarimovaнинг Sayyod билан “жанжали”

Шанба куни Ўзбекистондаги саънат юлдузлари ҳақида ҳикоя қилувчи, кўнгилочар сайтлардан бири Sayyod.uz раҳбари Сардор Комиловга тегишли @Sayyod.Uz билан @GulnaraKarimova ўртасида Твиттерда “даҳанаки жанг” бўлиб ўтди.

@Sayyod.Uz Гулнора Каримовадан интервью беришини сўраб, “балога қолди”.

@GulnaraKarimova “Сохта пиар ортидан қувманг...яна эксклюзив интервью сўраб...бунинг учун профессионал даражага етиш лозим”лини таъкидлади.

Баҳсга кўшилган @GulnaraKarimova тарафдорлари @Sayyod.Uz сайтидан ғойиб бўлган Гулнора Каримовани “улуғловчи” мақола тақдири борасида сўрашди.

Гулнора “бошида қора булутлар айлана бошлаган” пайтда Sayyod.uz сайтида Каримовани қўлловчи мақола пайдо бўлди. Бироқ орадан кўп вақт ўтмай мақола сайтдан ғойиб бўлди.

@Sayyod.Uz мақолани ўзи олиб ташлаганини ёзиб, “Айрим хорижий сайтлар қаторида бўлишни истамадим. Вазият ойдинлашгунга қадар..”, деди.
Буни шармандалик дея атаган @GulnaraKarimova “Ёлғончи! Қўрқоқ! Ўз гапларингга ўзинг ишонасанми?”, дея “жаҳл отига минди”.

“Ўзига яхши имиж яратиш баробарида кураторларини ҳам ҳафа қилмаяпти. Бунақада узоққа борасан..”, деди @GulnaraKarimova.

2 ноябрь: Гулнора: Ўзбекистондаман!

Гулнора Каримова ўзининг қаерда экани, Ўзбекистонни тарк этганми, йўқлиги борасида қизиқаëтганлар саволига жавоб бериб, айни пайтда Ўзбекистон ичкарисида эканлиги ëзди.

1 ноябрь: Гулнорага Қозоғистондан бошпана таклиф қилишди

@lawyerkz "Гулнора Каримовага Қозоғистондан сиёсий бошпана беришни таклиф қилди".
Гулнора бунга жавобан “Аҳмоқона гап! Қозоқ-ўзбек муносабатларига оид масалаларда провокация қилмаслик ва қўшниларга ҳурмат билан муносабат қилишга ҳаракат қилганингда, сизга ўхшаганлар тутуруқсиз гаплар билан овора бўлади", деди.

1 ноябрь: @GulnaraKarimova олигарх Усмонов ҳақида:

@NikySHARP Гулнора Каримовадан “Отангиз сизни ургани ростми?” дея сўради.



@NikySHARPнинг саволига жавобан @GulnaraKarimova бу ҳақдаги гап-сўзларни “маразм”, дея атаб, “Бу каби тутуруқсиз гаплар кимгадир фойда келтиради, деб ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?! Бу кабилар бир қанча бўлиши мумкин: ичимиздан чиққан провокаторлардан тортиб, таниқли публицистлару, Усмоновга ўхшаган “замонавий” олигархларгача...", деб ёзди.

1 ноябрь: “Гулнора қўшиқларини радиода қўйиш тақиқланган”

“Водий садоси” радиосининг DJси Саидаъло Исроиловга тегишли экани
айтиладиган @DeeJay_Saidalo Гулнора Каримова ижросидаги қўшиқларни радиоканалларда эшиттириш тақиқланганини тасдиқловчи твит қолдирди.

“Сизни қўйиш тақиқланганига қарамасдан менинг эфиримда янграяпсиз” , дея ёзди DJ йигит.

Лекин орадан бироз вақт ўтгач, @DeeJay_Saidalo ушбу твит-хабар ва унга илова қилинган суратни саҳифасидан ўчириб ташлади. Шунингдек, @DeeJay_Saidalo саҳифасидаги ўзи ҳақидаги маълумотларни ҳам ўзгартирди.

