Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:00

ЦСКАга ким эгалик қилади?


Россия миллиардерлари орасида 16, дунё бойлари орасида 88 ўринни эгалловчи Искандар Маҳмудов асли ўзбекистонликдир.
Россия миллиардерлари орасида 16, дунё бойлари орасида 88 ўринни эгалловчи Искандар Маҳмудов асли ўзбекистонликдир.

Ўтган ҳафта Россия матбуотида мамлакатнинг энг нуфузли саналган ЦСКА футбол клубини Искандар Маҳмудов сотиб олгани тўғрисида хабарларнинг пайдо бўлиши мамлакат футбол жамоаси орасида саросимага сабаб бўлди. Асли бухоролик, Россиянинг энг бадавлат кишилари рўйхатида 12 ўринни эгаллаб келадиган миллиардер Искандар Маҳмудов яқингача шов-шувли ҳодисларга аралашгани кузатилмаган.


ЦСКА Маҳмудовга сотилмайди


Исми сир тутилган манбага таяниб Россиянинг қатор матбуот воситалари “Искандар Маҳмудов ЦСКА футбол клубининг президенти Евгений Гинерга алоқадор ташкилотлардан футбол клубининг акциялар назорат пакетини сотиб олди”, дея хабар қилди ўтган ҳафта.



Хусусан, “Аргументы и факты”да берилган бу хабар ортидан ЦСКА футболчилари билан келаси мавсум учун контрактлар имзоланмаётгани айтилди.

Бироқ, ЦСКА клуби вакили Сергей Аксёнов, Озодлик билан суҳбатда, асли ўзбекистонлик миллиардер Искандар Маҳмудовнинг клуб назорат пакетини сотиб олаётгани тўғрисидаги хабарлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.

- Сайтимизда ҳам бу хақда президентимизнинг алоҳида маълумоти келтирилди. Евгений Гинер ўтган ҳафта охирларида ЦСКАни Маҳмудов томонидан сотиб олиниши тўғрисидаги маълумотни клубга қилинган “психологик босим” дея баҳолади. Демак, расман билдираманки, на жаноб Маҳмудов ва на бошқа бировга ҳеч қандай 51 % акциянинг сотилиши тўғрисида гап бўлмаган. Биз оддий режимда келгуси ўйинларга тайёргарлик кўрмоқдамиз,- деди Озодлик Радиосига ЦСКА футбол клуби расмий вакили Сергей Аксёнов.

Россия футбол чемпионатида биринчиликни эгаллаб келаётган ЦСКАнинг сотиб олиниши тўғрисидаги миш-мишларнинг пайдо бўлганини мутахассислар клубда юзага келган молиявий қийинчиликлар ва янги клуб стадиони қурилиши билан боғламоқда. Жумладан, Forbes журнали маълумотига кўра, 2012 йилда 8,2 миллиард АҚШ долларига тенг мол-мулки билан дунёнинг энг бадавлат одамлари орасида 88 ўринда кетаётган Маҳмудов ёрдамида “Гинер ўзининг молиявий муаммоларини ҳал этмоқчи” бўлган.

Бироқ, Москванинг энг нуфузли футбол клубларидан бири саналмиш Армия Марказий Спорт Клуби ёки ЦСКАни, Россияда “мис қироли” лақаби билан ҳам танилган 48 ёшли Искандар Маҳмудов сотиб олаётгани тўғрисидаги гап-сўзларни, у эгалик қиладиган Урал тоғ-кон металлургия комбинатида ҳам қатъий инкор этишди.

- Бу ёлғон. Келажак тўғрисида бирор нарса дейишим қийин, аммо бундай келишув бўлмаган ва, билишимча, бўлмайди,- дея гапни қисқа қилди комбинатнинг матбуот маркази бошлиғи Виктор Белимов.

Ростми-ёлғонми, бироқ бу миш-мишлар клуб ўйинчиларига руҳий таъсир ўтказган кўринади: 2 декабр куни Россия футбол чемпионатининг 17-босқичидан кейин пешқадамлик қилаётган ва 8 уйиндан бери мағлубият нималигини билмаган ЦСКА “Анжи” командасига 0:2 ҳисобида бой бериб, иккинчи ўринга кўчди.

И. Маҳмудов ким ўзи?

Россиянинг энг бадавлат тадбиркорлари орасида 16 ўринни эгаллаб келаётган Урал тоғ-кон металлургия комбинати президенти, асли бухоролик Искандар Маҳмудов яқингача оммавий ахборот воситалари эътиборидан четда қолиб келаётган эди.

Яна бир ўзбекистонлик рус миллиардери, Англиянинг “Арсенал” футбол клуби эгаларидан бири Алишер Усмоновдан фарқли ўлароқ, Искандар Маҳмудов “сояда”, турли жанжалу шов-шувлардан йироқда юришни хуш кўради.

Очиқ манбаълардан олинган маълумотларга кўра, Искандар Маҳмудов 1963 йил 5 декабрда Бухорода зиёлилар оиласида туғилган. Айрим манбаларда у “бухоролик тожиклардан” экани айтилса, ўз интервьюларида Маҳмудов ўзини ўзбек деб атайди.

Ёшлиги Тошкентда ўтган Искандар 1984 йилда Тошкент Давлат Университетининг шарқшунослик факультети араб бўлимини тамомлаган. Шундан кейин у Ливия, Ироқ каби араб мамлакатларида ҳарбий таржимонлик қилган.

1990 йилгача “Ўзбекташқисавдо” давлат компаниясида раҳбарлик қилган Маҳмудов ўша йиллари тошкентлик таниқли тадбиркорлар – ака-ука Лев ва Михаил Чернойлар билан танишган. Кейинчалик Москвага кўчиб кетган бизнесмен Чернойлар ёрдамида “хом-ашё бизнеси” билан шуғуллана бошлаган.

1998-99 йилларда Искандар Маҳмудов Михаил Черной кўмагида Урал тоғ-кон металлургия комбинатини ташкил қилади ва унга ўнлаб майда завод-ширкатларни бирлаштиради.

Шу йилнинг сентябр ойи охирларида асли тошкентлик Михаил Черной Лондон судида ўзининг собиқ ҳамкорлари россиялик миллиардер Олег Дерипаскадан 200 миллион доллар ва Искандар Маҳмудовдан яна 200 миллион доллар ундириб олди. Дерипаска ҳозирда Исроил фуқароси бўлган Черной билан келишув асосида бу суммани тўлайдиган бўлди, эҳтиёткор Искандар Маҳмудов эса 200 миллионни у билан ҳеч қачон бошқа судлашмаслик шарти билан берадиган бўлди.

Черной фикрича, у Дерипасканинг “алюминий империясини” ва Маҳмудовнинг “мис империясини” яратишда бевосита иштирок этган. Дерипаска бунга жавобан Михаил Черной шунчаки “криша” сифатида уни ҳимоялаганини маълум қилди. Дипломатия сирлари устаси бўлган ва узоқ йиллардан бери ҳар қандай жиддий муаммоларни бартараф этиш бўйича мутахассисга айланган Маҳмудов Дерипаска ва Черной ўртасида воситачилик қилиб, вазиятни Березовский ва Абрамович ўртасидаги каби қизғин тортишувларгача олиб бормади.

Черной-Маҳмудов синдикати Россияга кўчиб кетган яна бир ўзбек бизнесмени – Жалол Ҳайдаровни Качканар тоғ-кон комбинати директори лавозимига тайинлайди, бироқ айрим келишмовчиликлар сабабли 2000 йилда Хайдаров ўз лавозимидан четлаштирилади ва унга нисбатан очилган жиноий ишлар туфайли аввалига Францияга, кейин Исроилга қочиб ўтишга мажбур бўлди.

Жорий йил бошларидан Франциядаги "Le Monde" нашри “рус мафияси” тўғрисида мақолалар туркумини чоп қила бошлади. Бу материалларда Михаил Черной, Искандар Маҳмудов, Жалол Хайдаров ва россиялик бошқа нуфузли тадбиркор ва сиёсатчилар номлари келтирилган.

Айрим маълумотларга кўра, бугунги кунда Искандар Маҳмудов бошқараётган “мис империяси” Россия мис ишлаб чиқариш соҳасининг 40 фоизини назорат қилади.

“Кузбассразрезуголь” кўмир қазиб олиш компаниясига ҳам эгалик қилаётган Маҳмудов, шунингдек, “буюртма қироли” норасмий унвонига ҳам эга: 2008 йилдан 2012 йилга қадар Маҳмудов ширкатлари Россия темир йўллари, метрополитени ва Саноат вазирлигидан жами 364 миллиард рублга тенг давлат буюртмаларини олган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:33 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG