Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:59

Ўшда ЎИҲ аъзолигида гумонланган шахс қўлга олинди


Ўш вилоятининг Новқат туманида оиласини Афғонистонга мажбурий тарзда кўчириб кетишга ҳаракат қилгани айтилаётган шахс қўлга олинди. ЎИҲ аъзоси сифатида гумонланаётган бу шахс устидан унинг рафиқаси ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига шикоят қилган.

Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси сифатида гумонланаётган Сарвар Юсупов Новқат тумани Мирмаҳмудов қишлоғидаги уйидан чиқиб бораётган бир пайтда қўлга олинди. Унинг олдидан бешта ўқи бор тўппонча ва тўққизта экстремистик мазмундаги дисклар топилгани айтилмоқда.

- Бу фуқаро жорий йилнинг биринчи октябридан Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси сифатида фаолият олиб боришга ҳаракат қилган. Бу борада жиноят иши очилиб, тергов бошланди. Маълумотларга кўра, Сарвар Юсупов уч боласи ва хотини Мадинани мажбурий тарзда Афғонистонга кўчириб кетишга ҳаракат қилган. Бироқ хотини бунга рози бўлмай, милицияга мурожаат қилган, - деди Ички ишлар вазирлигининг жанубий ҳудуддаги ваколатхонаси матбуот котиби Жениш Аширбаев.

Бу орада воқеанинг бошқа тафсилотлари ҳам пайдо бўла бошлади. Юсупов қамалишидан бир кун олдин унинг уйи ёниб кетган. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу ишни Юсуповнинг ўзи амалга оширганини иддао қилмоқда. Бироқ Юсуповнинг қариндошлари ўйга унинг хотини ўт қўйиб юборган, деган таҳминни айтмоқдалар.

Сарвар Юсуповнинг туғишган акаси Ғайрат Юсупов гапиради:

- Менинг укам “Ҳизбут таҳрир” ёки Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси деган гап ёлғон. У динга берилмаган. Ҳатто намозини ҳам ўқиса ўқиб, бўлмаса ўқимай юрган бир бола. Бу оддий оилавий жанжалдан бошланди. Сарвар аёли билан уришиб қолган эди, хотини эса унга тухмат қилиб, милицияга ёзиб берди. Хотини эрини қаматиб, уйини сотиб, Россияга кетиб қолмоқчи эди. Мақсадига етолмаганидан сўнг, уйга ҳам ўт қўйиб юборди, -дейди Ғайрат Юсупов.

Сарвар Юсуповнинг рафиқаси Мадина билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. У ўзининг ҳам, ота-онасинингг ҳам уйида йўқ экан.

Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари қўлга олинган Сарвар Юсупов Доғистон, Афғонистон ва Чеченистонда тайёргарликдан ўтганини билдирмоқда. Расмий маълумотга кўра, Новқат туманида жами 100 дан ортиқ одам экстремистик ташкилот аъзоси сифатида рўйхатга олинган экан.
XS
SM
MD
LG