Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:40

ЎИҲ жанггариларининг минтақа чегараларида тўпланаётгани айтилмоқда



Афғонистон шимолида экстремистик гуруҳлар фаоллашгани ҳақидаги хабарлар ортидан Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари фуқароларни террорчилик хуружларидан ҳимоялаш чора-тадбирларини кўра бошлаган. Аҳоли эҳтимолий хуружлар ҳақида огоҳлантирилмоқда.


“Интернетда Марказий Осиё” нашрига гапирган МХҲ таҳлилчисига кўра, Ўзбекистон исломий ҳаракати жанггарилари Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон чегараларида тўпланишмоқда.

Афғонистон шимол-шарқидаги аксар аҳолиси ўзбеклардан иборат Таҳор вилоятида Ал-Қоидага алоқадор Ўзбекистон исломий ҳаракати фаоллашгани айтилмоқда.

Ўтган ой Ал-Жазира телеканали афғон махсус кучлари генералига таяниб, ЎИҲ сўнгги уч йил ичида шимолда анча кучайгани ҳақда хабар қилганди.

Ўзбекистон исломий ҳаракати сафларида ҳозир қанча аъзо борлиги маълум эмас. Аввалроқ ҳаракат ўз ичида кичик гуруҳларга бўлиниб кетгани, кўпчилиги шимолдаги Таҳор ва Қундуз вилоятларига жойлашгани хабар қилинганди.

Покистондаги айрим таҳлилчилар эса сўнгги йилларда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг сони янада ортаётганини айтишади.

Уларга кўра, ҳаракат Покистон ва Афғонистондан туриб, Марказий Осиё давлатларидан янги аъзоларни ёллашга ҳам уринмоқда.

Сўнгги ойларда эса ЎИҲ Таҳор ва Қундуз вилоятларида “2014 йилда хорижий кучлар кетганидан кейин ҳукуматни ўз қўлимизга оламиз”, деган мужда ёзилган варақаларни тарқата бошлагани ҳам айтилган.

Таҳор вилоятининг кўп ҳудудлари тоғли минтақалардан иборатдир. Вилоятнинг Хўжағор, Янги Қалъа ва Дарқат каби туманлари Тожикистон билан чегарадош.
Ўтмишда Ўзбекистон исломий ҳаракати шу ҳудудлар орқали Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон каби Марказий Осиё мамлакатларига йўл топишга уринганликлари маълум.

Таҳлилчиларга кўра, 2014 йилда Халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқарилиши арафасида Ал-Қоида билан яқин алоқада эканлиги ишонилган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг мамлакат шимолида қайта фаоллашаётгани Марказий Осиё ҳукуматларини ташвишлантириши тайин.

Британиядаги Jane’s таҳлил маркази ушбу ҳафта чиқарган ҳисоботида НАТО етакчилигидани халқаро кучлар 2014 йилда Афғонистонни тарк этганларидан сўнг Марказий Осиёда хавфсизлик вазияти билан боғлиқ хавотирлар янада кучайишини башорат қилган.

Гуруҳ таҳлилчиларига кўра, хавфсизлик кучлари заиф ва етарли тайёргарликдан ўтмаган Марказий Осиё давлатлари яқин йилларда жиддий таҳдидлар билан юзма-юз келишлари хавфи бор.
XS
SM
MD
LG