Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:49

"Ўздунробита" банкротлик тўғрисида судга ариза берди


Россиядаги МТС мобил алоқа ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси Тошкент шаҳар Хўжалик судига банкротлик тўғрисида ариза топширганини ширкат матбуот хизмати Озодликка тасдиқлади.


Тошкент шаҳар Хўжалик судининг ноябр ойида чиқарган қарорига кўра, "Ўздунробита" ширкати ўз зиммасига юклатилган 600 миллион долларлик молиявий даъволарни саккиз ой муддат ичида тўлаб битириши керак эди.

15 январ куни суд томонидан белгиланган жариманинг навбатдаги қисми тўланиши лозим бўлган, аммо ширкатнинг Ўзбекистондаги ҳисоб рақамида пул қолмагани боис¸ бу талабни бажара олмаган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, агар қарздор ўз мажбуриятларини бажара олмаса, банкротлик тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши ва суд бу масалада беш кун ичида қарор чиқариши лозим.



МТС ширкатига яқин манбаларнинг Россия матбуотига билдиришича, "Ўздунробита" ҳисоб рақамида пул тугаганидан сўнг суд белгиланган молиявий даъвони қондириш мақсадида компаниянинг операторлик қурилмаларини мусодара қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

МТСга эгалик қилувчи "Система" компаниясининг асосий хўжайини Владимир Евтушенков ўтган ой сўнггида Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ва дипломатик доиралари даражасида МТСнинг Ўзбекистон бозорига қайтиши борасида фаол музокаралар бораётгани ҳақида баёнот берган эди.

- Бир хатони икки марта такрорламаслик учун биз бу қайтишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз, бу бир неча ойлик иш, деган эди ўз баёнотида Евтушенков жумладан.

Бу музокаралар ҳақида матбуотга хабар сиздирган "Система" корпорациясидаги манбалар, компания "Ўздунробита"га ёзилган тўловлар миқдорини камайтиришга уринаётгани ҳақида маълум қилганди. "Ўздунробита"нинг 16 январ куни ўзини банкрот деб эълон қилиши бу музокараларнинг самара бермагани ифодаси бўлиши мумкин.

"Метрополь" инвестицион-молиявий компанияси етакчи таҳлилчиси Евгений Голоснойга кўра, банкротлик тўғрисидаги ариза МТСнинг Ўзбекистонга қайтмасликка тайёрлигини мамлакат ҳукуматига билдирувчи жиддий сигналдир.

Бошқа томондан, кузатувчиларга кўра, МТСнинг Марказий Осиёда ишлаш бўйича бой ва мураккаб тажрибасидан келиб чиқиб, "Ўздунробита" ускуналарининг мусодара қилиниши ёки сотилиши ушбу воқеалар ривожидаги сўнгги нуқта бўлмаслиги ҳам мумкин. Зотан, МТС 2010 йилда Туркманистондаги фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган, бироқ 2012 йилнинг ёзида фаолиятини қайта тиклаш бўйича Туркманистон ҳукумати билан келишувга эришган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:43 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG