Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:04

Швецияда Takilant ҳисоблари музлатилди


Душанба куни Швецияда чиқадиган бир қатор нашрлар Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган Гаяне Авакяннинг Takilant ширкатига тегишли маблағлар музлатилгани ҳақида хабар тарқатди.

"Svenska Dagbladet" нашрининг ёзишича, Швеция прокурори Гуннар Статлер Takilant ширкатининг Nordea банкидаги 30 миллион АҚШ долларини музлатиш ҳақида қарор берган.

Прокурор Гуннар Статлернинг ишонишича бу пуллар “криминал пуллардир”
Прокурор Гуннар Статлернинг ишонишича бу пуллар “криминал пуллардир”
Швеция телевидениеси ўтган ой Ўзбекистондаги Ucell ширкатининг эгаси бўлган TeliaSonera президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин экани айтилган шахсга миллионлаб доллар тўлагани иддао қилинган филмни намойиш қилинганидан сўнг прокурор Статлар бу иш билан шуғулланишни ўз зиммасига олганди.

Гуннар Статлернинг мулоҳазасича, бу пуллар “криминал пуллардир”.

Ўз навбатида, Nordea банкининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Ян Ларссон телевидение орқали берилган шов-шувли кўрсатувда Tekilant ширкати номини эшитишлари билан улар дарҳол бу ширкатнинг пуллари ўз банкларида туриши ҳақида полицияга хабар берганликларини айтган.

Маълум бўлишича, Takilant Швециянинг "Nordea" банкидаги ҳисобини 2011 йилда очган.

Швециялик яна бир прокурор Берндт Бергер Стокҳолм маҳкамасидан мамлакат банкларидаги Takilant ширкатига тегишли бўлган 1.5 миллиард швед кронасига тенг маблағларни музлатишни сўраган.

Svenska Dagbladet нашрининг ёзишича, Svenska HandelsBanken деб аталувчи швед банкининг ўзи ҳам суриштирув ўтказиб, Takilant ширкати Ўзбекистонда мобил алоқа ҳизмати кўрсатиш ҳақида ҳеч қачон лицензияга эга бўлмаганини аниқлаган.

Эслатиб ўтамиз, Швеция давлатига қисман тегишли бўлган TeliaSonera ширкати 2007 йилда Ҳибралтарда рўйхатга олинган Tаkilant ширкатидан Ўзбекистон фаолият қилиш учун 30 миллион долларга 3G-лицензияларини сотиб олгани ва Ўзбекистондаги маҳаллий қонунчиликка биноан иш юритганини таъкидлаганди.

Takilant ширкатининг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қизи Гулнора Каримовага алоқаси борлиги айтилади. Takilant Ltd нинг эгаси Гулнорага яқин бўлган Гаяне Авакян исмли аёлдир.

Ўзбекистонлик бу аёл Швейцария расмийлари томонидан ноқонуний пулларни ўзлаштиришга доир йирик тергов жараёни марказида ҳам туради.

TeliaSonera Ўзбекистонда 3G мобил телефон алоқа хизматини йўлга қўйиш учун рухсат олиш эвазига Ҳибралтарда қайд қилинган Takilant Ltd ширкатига ҳаммаси бўлиб 320 миллион долларга тенг пул ўтказгани айтилади.

TeliaSonera директори Ларс Найберг эса ширкатга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар тасдиқланса, истеъфо беришини билдирган.

Ўзбекистон расмийлари ҳам, ҳукумат назорати остида бўлган ўзбек матбуоти ҳам Швеция ва Швейцарияда бошланган жиноий текширувлар, интернетдаги шов-шувли хабарлар борасида ҳозирча сукут сақламоқда.
XS
SM
MD
LG