Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:57

Гулнора Каримова қувватлаган Artel дўконлари очилди


Ота-бола тадбиркор Ортиқхўжаевларга тегишли экани айтиладиган Artel ширкатининг катта шаҳарлардаги савдо дўконлари қисқа муддатли танаффусдан сўнг яна иш бошлади. Аммо, маҳаллий ишлаб чиқарувчининг маҳсулотлари чўғи пасайгани, ширкат устидан бошланган текширув можароси эса ҳали тугамагани айтилмоқда.


Ёпилган дўконлар бирин-кетин очилди

Шу йилнинг феврал ойи охиридан текширув бошлангани боис ёпиб қўйилган Artel ширкати савдо дўконлари секин-аста яна ишини давом эттирмоқда.

Ўзбекистонда LCD телевизори, газ плитаси, микротўлқинли печ, уяли телефон ва шу каби маиший буюмларини ишлаб чиқараётган Artel ширкатининг Тошкентдаги дўконлари текширув боис ёпилгани айтилган эди.

Ширкатнинг 25 март куни Озодлик мухбири боғланган Тошкент, Фарғона, Навоий, Янгийўл шаҳарларидаги савдо дўконлари ходимлари қисқа танаффусдан сўнг яна иш бошлашганини билдирди.

Ширкатнинг мамлакат йирик шаҳарларида 2тадан 20тагача дўконлари бор. Улар 10 кунга қадар ёпиқ турган. Хусусан, Тошкент шаҳрида ширкатнинг 20 тага яқин дўкони бор ва уларнинг аксари 3-4 кунлик танаффусдан сўнг иш бошлагани айтилмоқда.

Artelнинг Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги Хизмат кўрсатиш марказидан олинган маълумотга кўра, шаҳар Солиқ инспекцияси ва бошқа мутасадди идоралари томонидан режадаги текширув ўтказилгач, дўконлар очилган ва ҳозир одатий тартибда ишни давом эттирмоқда.

Навоий шаҳридаги дўконлар эса қарийб 15 кун, Янгийўл шаҳридаги дўкон 10 кун давомида ёпиқ тургани айтилди.

Artel ширкатининг Тошкентдаги заводи — INDIGO ELECTRONICS Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси дўконлар текширув боис ёпилганини айтган эди.

"Дўконларимизда текширув бораяпти. Шунинг учун вақтинча ёпиқ. Текширув ўтгандан кейин яна очамиз",- деган эди INDIGO ELECTRONICS корхонасининг ўзини таништирмаган ходими.

Ушбу заводдан қўшимча маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади. Аксинча, 25 март куни Озодлик мухбирига жавоб берган айни ходим: "Ҳеч қанақа текширув бўлмаган", дея аввал берган маълумотни инкор қилди.

Artel маҳсулотларининг чўғи пасайган

Айни пайтда Ўзбекистон президенти қувватлаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчи ширкатнинг маҳсулотлари чўғи пасайиб қолгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳрининг Фарҳод бозорида Artel маҳсулотларини сотиб келган дўкон сотувчиси ҳозир ширкат ишлаб чиқарган уй-рўзғор буюмларининг сотувда йўқлигини айтди.

- Ҳозир йўқ, ҳозирча. Олдин сотар эдик. Ҳозир чет элдан запчаст киритилмаяптику, вақтинча тўхтатиб турилибди. Наврўз байрамидан кейин йўл очилади, запчасть келади, дейишган эди. Чунки, Artelни запчастларининг ҳаммаси чэт элникику,- деди Фарҳод бозоридаги дўконлардан бирининг сотувчиси.

Шунингдек, Янгийўл шаҳридаги Artel Хизмат кўрсатиш маркази ходими ҳам айни маълумотни берди.

Аммо, Тошкент шаҳрининг Малика савдо комплексида Artel маҳсулотлари сотувда етарли экани айтилмоқда.

- Маликада, Навоийдаги савдо қаторларида Artelнинг маҳсулотлари тўлиб ётибди. Бемалол топасиз, деди Тошкентдаги "Корзинка" савдо дўкони ходими.

Бу дўконда ҳам Artel ширкати ишлаб чиқарган кичик уй-рўзғор буюмлари - электр чойнак ва шу каби буюмлар сотилмоқда.

Бошқача айтилса, Artelнинг Тошкентдаги йирик дўконлари ширкат маҳсулотлари билан таъминланмоқда, бироқ марказдан четроқдаги дўконларга маҳсулотлар етиб бормаяпти.

Бунинг сабаблари борасида Озодлик мухбири ҳозирча ширкатнинг ўзидан маълумот олишга муваффақ бўлмади.

Гулнора Каримовадан қувватлов ва фактлар

15 март кунги блогида бу ширкат номини тилга олган Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова президент отаси қувватлаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчи ширкатнинг ёпилгани ҳақидаги янги тафсилотларни тилга олди.

Блогда айтилишича, унга тадбиркорлардан ёрдам сўралган мактублар кўп келади ва навбатдаги мактуб, Artel ҳамда Akfa ширкатлари раҳбарларидан келган.

"Бироз муқаддам... маҳсулотларини узоқ йиллардан бери билишадиган ва фойдаланишадиган, уй-рўзғор буюмларини Artel, Samsung бренди остида яхши билишадиган Акфа компаниясидан хат келди. Хатда ёзилишича, кенг кўламли босим ва аслида ишлаб чиқаришнинг йўқ бўлишига, гўёки "электр энергиясини нотўғри ҳисоб-китоб қилиш" баҳонасида бошланган текширув сабаб бўлган. Гарчи "қайта ҳисобдан чиққан сумма корхона томонидан тўланган бўлсада, текширув 2013 йилнинг аперлига қадар бир неча бор узайтирилган", дея Akfa ширкати хатидан иқтибос келтиради ўз блогида Гулнора Каримова.

Гулнора Каримованинг блогидаги маълумотларга қараганда, Artel ва Akfa ширкатлари ўзаро алоқадор ва текширув ҳар икки ширкатда ўтказилган.
Шунингдек, ушбу блогда нохолис текширувлар ҳали якунига етмагани ҳам айтилган эди.

Президент қизи блоги 15 март куни чоп этилган эди. Озодлик мухбири 25 март куни бу маълумотлар юзасидан Artel ширкатидан бу борада бирор изоҳ ололмади.

Президентнинг қизи қувватлаётган Akfa ширкатининг Тошкентдаги "АРТИКХОДЖАЕВ Б.С" ИндП идорасида телефон гўшагини кўтарган ходим икки ширкатнинг бир-бирига алоқадорлиги ва ҳар иккисида ҳам текширув бўлгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

Унга кўра, Ўзбекистонда уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқарилиши ҳамда савдоси соҳасини эгаллаб бораётган Artel, шунингдек мамлакатда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва савдоси соҳасида палак ёзаётган Akfa ширкатлари ота-бола тадбиркорлар Ботир ва Собир Ортиқхўжаевларга тегишлидир.

Шу маълумот билан чекланган ходим бу борада ортиқча маълумот бера олмаслиги, зарур бўлса, расман мурожаат қилишимиз мумкинлигини айтди.

Озодлик турли манбалардан олинаётган ва баъзан, бир-бирини тўлдираётган, баъзан эса инкор қилаётган бу маълумотларга ойдинлик киритишга уринишда давом этади.

Президент қарорига зид амаллар

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб импорт маҳсулотларга ўрнатилган кескин чеклов кучга киради.

Ўзбекистон президенти томонидан 29 январ куни имзоланган бу қарордан мақсад мамлакатдаги тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш соҳасини ҳимоя қилиш, ичкарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар савдосини ривожлантириш экани айтилган.

Ҳозирча чекланажак импорт товарлари рўйхатига оид маълумотлар ошкор қилинмади. Аммо, Uzmetronom нашри бу рўйхатдан шахсий гигиена ашёларидан тортиб, қурилиш материаллари ва маиший техникагача бўлган товарлар ўрин олиши ҳақида ёзган эди.

Artel ширкатининг вилоятлардан биридаги вакили Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда шу қарорни тилга олар экан, арзонлиги ва сифати билан харидор кўнглини олаётган ички ишлаб чиқарувчи ишига нега тўсқинлик қилинаётганини тушунолмаганини айтди.

"Ҳалигача тушунмадим, Гулнора Каримова ҳам бизни қувватлаган бўлса, унда бизни ким ўтқизмоқчи бўлаяпти?! Ҳеч тушунмадим", деди Artel ширкатининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Айни пайтда, мустақил манбалар ўзаро қариндош Artel ва Akfa ширкатлари эгаси экани айтилган Ботир ва Собир Ортиқхўжаевлар шу кунларда Ўзбекистонда нишонга олинаётган навбатдаги пулдорлар бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Ўзбекистонда шакар импорти ва савдосини назорат қилиши айтиладиган, "Баҳо шакар" номи билан танилган Баҳодир Каримжоновга нисбатан айблов эълон қилиниб, қидирувга берилган.

Бундан ташқари, ўтган ойда ўзбекистонлик яна бир тадбиркор, “криминал дунёси авторитети” сифатида танилган Ғафур Аҳмедов ҳам қидирувга эълон қилиниб, уни топиб, қўлга олиш ишларига йўл-патрул хизмати ходимлари жалб қилинган эди.
XS
SM
MD
LG