Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:54

“Spentex” ҳам Ўзбекистонни судга бермоқчи


Ҳиндистоннинг “Spentex Industries Ltd.” Ўзбекистон ҳукуматини халқаро арбитражга бераётган навбатдаги хориж сармоядоридир.
Ҳиндистоннинг “Spentex Industries Ltd.” Ўзбекистон ҳукуматини халқаро арбитражга бераётган навбатдаги хориж сармоядоридир.

Ўзбекистон ҳукуматини Xалқаро арбитраж судига тортаётган хориж ширкатлари сони ошмоқда. Ҳиндистоннинг “Spentex Industries Ltd.” ширкати Ўзбекистон суди томонидан банкрот деб эълон қилингач, ҳинд сармоядори Ўзбекистон ҳукуматидан 100 миллион АҚШ доллари миқдорида товон талаб қилмоқда. Spentex ширкатининг бошқарувчи директори Мукун Чоудҳури, Озодлик билан суҳбатда, талаблар белгиланган муддат ичида қондирилмаса, Ўзбекистон ҳукумати устидан Лондондаги Халқаро арбитраж судига шикоят қилинишини билдирди. Айни пайтда яна камида иккита хориж компаниясининг Ўзбекистон ҳукумати устидан халқаро судга берган аризаларини кўриб чиқиш давом этмоқда.

Ўзбекистонда 2006 йилда тўлалигигча Ҳиндистон сармояси ҳисобидан иш бошлаган “Spentex Тошкент Тўйтепа” корхонаси ўтган ойда Тошкент вилоят Хўжалик ишлари бўйича суд томонидан банкрот деб эълон қилинди.

“Spentex Industries Ltd.” ширкати бошқарувчи директори Мукун Чоудҳури Озодлик билан суҳбатда, унинг таъбири билан айтганда, Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбошимча ва ноқонуний ҳаракатлари боис келиб чиққан муаммони музокара билан ҳал этиш уринишлари натижа бермагани боис, ўз компанияси корхонага сармоя қилинган пулларни қоплашни талаб қилаётганини айтади.

- Уларга қарийб 100 миллион долларга тенг товон тўлаш ҳақида талабнома юбордик. Талабнома бажарилиши учун белгиланган 60 кунлик муддат 11 июн куни тугайди. Бу муддат ичида талабимиз қондирилмаса, Ўзбекистон ҳукумати билан имзоланган ўзаро сармояларни ҳимоялашга оид келишуви ҳамда Жаҳон банки қонун-қоидаларига мувофиқ, бу иш юзасидан Халқаро арбитраж судига мурожаат қилишимиз тўғрисидаги билдиришнома юборилади. Суд жараёни Лондонда бўлиб ўтади, дейди жаноб Чоудҳури.

Ҳинд сармоячисининг айтишича, 2006 йил сентябрида “Spentex Тошкент Тўйтепа” корхонасини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан эришилган келишувга мувофиқ “Spentex Industries Ltd.” иккита фабрикани сотиб олиш учун жами 87 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган. Халқаро арбитражга тақдим этиладиган шикоят Ўзбекистон ҳукумати келишув шартларини бажармагани ва ҳамкорларига қарашли активларни очиқчасига ўзлаштираётганига оид конкрет фактлардан иборат бўлади, дея давом этади Мукун Чоудҳури.

- Шикоят аризамиз кучли далил-исботлардан иборат. Чунки Ўзбекистон ҳукумати билан аниқ шарт-шароитларни ўз ичига олувчи сармоя келишувимиз бор. Ўзбекистон ҳукумати эса келишув шартларини умуман писанд қилмайди. Улар истаган нарсасини қилади. Лекин бунга чек қўйилиши керак ва уларга келишув бўйича иш тутиш лозимлигини ўргатиб қўйиш керак.

“Spentex Industries Ltd.” бошқарувчи директори Ўзбекистонда қарийб олти йил бизнес юритиб, бу мамлакат расмийларининг ўзбошимчалиги, қонунларни писанд қилмаслиги, ахлоқсизлиги ва андишасизлиги бизнес муҳитни чидаб бўлмайдиган ҳолатга келтирганига амин бўлганини айтади.

- Сизга бир мисол келтираман. Бундан икки йилча аввал фабрикамизда ярим миллион долларга тенг 200 тонна маҳсулотимизни ўғирлаб кетишди. Полицияга мурожаат қилдик ва зарарни қоплаб беришни сўраб маҳсулотларимизни суғурталаган фирмага бордик. Ўзбекистондаги суғурта компанияси ҳеч бир асоссиз зарарни қоплаб беришдан бош тортди. Энг ҳайратланарлиси шу бўлдики, Солиқ қўмитаси маҳсулот сизнинг фабрикангиздан ўғирлангани учун сизни жаримага тортишимиз керак, деб бизга ярим миллион долларлик жарима ёзиб берди. Бундай абсурд жаримани тўлашдан бош тортолмайсиз ҳам, чунки улар банк ҳисобингиздан ўзбошимчалик билан пулни ечиб олади, дея эслайди ҳинд тадбиркори.

“Spentex Toshkent Toytepa” бундан олти йил аввал Жанубий Кореянинг “Kabool textiles” корхонаси ўрнида тўлалигача ҳинд сармоядорлари ҳисобидан ташкил қилинган эди.

Жанубий Кореяга қарашли “Kabool textiles” корхонаси ҳам 2006 йилда банкрот деб эълон қилиниб, унинг активлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан тортиб қўйлган ва Ҳиндистоннинг “Spentex Industries Ltd.” ширкатига 81 миллион АҚШ долларига сотилган эди.

Ўша пайтда Озодликка интервью берган “Kabool textiles” ширкати раҳбари Дон Канг Ўзбекистон ҳукумати бир кун келиб ҳиндистонликларни ҳам чув туширишини комил ишонч билан айтган эди.

“Ҳиндистонликлар ҳали Ўзбекистонда ишлаш аччиғини татиб кўрмаган. Аввалига уларни имтиёзлар билан ром қилишади. Вақт ўтиб, кўпроқ даромад кўриш учун имтиёзларни бекор қилишади. Ҳиндистонликлар бундай ўзгаришларга тайёр бўлиб туриши керак”,- деган эди 2006 йилда Дон Канг.

“Spentex” директори Мукун Чоудҳури Ўзбекистонга сармоя киритганидан жуда пушаймон экани айтар экан, “муаммо ҳал бўлиши биланоқ, елкамнинг чуқури кўрсин бу ерни”, дейди хафа бўлиб.

“Spentex” Ўзбекистон ҳукуматини халқаро судга тортган ягона хорижий ширкат эмас. Ўзбекистонда 10 йил олтин конларини ўзлаштириш билан шуғулланган Британиянинг “Oxus Gold” компанияси ўзига еткизилган 400 миллион долларлик зарарни қоплатишни сўраб, ўтган йилнинг сентябрида Тошкент ҳукумати устидан Халқаро арбитраж судига шикоят топширди. Инглиз ширкати ҳам Ўзбекистон ҳукумати билан имзоланилган ўзаро сармояларни ҳимоялашга оид келишув шартларини асос қилиб келтирди ўз аризасида.

Исроилнинг “Metal-Tech” ширкати ҳам ҳудди шу асосда Ўзбекистон ҳукуматидан кўп миллионлик товон ундириб бериш аризасини Сармояга оид мунозараларни кўриб чиқиш халқаро марказий трибуналига мурожаат қилган. Мазкур ширкат 2000 йилда Ўзбекистон ҳукумати билан “UzMetal-Technology” қўшма корхонаси ташкил қилган. Юқори сифатли молибден металлини ишлаб чиқариш билан шуғулланган корхонада “Metal-Tech” 50 фоизлик улушга эгалик қилган.

Ширкат раҳбарларидан бири Ариел Розенберг, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, Ўзбекистон ҳукумати 2006 йилда ҳеч бир асоссиз, Исроил ширкатининг активларини тортиб олганини гапириб берди. Жаноб Розенберг ўз ширкати кўрган зарар ва Ўзбекистондан талаб қилинаётган товон пули миқдорини очиқлашдан тийилди. Лекин “бу жуда катта пул”, дея маълум қилди у.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:36 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG