Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:23

Пул ювганларнинг асосийси Беҳзод Аҳмедов?


Ўзбекистон қаллобликда айблаётган Беҳзод Аҳмедов Швейцарияда ҳам молиявий жиноятга алоқадор бўлиши мумкин.
Ўзбекистон қаллобликда айблаётган Беҳзод Аҳмедов Швейцарияда ҳам молиявий жиноятга алоқадор бўлиши мумкин.

Швейцарияда Ўзбекистоннинг тўрт фуқароси пул ювганликда айбланаётгани билан боғлиқ воқеага оид янги тафсилотлар очилмоқда. Сешанба куни Интернетда Швейцария Адлия вазирлигининг мазкур иш бўйича Федерал прокурорга юборган илтимосномаси нусхаси пайдо бўлди.

Ҳақиқийлиги тасдиқланмаган ҳужжатда Lombard Odier банки орқали амалга оширилгани айтилаётган пул ювишга оид ишда асосий айбланувчи сифатида “Ўздунробита” ширкати бош директори Беҳзод Аҳмедов номи келтирилган. Швейцария расмийлари молиявий қаллобликларга Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам алоқадор эканига оид ишоратлар борлигини қайд этган.

Беҳзод Аҳмедов Швейцария прокуратураси тергов қилаётган жиноят ишининг асосий фигуранти эканига ишора қилувчи омиллар ҳақида Озодлик аввал хабар қилган эди.

Сешанба куни Россия махфий хизматларига яқин экани айтиладиган Центразия.ру сайтида пайдо бўлган Швейцария Адлия ва полиция вазирлиги Федерал прокурор Патрик Ламон номига юборилган илтимосномада Женевадаги Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақамлари орқали пул ювиш амалиётларига оид терговни давом эттириш бўйича тегишли қарор бериш сўралади.

Швейцария Адлия ва полиция вазирлигининг пул ювиш жиноятлари билан кураш бошқармаси мулозими Луижи Корти номидан 3 июл куни Федерал прокурор номига юборилган ва прокуратура томонидан 4 июл куни рўйхатга олинган расмий илтимосноманинг ҳақиқий эканлигини бу икки идора расмийлари на тасдиқлади, на инкор қилди.



Lombard Odier банки вакиллари ҳам расмийларга Беҳзод Аҳмедов ёки бошқа ўзбекистонликларнинг пул ювишга алоқадорлиги хусусида маълумот тақдим қилганми, йўқми бу ҳақда изоҳ бермади.

Расмий илтимосномада айтилишича, шу йилнинг 29 июн куни Lombard Odier банкидан мазкур молиявий идора мижозларидан бирига қарашли иккита ҳисоб рақами воситасида пул ювиш операцияси амалга оширилаётганига оид шубҳалар тўғрисида маълумот тушган. “Бу маълумот банк маъмуриятининг мазкур ҳисоб рақамларининг эгаси Беҳзод Аҳмедов ўзи бош директор лавозимини эгаллайдиган “Ўздунробита” ширкати зарарига ноқонуний ҳаракатлар амалга оширгани ва оиласи билан қочиб кетгани муносабати билан юборилди. Жаноб Аҳмедовнинг Ўзбекистон президентига унинг қизи Гулнора Каримова орқали яқинлиги бор. Банк молиявий воситачиси улар (Каримова ва Аҳмедов-таҳр.) ўртасидаги бизнес алоқаларни сиёсий тусга эга, дея баҳолади” дейилади расмий хатда.

Беҳзод Аҳмедов ва Гулнора Каримова ўртасида яқин алоқаларни инобатга олган ҳолда Адлия ва полиция департаменти пул ювиш учун ишлатилган банк ҳисоб рақамларининг бевосита ёки билвосита эгалари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов оиласи ёки унга яқин доиралар бўлиши мумкинлигини хулоса қилади.

Шунингдек, Швейцария Адлия вазирлиги Lombard Odier маълумотномасида номлари келтирилган пул ювишга алоқадорликда гумонланаётган шахслар бўйича маълумотлар базасида ҳеч қандай ахборот топилмаганини ҳам ёзади. “Ҳозирча Беҳзод Аҳмедовдан ташқари, қолган шахсларнинг Швейцарияда пул ювишга алоқадорлигига оид маълумотлар йўқ”, дейилади хатда.

Швейцария расмийлари Беҳзод Аҳмедовнинг Ўзбекистон расмийлари томонидан жиноятларда айбланиб, қидирувга берилгани ва қўлга тушса, 14 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкинлигини қайд этишади.

Шунингдек, Швейцария расмийлари CA-News агентлиги 3 июл куни берган хабарга таяниб, Беҳзод Аҳмедовнинг 2 июл куни Россияда ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинганини тахмин қилади.

