Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:29

Telia Sonera Гулнора Каримованинг Фонд Форумига пул берганини тан олди


Telia Sonera ширкатининг муваққат бош ижроия директори Per-Arne Blomquist.
Telia Sonera ширкатининг муваққат бош ижроия директори Per-Arne Blomquist.
Швеция жамоатчилик телевидениеси мухбирлари асосий акциялари швед ва фин ҳукуматларига қарашли Teliа Sonera ширкатининг Ўзбекистондаги махфий келишувларини фош қилишда давом этмоқдалар. Мазкур суриштирув давомида Telia Sonera раҳбари Ўзбекистондаги UCell шўъба тармоғи орқали Гулнора Каримованинг Фонд Форуми ўтказган тадбирларга пул берганини тан олишга мажбур қолди.

- Ҳурматли қатнашчилар! Бир масалада жуда аниқ бўлишим керак. Бизни танқид қилишди ва биз айбимизни тан оламиз. Биз Ўзбекистондаги бизнесимизни бошқача бошлашимиз керак эди.

Бу - Telia Sonera ширкатининг муваққат бош ижроия директори Per-Arne Blomquistнинг “Telia Sonera: Ўзбек иши” ҳужжатли филмидан сўнг ўтказилган баҳорги матбуот анжуманида қилган баëноти.

Кўриниб турганидек¸ Швециянинг дунë мобил алоқа бозоридаги йирик ўйинчиси бўлмиш Telia Sonera “ўзбек иши”ни тезроқ босди-босди қилиб¸ ўтмишда қолдириш истагида.

Аммо швед журналистлари биринчи ҳужжатли филмдан сўнг бошланган тергов жараëнида истеъфога кетишга мажбур бўлган Ларс Нюберг ўрнига келган янги ижроия директорнинг бу истагини пучга чиқардилар.

“Қинғир ишнинг қийриғи 40 йилда ҳам чиқади”

Швед журналистлари 22 май куни жамоатчиликка тақдим қиладиган ҳужжатли филм Гулнора Каримова ўз қўли билан изоҳлар ëзгани тахмин этилаëтган ҳужжатга таянади. Швед ва ва Озодлик журналистлари қўлида мавжуд мазкур ҳужжат эса¸ 2012 йилда Teliа Sonera ширкатининг Гулнора Каримовага у ўтказадиган турли маданий тадбирларга “ҳомийлик” қилиш воситасида пул тўлаш ҳақида музокара олиб борганини кўрсатади.

Ушбу ҳужжатда¸ “Style.uz”¸ “Келажак овози” ва “Асрлар садоси” каби Гулнора Каримова мунтазам ўтказадиган тадбирлар қайд этилади.

Швед журналистлари билан ушбу ҳужжат юзасидан ўтказилган суҳбатда Telia Sonera муваққат бош ижроия директори Per-Arne Blomquist бундай келишувлар амалда бўлганини рад эта олмади:

- Мен Style.uz. га пул ўтказганимизни билмайман. Лекин турли маданий тадбирлар ўтказадиган Фонд Форум билан ҳамкорлик қилганимизни биламан. Бундай қарорларнинг маҳаллий бошқарувчилар томонидан маҳаллий даражада қабул қилинишини эслатиб қўймоқчиман. Биз минглаб бунақа келишувга эгамиз. Аммо шулардан бирига аралашганимизни яхши биламан.

- Сиз Фонд Форумнинг орқасида ким туришини биласизми?

- Билишимча¸ бу жамғарма раиси Гулнора Каримова. Менда ҳар қалай шунақа тасаввур бор.

- Демак сиз орқасида Гулнора турган ташкилот тадбирларига ҳомийлик қилгансиз?

- Биз хайрия тадбирига ҳомийлик қилганмиз. Ўзбекистон каби давлатларда эса¸ бу каби ташкилотлар кўпинча мамлакатдаги етакчи шахсларга бориб тақалади. Саволингизга келсак¸ ҳа¸ биз мутлақо Фонд Форумга ҳомийлик қилганмиз¸ деди Ўзбекистондаги Ucell эгаси Teli Sonera ширкатининг муваққат президенти швед журналистлари 22 май куни жамоатчиликка тақдим этадиган янги ҳужжатли филм ниҳоясида.


Швециянинг машҳур прокурори бу баëнотни “инобатга олади”

Швед журналистларининг 22 май куни жамоатчиликка ҳам телевидение¸ ҳам Интернет орқали тақдим қиладиган “Москвадан келган чопар” ҳужжатли филмини яқиндан кузатиб¸ таҳлил қиладиганлар орасида Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси раҳбари Гуннар Стетлер ҳам бор.

Швециядаги энг шов-шувли жиноятларни шахсан ўзи тафтиш қилувчи бу машҳур прокурор ўтган йилдан бери Telia Sonera ширкатининг Ўзбекистон бозорига кириш учун Гулнора Каримовага миллионлаб доллар пора берганига оид айбловларни тергов қилмоқда.

“Мен бугунги ҳужжатли филмда келтириладиган бирор ҳужжат¸ бирор баëнотни эътиборсиз қолдирмайман”¸ дейди жаноб Стетлер Озодлик билан суҳбатда.

- Мен ҳужжатли филмни яхшилаб кўриб чиқаман¸ ундаги маълумотларни синчковлик билан ўрганаман¸ ҳужжатларни тафтиш қиламан. Филмдаги ҳар бир маълумотни мен ўта жиддий эътиборга оламан. Аммо ҳозирча бу ҳақда аниқ изоҳ бера олмайман¸ деди 22 май куни Озодлик боғланган швед прокурори.
XS
SM
MD
LG