Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:38

"Опа-сингил Каримовалар ўз имижи учун Саркози қариндошларидан фойдаланган"


Францияда чиқадиган таниқли нашрлардан бири Le Point Ўзбекистон президентининг қизлари Гулнора ва Лола Каримова қандай қилиб француз юлдузлари ва собиқ президент Саркозининг яқин қариндошлари орқали ўз имижини тиклашга урингани ҳақида ёзди.

Ўзбекистон президентининг қизларига тегишли Франциядаги уйлар тинтув қилинаётган бир пайтда эълон қилинган “Диктатор Саркозилар оиласини ишғол қилишга уринганида” номли мақолада тўрт йил аввал президент Саркозининг яқин қариндошлари дунёнинг "энг қаттол диктатор"ларидан бирининг қизи уюштирган ҳашаматли зиёфатларда меҳмон бўлгани эсланади.

2009 йилнинг апрел ойида Парижда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи ва айни пайтда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси Лола Каримова-Тиллаева уюштирган зиёфатда Франциянинг собиқ биринчи хоними, президент Жак Ширакнинг хотини Бернадетт Ширак, машҳур киноюлдуз Ален Делон билан бир қаторда Франциянинг ўша пайтдаги президенти Николя Саркозининг туғишган акаси Гийом Саркози ҳам кўринган эди.

Le Point журналининг ёзишича, Франциядаги йирик текстил ширкатининг эгаси бўлган 58 ёшли Гийом Саркози ўзбек диктаторининг қизлари билан яқинлашган собиқ Франция президентининг ягона қариндоши эмас.

Нашрга кўра, Николя Саркозининг жияни Каролин Саркози ўзбек диктатори қизларининг нафақат Париждаги балки Тошкентдаги зиёфатларида меҳмон бўлган.

Асли касби дизайнер бўлган Каролин Саркози 2009 йилда Ўзбекистонда Гулнора Каримованинг Фонд Форум жамғармаси ва ЮНЕСКО ташкилоти ҳомийлигида уюштирилган “Асрлар садоси” фестивалида фахрий меҳмон сифатида қатнашган.

Француз нашри ёзишича, ўзбек диктатори оиласига яқинлашган Николя Саркози атрофидаги яна бир шахс Франциядаги UMP сиёсий партияси раиси муовини Терри Марианидир.

Кейинчалик Франция Транспорт вазири ва ушбу мамлакат президентининг Марказий Осиё бўйича вакили лавозимини эгаллаган Мариани 2012 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрганида президент Ислом Каримов тарафидан шахсан қабул қилинган.

Le Point журналининг ёзишича, жаноб Мариани Гулнора Каримовага Франциядаги етакчи уран ширкатларидан бири бўлган “Авера” гуруҳи президенти Анна Ловержонни ҳам таништирган.

Францияда “Атом Анна” лақаби билан танилган Ловержон хоним ҳам собиқ президент Николя Саркозининг яқин одамларидан бири бўлган. У Париж ҳукумати атом реакторини Ливиядаги Муаммар Қаддафий режимига сотиш уринишлари билан боғлиқ айбловлар марказида ҳам қолган эди.

Ўзбекистон президентининг қизлари собиқ президент Саркозининг яқин қариндошларини ўз зиёфатларига таклиф этиб, аслида нимага эришмоқчи бўлишгани маълум эмас.

Le Point журнали эса ўзбек диктаторининг қизлари шу орқали ўз имижини тиклашга урингани ҳақда ёзади.

Францияда яшайдиган ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, Франциянинг казо-казолари, жумладан, Саркози қариндошлари каримовалар зиёфатига катта маблағ эвазига таклиф этилгани маълум.

- Бунақа катта-катта зиёфатларга келишни ўзи маълум бир миқдорда пул туради. Аниқ тасдиқланган маълумотга кўра, Моника Белуччи бир марта кечки овқат ейиши учун Каримовадан 190 минг евро олган. Ундан кўра, қудратли, президентга яқин турадиган шахслар бор, масалан Гулнора Каримова ёки Лола Каримованинг Франция собиқ президенти Жак Ширакнинг хотини Бернадетта билан тушган расмлари ёки Гийом Саркози билан бирга тушган расмлари, ўйлайманки, улар фақат коктейл ичиш учун боришмайди. Улар катта пуллар эвазига бунақанги зиёфатларга боришади. Ўзбекистон шароитида бу пуллар астрономик миқдордаги пуллар, дейди Раббимов.

Таҳлилчига кўра, эндиликда Францияда каримовалар пул ювиш айбловлари қаршисида қолишар экан, саркозиларни бу маънан ноқулай аҳволга солиб қўйиши тайин.

- Ўйлайманки, ҳозир Гулнора ёки Лола Каримова Саркозига яқин ўша шахслар билан учрашаман дейдиган бўлса, уларни кўпчилиги ўзини олиб қочиши тайин. Чунки ҳозир Швеция ва Швейцария қатори Франция ҳуқуқ – тартибот органлари ҳам каримоваларнинг пул ювиш билан боғлиқ жиноятга даъволарни ўрганмоқда, дейди Раббимов.

Le Point нашрининг ёзишича, француз маҳкамаси ўрганаëтган иш Швециянинг TeliaSonera уяли алоқа ширкатининг Ўзбекистон бозорига кириш учун 2007 йилда Гулнора Каримовага яширинча 320 миллион доллар пора тўлагани эҳтимоли билан боғлиқ.

Ҳозирда бу иш бўйича текширув Франциядаги таниқли мутахассис¸ шов-шувли бизнесмен Бернар Тапи ва собиқ Ички ишлар вазири Клод Геан ишини ўрганаётган терговчи Серж Турнэр (Serge Tournaire) зиммасига юклатилган.
XS
SM
MD
LG