Адлия ва полиция вазирлиги ўз ихтиёридаги маълумотлар ҳозирча мазкур ҳисоб рақамларига қўйилган пуллар ғайриқонуний йўл билан топилганини на тасдиқлаш, на инкор қила олиш имконини беришини ёзади. Лекин эҳтимолий халқаро аҳамиятга эга бўлган мазкур ишга алоқадор банк ҳисоб рақамларида жуда катта пуллар борлиги қайд этилади.

Бу банк ҳисоб рақамларига бевосита ёки билвосита алоқаси бўлиши мумкин бўлган президент Ислом Каримов Human Rights Watch ташкилоти томонидан инсон ҳуқуқларини бузганлик, жумладан қийноқлар қўллаш, болалар мажбурий меҳнати ва фуқаролик жамиятини бостиришда айбланиб келиши ҳам Адлия вазирлиги хатида тилга олинади.

Озодлик Беҳзод Аҳмедовнинг Швейцарияда тергов қилинаётган жиноят ишининг асосий фигуранти бўлиши мумкинлигига оид ишоратлар ҳақида аввал хабар қилган эди.

Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари ўтказаётган терговда тўрт ўзбекистонлик айбланувчи сифатида ўтмоқда. Улардан икки нафари Шохрух Собиров ва Алишер Эргашевлар шу ой бошида ҳибсга олинган эди.

Шунингдек Озодлик манбаларидан маълум бўлишича, “пул ювишда” айблаётган тўртинчи шахс 1985 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Гаянэ Авакиян экани айтилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, Гаянэ Авакиян Гулнора Каримованинг яқин гумашталаридан биридир. Расман Фонд Форум уюштирадиган Style.uz маданият ҳафталикларининг бош директори ҳисобланган Гаянэ Авакиян, манбамизнинг айтишича, Гулнора Каримованинг молиявий ишларини бошқаради.

Душанба куни Ўзбекистон махсус хизматларга яқин экани айтиладиган Узметроном нашри ўзбекларнинг Швейцарияда ҳибсга олинганини Ўзбекистонда бизнеси тортиб олинган МТС ширкати ўчи сифатида талқин қилди. Гўёки МТСнинг асосий акционери бўлган Владимир Евтушенков Lombard Odier банки вице президенти Александр Котчубей билан яқин алоқалари бор ва унинг ёрдамида Швейцария прокуратурасига ўзбекларни ҳибсга олиш ҳақида буюртма берганини иддао қилди Узметроном.

Лекин сешанба куни пайдо бўлган ва Швейцария расмийларига нисбат берилаётган хатга кўра, аксинча, Lombard Odier МТС ширкати мулозими бўлган Беҳзод Аҳмедовни пул ювиш амалиётларида айблаган бўлиб чиқяпти. Боз устига Ўзбекистон расмийлари томонидан молявий қаллобликларда айбланиб қидирилаётган Беҳзод Аҳмедов Гулнора Каримованинг яқин одами сифатида тақдим қилинмоқда.

МТС раҳбариятидаги манба ҳам Озодликка Беҳзод Аҳмедовнинг Ўзбекистонда эканига оид тахминлар борлигини маълум қилди. Айни пайтда, унинг исми Interpol орқали қидирилаётган рўйхатидан ҳам олиб ташлангани маълум бўлди. Бироқ Ўзбекистон прокуратураси МТС раҳбариятини Беҳзод Аҳмедовни яшириб келаётганликда айбламоқда.

Озодликнинг Ўзбекистон бизнес доираларидаги манбаси ҳам, “Гулнора Каримова ва унга яқин шахслар ҳақидаги маълумотларни Швейцария прокуратурасига МТСнинг асосий акционери Владимир Евтушенковга доҳил доиралар берган бўлиши мумкин” деган фикрни маъқуллади. Унинг айтишича, Ўзбекистонда бизнеси тортиб олинган МТС хўжайинида Гулнора Каримовага оид катта компромат, жумладан унинг Швейцария банклари орқали пул ювганига оид маълумотлар бўлиши мумкин ва уларни ишга солишдан тоймайди.

Бу суҳбатдошимиз ҳам “Ўздунробита” бош директори Беҳзод Аҳмедов “муаммолар бошланмасдан аввал Гулнора Каримовага яқин шахс бўлган”ини таъкидлади. Гулнора каримова “Ўздунробита”ни МТСга сотаётганда Беҳзод музокараларда асосий шахслардан бири бўлган. Ундан кейин ҳам Гулнора нари борса 10 миллион доллар турадиган реклама бизнесини Беҳзоднинг ёрдамида МТСга 50 миллионга ўтказган. Гулнора “Ўздунробита” учун МТСдан олган 200 миллион доллар хамир учидан патир бўлган холос, Гулнора (Беҳзод Аҳмедов ёрдамида) 8 йил давомида МТСни соғиб келди”, дея фикр билдирди суҳбатдошимиз.

Унинг тахмин қилишича, Швейцария прокуратураси "ўзбекча пул ювиш"га оид жиноят ишини "Ўздунробита" можаросидан аввалроқ бошлаган бўлиши мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:22 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG