Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:34

Исёнкор шоирга армон бўлган китоб чоп этилди


Рауф Парфи.
Рауф Парфи.

Тошкентда – “Шарқ” нашриётида туркий оламнинг улуғ шоири Рауф Парфининг “Туркистон руҳи” номли сайланмаси чоп этилди. 5000 ададда чиққан китобга исёнкор қалаш соҳибининг 1955-2003 йилларга мансуб шеър ва таржималари жамланган.

Нашрга тайёрловчи Вафо Файзуллоҳнинг изоҳлашича, Рауф Парфи эллик ёшида тартиб берган бир мажмуасини “Туркистон руҳи” деб атаган, аммо унинг нашрини кўрмай армонда кетган. Орадан йигирма йил ўтиб, шоирдан мерос ўша ном сайланма муқовасига кўчган.

Рауф Парфи... Эрка ва танти, ҳақиқатгўй ва тўғрисўз, дарвештабиат ва афандимонанд шоир. Аксар қаламкашлар мансаб ва маркаб кўйида эпкинларга эгилганида, у мадҳиябозликдан парҳез қилди:
Мақтов кимга ёқмас, кўнглинг тўлдирар,
Мақтов – ширин оғу, ширин ўлдирар...

Зуваласи эрк билан қорилган шоир нафақат ўз юрти, дунё мазлумларининг овози бўлди:
Мен – Юлиус Фучик – дорга осилди бошим. Тўйчи Эрйигит ўғли – отим менинг – кўксимда совиган қўрғошин. Ботган кўзларимда жаллодларнинг аянч сурати. Вьетнамлик бир гўдакман мен – бағрим яра, қўлсиз, оёқсиз ва бошсиз ётган. Мен ҳали ҳам турма панжараси ора сўнгсиз ва озод осмонларга қарайман...

Уйғоқ сатрлари билан зулм дарахтини йиқитиш пайидан бўлди:
Cўзларим зулмга отилган ўқдир…

Эркка ташна миллионлаб инсонларнинг ғамини ўзиники деб билган шоирнинг ўз ҳаётини яшашга қўли тегмади:
Ўзимнинг умримни мен оз яшадим,
Ўзгалар ҳаётин яшадим кўпроқ...

Сўз саройида беминнат қуллик қилган шоирнинг боши йўқчиликдан чиқмади:
Заъфарон чақа ҳам йўқ ҳозир,
Еллар чўнтагимда чийиллайди...

Ҳақиқат воситасида мудроқ қалбларни уйғотиш илинжи унга куч ва умид берди:
Ухлама, сен, ҳақиқат,
Чидам билан бориб қайт...
Мудроқ, қўрқоқ жонларни
Уйқудаги муваққат
Басирларни уйғотгин...

Ҳурдил шоир бир умр Туркистон қайғусида яшади:
Вужудимнинг ҳар бир ҳужайрасида сўзларнинг содиқ қўшини – Туркистон, Туркистон, Туркистон – Туркийнинг дунёвий қўшиғи...

Қавмининг тарқоқлиги, ҳуркаклигига тоқат қилолмади:
Туркийлар айтингиз, бизда нима йўқ?
Бизда йўқ иттифоқ, бизда йўқ бирлик.
Оёқ остиндадир инсоний ҳуқуқ,
Бу туркий оламнинг қутлуғ меърожи,
Оёқ остиндадир муқаддас ҳурлик,
Ассалому алайкўм, дорнинг оғочи…

Умид эшиклари тақа-тақ ёпилганида ҳам, қора булутлар ортида қолган қуёшнинг юз очишини интиқ кутди:
Денгизи қуриб битди
Дарёлари оқмасми,
Наҳот бизни ер ютди
Қодир Худо боқмасми?

Туркистонни бўлдилар,
Парчаланди бемажол.
Устимиздан кулдилар
Ул ёвузлар бемалол.

Чиқмасми қуёш балқиб…

Аммо умри курашларда ўтган шоирнинг ёлғонлардан барибир силласи қуриди:
Мадор йўқ, қанот йўқ. Тамом. Чарчадим.
Чўқир жигаримни бу ўтрук, ёлғон.
Бу таъна қадимий, бу сўзлар қадим,
Бу совуқ сайёддир кўҳна палахмон...

Ахийри, Ҳаққа қовушмоқликдан ўз чора топмади:
Чора, чора, дея сўрдилар нажот...
Аллоҳим, билурсан қай сори кетдим,
Аллоҳим... мен ўлдим... Мен сенга етдим...

Дарвоқе, бир пайтлар оташнафас шоир шеърларини чоп этишга журъатли ношир йўқлигидан ҳасби ҳол қилганди:
Қирқ йил шеър ёздим. Эй воҳ, бўлмади,
Роса йигирма йил елдим, югурдим.
Аммо топилмади бирор мард ношир....

...Маймунлар йиғлади, кулди шоқоллар:
Сичқонлар еб кетди охир шеъримни...
XS
SM
MD
LG