Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:01

Гулнора Каримованинг радиоканаллари ҳам ўчди


Гулнора Каримовага қараши Terra Group ширкатига кирувчи барча медиа каналлар ёпилди.
Гулнора Каримовага қараши Terra Group ширкатига кирувчи барча медиа каналлар ёпилди.

24 октябрь кунидан бошлаб Ўзбекистонда FM тўлқинларида эфирга чиқувчи учта радиоканал –“Terra” (105 fm), “Замин” ва “Аъло FM” ўз фаолиятини тўхтатди.


Ушбу каналлар Гулнора Каримовага тегишли экани ишониладиган Terra Group ширкати таркибига киради.

Terra Group ширкати масъулларидан бири Озодлик билан суҳбатда радиоканаллар фаолияти “профилактика” сабаб вақтинча тўхтатилганини айтди.

Лекин, суҳбатдошимиз радиоканаллар қачон эфирга қайтиши ҳақида билмаслигини таъкидлади.

- Ҳеч нарсани билмайман, тўғриси. Бизга айтишди, профилактика сабаб тўхтатиляпти, деб. Бор гап шу,- деди Terra Group ширкатининг исмини айтмаган масъулларидан бири.

Terra Group ширкатининг расмий сайти www.terragroup.uz айти ҳам очилмаяпти.

Лекин, Terra Group ширкати таркибига кирувчи "Bella Terra" ҳамда "Жаннат Макон" журналларининг фаолияти тўхтамаган.

Мазкур журналларни нашрдан чиқарадаган Terra Group ширкатига қарашли "Zamin Press" матбаа уйи ходими "профилактика" жарналлар фаолиятига таъсир қилмаётганини айтди.

-Ҳозирча журналлар фаолияти тўхтамаган, уларнинг навбатдаги сони устида ишлаяпмиз, - деди "Zamin Press" матбаа уйи ходими.

“Терра”да асосан рус ва ғарб қўшиқлари айлантирилган, “Аъло FM” – ёшлар учун, “Замин” эса – ўрта ёшдагиларга мўлжалланган кўнгилочар радио бўлган.

Бундан олдин Гулнора Каримовага тегишлилиги ишониладиган 4та телеканал эфирдан ғойиб бўлган ва шу телеканалларнинг эфирга чиқмаётганлиги ҳам техник-профилактик сабаблар билан изоҳланган эди.

Мазкур кўнгилочар телеканаллар асосан Гулнора Каримова ҳомийлигида ўтказиладиган тадбирлар, унинг қўшиқларига олинган клипларни намойиш қилиб келган.

Икки кундан бери эса, бу каналлар ўрнига Eurosport, Planet A, Sport 1 ва TV1000 телеканаллари улаб қўйилгани айтилмоқда.

Гулнора Каримова назорат қиладиган радио ва телеканаллар у ҳомийлик қиладиган Фонд Форум жамғармасининг Art Week Style.uz санъат ҳафталиги ўтаётган бир пайтда эфирдан олиб ташлангани кўпчилик диққатини тортмоқда.

Лекин, Ўзбекистон ичида радиотингловчилар "Terra", "Аъло FM", "Замин" радиоларининг ёпилганидан хабарсиз қолишган.

- Менга тўғриси бу радиоларни бўлгани ҳам бўлмагани ҳам бир хил. Лекин, ёпилиши ҳақида ҳеч кимга маълумот берилмаган, - дейди тошкентлик Музаффар.

Шу радиоларда қўшиқлари доим айлантириладиган ўзбекистонлик танқили хонанда Ойпопук Эшонхонова "Terra", "Аъло FM", "Замин" радиолари яқин кунларда очилади, деган ишончда.

- Мени ўзим "ТВ Марказ"да кўп чиқар эдим. Тўрт-беш ойдан бери Ёшлар каналида клипим айлантириляпти. Бу каналда қўшиқни матнига, маъносига, мантиғига қараб олишади. Энди бу каналлар ("Terra", "Аъло FM", "Замин") нодавлат бўлгани учун ҳар хил кўнгилочар эшиттиришлар, ҳар хил санъаткорлар, ўхшагани ҳам ўхшамагани ҳам чиқаверган, тўғриси. Лекин, кеча ўчиб қолди, прафилактика деб айтишди. Менимча,насиб қилса очилиб қолар, - дейди Ойпопук Эшонхонова.

Тошкентда Art Week Style.uz санъат ҳафталиги доирасида 24 октябр куни ўтказилган матбуот анжуманига ҳукумат назорат қилувчи оммавий ахборот воситаларига ишловчи биронта журналист келмагани эса Гулнора Каримова империяси қулаётгани борасида фаразларга сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, Гулнора Каримованинг режим рамкасидан чиқувчи гапларни Интернетга олиб чиқаётгани президент отасига ёқмаган, деган фаразлар ҳам бор.

Президент оиласига яқин Озодлик манбасининг айтишича, "Лола отасига опаси ҳақида баъзи гапларни чақиб бергани Ислом аканинг жаҳлини чиқарган".

Шундан кейин, манбанинг айтишича, президент Каримов "Гулноранинг танобини тортиб қўйиш" ҳақида кўрсатма берган.

Бир кун олдин таниқли белгиялик хонанда Лара Фабиан халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари танқидлари ортидан Тошкентда Art Week Style.uz ҳафталиги доирасида ўтказиши керак бўлган концертини бекор қилиши эса Каримова хонимга яна бир зарба бўлди, демоқда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG