Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:30

“Жодугар мулла” 7 йилга кесилди


Тожикистонда ижтимоий тармоқларда “жодугар мулла” номи билан тарқалган видеоролик қаҳрамони Асадулло Иброҳимов Душанбе шаҳри Сино тумани суди қарорига кўра¸ 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Асадулло Иброҳимов Тожикистон Жиноят кодексининг 139-моддаси (жинсий тажовуз) бўйича айбли деб топилган.

Бундан ташқари Тожикистон маҳкамаси Асадулло Иброҳимовни фирибгарликда ҳам айблаган.

Суд ажримига кўра¸ Асадулло Иброҳимов жазони ўтаганидан кейин беш йил мобайнида диний лавозимларда ишлашига тақиқ қўйилган.

Асадулло Иброҳимовнинг ўзи суддаги сўнг сўзида қонун олдида айбсиз эканлигини таъкидлаган.

Иброҳимов исломий аҳлоқ меъëрларини бузганини эътироф қилган ҳолда¸ дунëвий қонунга зид ҳаракат қилмаганини айтган.

Иброҳимов 8 нафар фарзанди борлиги ва саломатлиги заифлигини ҳисобга олиб суддан авф тилаган.

Иброҳимовнинг турмуш ўртоғи Бибикалон Иброҳимова ҳам эрига чиқарилган айбнинг адолатсиз эканлигини Озодлик мухбирига билдирган.

Маҳкумнинг адвокати Мавлудджон Солиҳов ўз мижозининг алдаб тузоққа туширилганини Озодлик мухбирига айтди.

Адвокатга кўра¸ Зилола Раҳимова Иброҳимовга турмушга чиқиш ниятида ўз ишқий алоқасини тасвирга туширтирган.

Суд бошланишидан олдин Тожикистон Ички ишлар вазирлиги сайти “1966 йилда туғилган, Душанбе шаҳрида яшовчи фуқаро Иброҳимов Асадулло Халилович шу йилнинг 12 август куни Рудакий туманида яшовчи 1988 йилда туғилган Раҳимова Зилола Дўстиевнанинг ночор аҳволидан фойдаланиб, аёлнинг уйида у билан шаҳвоний хатти-ҳаракатларни амалга оширган”, деб ёзган эди.

Tajikistan -- Asadullo Ibrohimov entering Sino district court, 21 October 2013
Tajikistan -- Asadullo Ibrohimov entering Sino district court, 21 October 2013
Бир муддат ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган Асадулло Иброҳимов иштирокидаги видеороликда дуохон домла ва хаста жувон тасвирланган. Унда домла Қуръондан оятлар ўқиш баробарида шаҳвоний тарзда жувоннинг бутун аъзойи баданини ғижимлаб ташлайди.

Тасвирдаги мулла жувоннинг лозимини тушириб жинсий алоқа экани ишонилган ҳаракатни бир неча бор амалга оширади.

Бу ролик тарқалганидан кейин¸ сентябр ойида Тожикистон расмийлари уни қоралаб, эътиборли дин арбобларидан бирининг ўғли бўлган “жодугар мулла”ни ҳибсга олинди.

Мазкур видеоролик ким томонидан тасвирга олингани ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилгани аниқ эмас.

Тожикистон ҳукумати қошидаги дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Мавлон Мухторовнинг Озодлик тожик хизматига билдиришича, Асадулло Иброҳимов мулла ҳам, имом-хатиб ҳам эмас, балки оддий диндор бўлиб ҳисобланади. У бу каби хатти-ҳаракатлар учун жазо берилиши лозимлигини, “чунки Қуръондан суралар ўқиб, бундай ҳаракатлар қилиш қабул қилиб бўлмас иш” эканини, мусулмон одам бундай ишларни қилмаслигини айтди. Мавлон Мухторов ўзидаги маълумотларга таянган ҳолда, Асадулло Иброҳимов ҳеч қанақа исломий партия ёки ҳаракатга аъзо эмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раис ўринбосари, парламент депутати Сайидумар Ҳусайний бу руҳонийларни обрўсизлантириш йўлидаги фитна бўлиши мумкинлигини ҳам эътибордан соқит қилмайди.

- Биз кўплаб муллалар ҳукумат ва хавфсизлик идоралари назорати остида эканига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу одамлар ўшаларнинг кўрсатмаси билан масжид ва минбарларнинг эгасига айланиб олаяптилар, шунинг учун улар Худо ва пайғамбар иродасига эмас, ҳукмдорлар ва махсус хизматлар буйруқларига итоат қилаяптилар, - дейди Сайидумар Ҳусайний.

Тожикистон парламентининг бошқа депутати Саодат Амиршоева эса Асадулло Иброҳимовга ўхшаган “мулла”лар муқаддас Ислом динига ҳам, мамлакатга ҳам иснод келтираётганини айтган эди.
XS
SM
MD
LG