1 ноябрь: Саҳифамда “ажиотаж”:

Сўнгги кунларда барча унинг Twitter саҳифасини кузатаётгани ҳақида бир неча бор твит қолдирган, Гулнора Каримова 1 ноябр куни “Кунига 300 одам қўшилаяпти...” дея твитлади.

31 октябрь: Гулнора синглиси Лола билан келишмовчиликлари ҳақида:

Би-Би-Си журналисти Наталья Антелава @GulnaraKarimovaдан синглиси Лоланинг кутилмаганда “тилга киргани” сабабларини сўради.

@GulnaraKarimova “Балки ўзидан сўрарсиз? Маблағ ва кафолатларни аниқлаштириш вақти келгандир. Ҳар бир инсон танлаш имконига эга...", дея жавоб берди.
Лола Каримова-Тиллаеванинг "шов-шувли чиқиши опаси Гулнорага қарши бўлаётган компаниянинг бир бўлагидир", деган тахминларга @GulnaraKarimova “Буни вақт кўрсатади”, деб қўя қолди.

31 октябрь: Гулнора Каримова: "Мени заҳарламоқчи бўлишди"

Каримова хоним 31 октябрь куни ёзган твитларидан бирида ўзини заҳарламоқчи бўлишгани ҳақида ёзди.
"Мени симобга ўхшаган оғир метал билан заҳарлашга ҳаракат қилишди. Худонинг хоҳиши билан мени оёқдан йиқита олганлари йўқ. Лекин ҳануз даволанаяпман", дея ёзган Каримова бу воқеа қачон, қаерда, ким томонидан қилинганини очиқламаган.


31 октябрь: "Диктаторнинг қизи"...

@damirama15h “Гулнора хоним қонхўр диктаторнинг қизи бўлиш қандай?”, дея савол йўллади.
Бунга жавобан Гулнора хоним : “Ҳеч қачон ўз виждонимни сотмайман ва шундай эканимдан бахтиёрман” (Эркин таржима; таҳр.), дея твит қолдирди.

31 октябрь: Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов ҳақида:

Гулнора Каримова¸@meclarckнинг “Агар махсус хизматнинг биринчи раҳбари (Ўзбекистон МХХси раиси Рустам Иноятов назарда тутилмоқда-таҳр.) унинг халқ орасида машҳур бўлганидан севинмаса ва қўрқса¸ демак унинг ЎЗИда шахсий режа ва амбициялар бор”, деган фикрига йиғлаб турган одам тарзидаги ишоратни қўйиб қўйди.
Ана шундан кейин Камил деган Гулнора мухлиси¸ “Сиз нима деб ўйлайсиз? Иноятов Ўзбекистон президенти лавозимини эгаллаш учун курашадими?", деб савол қўйди.

Бу саволга жавоб берган Гулнора Каримова ўз твитида “Курашади! У аллақачон курашмоқда ! Наҳотки ташқаридан кўринмаëтган бўлса ?!", деб ëзди (Будет! Он уже борется! Разве не видно со стороны?!)
31 октябрь: СТВ ҳақида:
“Бу бир гуруҳ зарар етказувчиларга қарши ўзгача фикрловчи ва Президентга мустақилликка эришган кундан бери содиқ хизмат қилган СТВ канали бўлади. Ушбу “мард йигитлар” ҳақиқатни гапирувчи хусусий каналларни бир бирма йўқ қилишади”, дея твитлади Каримова.
Гулнора айни ҳолат кўпга чўзилмаслигини таъкидлаб, “Мамлакат раҳбарига эмас, балки ушбу “кучишлатар тизимлар”га содиқлар қолади. Аммо ҳар қандай хом хаёлларга берилишса ҳам бу узоқ давом этмайди”, деб твит қолдирди.

31 октябрь: "Ярашиш" ҳақида:

Гулнора Каримованинг Твиттердаги мухлиси Балбак Тулобаев “Отангиз билан ярашинг” деган маслаҳат берди.

Бу тавсияга жавобан Гулнора Каримова “ Уни ҳамма нарса ҳақида примитив тарзда алдашмоқда”, деб жавоб қайтарди.


31 октябрь: "Terra Group" ҳақида:

Гулнора Каримова "Terra Group" ширкатига қарши айбловлар илгари сурилганини тасдиқлади.
"Terra-га 2009 йилда аудит ва солиқ томонидан тасдиқлатилган қоғоз бўйича муассисларга солиқ тўламаганлик тўғрисида "сўриб чиқарилган" айбловларни ёпиштиришмоқчи", деб ёзди президентнинг қизи.


31 октябрь: Телеканалларининг тўхтатилиш сабаблари ҳақида:

"ТВ/радио эшиттиришлари "мамлакатнинг барча мафкураввий негизларини бузганлик" формулировкаси билан лицензия бекор қилиниши боис тўхтатилди", дейилади Гулнора твитларидан бирида.

30 октябрь: Гулнора "ҳокимиятга интилмаслиги" ҳақида:

Twitter микроблогида аввалгидан ҳам фаолроқ бўлиб қолган @GulnaraKarimova газ ва чироқ дарди билан боғланаётган фолловерларига ўзининг ҳукмдор эмаслигини эслатди ва ҳокимиятга интилмаётганини ёзди.

Мамлакат ҳокимиятини бошқараётганни "ҳукмдор", деб таърифлаган @GulnaraKarimova ҳукмдорнинг ўрнини "дўзаxий жой" деб баҳолади: Мен-ҳукмдор эмасман!)) ва бу дўзаxий жойга етаман, деб ўлиб-тирилаётганим йўқ...", деб ёзди жумладан @GulnaraKarimova.

29 октябрь: Сталин (!) ҳақида:

@GulnaraKarimova Твиттерда: “...Ўртоқ Сталин бўлган ва бор... ва у менинг отамдир! Ва бу то мен ўлгунча шундай бўлиб қолади....” В.Сталин (“Халқлар Отасининг ўғли” фильмидан), деб ёзди.
Гулнора Каримованинг бу битигига жавобан Лидия Никитина исмли Твиттер фойдаланувчиси “Биз сизни нима безовта қилаётганини англадик”, дея луқма ташлади. Каримова хоним бу луқмага тасдиқ белгисини қўйди.
Илвира Мамажонова исмли фойдаланувчи эса Гулнора Каримовани “ота-онамизни ўз ихтиёримиз билан танламаймиз, улардан, жилла қурса, бизга ҳаёт бахш этганлари учун ҳам фахрланамиз, ота-оналаримиз - бизнинг фахримиз”, дея юпатган бўлди.
Айни пайтда stas исмли фойдаланувчи Каримова хонимга мулоҳаза билдиришда эҳтиёткорроқ бўлишни тавсия қилди.

28 октябрь: МТРК телеканаллари ҳақида:

@GulnaraKarimova Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига қарашли телеканалларни танқид қилди:

"Маданият ва Маърифат"да умуман Совет Иттифоқининг 70-йилларидаги хурсандчилик ҳукмрон", деб ёзди.
Тошкент каналида намойиш этилган тасвирларни елимга қиёслаб, "Бундай тарих Абдулла Қодирийнинг тушига ҳам кирмаган бўлса керак", дейди @GulnaraKarimova.
"Дунё" давлат телеканалида соат ҳам географик жиҳатдан ёлғон гапиради.. Парижда 3.00, Дунёда эса 4.00, Лондонда 2.00, каналда эса 3.00", дея твитлади Каримова.
"Ўзбекистон каналини ёққанимда... студияда итларни сақлаш борасида суҳбат бўлаётганди... Мавзу ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, студияда ким съёмка қиляпти? Қимматбаҳо кранлар билан", дея твит қилди.
XS
SM
MD
LG