Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:38

Ўш қирғинида хориж махсус хизматининг қўли борми?


Қирғизистон расмийлари 2010 йили содир этилган Ўш қирғинида учинчи давлатлар махсус хизматларининг иштироки бор экани тўғрисида баёнот бердилар.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 23 май куни Озод Европа-Озодлик радиосига берган суҳбатида Ўш қирғини ташқи кучлар иштирокида содир этилгани аниқланганини билдирган эди.

- Очиғини айтишим керак, 2010 йил воқеаларини ўрганиш чоғида воқеага бир қатор ташқи кучларнинг бевосита таъсири борлиги аниқланди. Ислом Абдуғаниевич Каримов: “Қирғизистон жанубидаги 2010 йил воқеаларига ташқи кучларнинг бевосита таъсири бўлган”, деб очиқ айтган эди. Бу гап ҳақиқат, -деган эди Алмазбек Атамбаев.

Орадан кўп ўтмай, президент қирғиз парламентига йўлаган мактубида ҳам бу фикрни такрорлаган. Парламент депутати Эристина Кочкорованинг айтишича, президент мактубида Ўш қирғинида учинчи давлатлар махсус хизматларининг иштироки бўлгани ҳақида қўшимча маълумот берилган.

27 май куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Шамил Атаханов парламентда қилган чиқишида бу маълумотни тасдиқлади. Лекин Атамбаев ҳам, Атаханов ҳам бу махсус хизмат қайси давлатга тегишли эканини очиқламади. Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси Нурлан Токталиев Ўш қирғинига алоқадорликда айбланаётган махсус хизматнинг қайси давлатга тегишли эканини ошкор этишга ҳали эрта эканини билдирди:

- Махсус хизматларининг ўз ишлаш услуби бор. Биз кўп маълумотларни ошкор эта олмаймиз. Бизда мавжуд оператив маълумотларга асосланган ҳолда, бу масалани халқаро шартномалар доирасида ҳал этамиз, - деди Нурлан Токталиев.

Ўш қирғини кунлари Жалолобод вилоятига ҳокимлик қилган Бектур Асанов ҳам бу борада маълумотларга эга эканини айтган. Унга кўра, Ўш қирғини бошланишидан аввал учинчи давлат вакиллари унинг олдига келиб, мамлакат жанубида Қирғизистон Демократик республикаси ташкил этиш, Қирғизистонда парламент бошқаруви жорий этилишига қарши чиқиш таклифларини киритишган.

- Улар мендан Муваққат ҳукуматни қўлламаслигимни талаб қилишди. Улар конституциявий ислоҳотни бошқа ўзанга буриб, парламент бошқарувини бекор қилиш ва президентлик бошқарувини сақлаб қолиш учун курашиш керак, деб айтишган. Мен уларга “Бу сизларнинг ишингиз эмас, бу Қирғизистоннинг ички масаласи”, деб жавоб берганман. Уларнинг ким эканини, қайси давлат вакиллари эканини Ўш қирғинини ўрганган миллий комиссияга очиқ-ойдин айтганман. Лекин Миллий комиссия менинг кўрсатмаларимни ҳисоботга киритган эмас, -деди Бектур Асанов.

Ўш қирғинини ўрганган Миллий комиссия раиси Тўқўн Мамитов Бектур Асановнинг бу баёноти асосларга эга эмас, деб ҳисоблайди.

- Бектур Асанов менга ўзининг олдига келган одамлар Россиядан эканини айтди. Улардан бири депутат, иккинчиси генерал экан. Бектур Асанов уларнинг фамилияларини ҳам айтди. Бироқ Бектур Асанов уларнинг Ўш воқеаларига таъсир кўрсатгани тўғрисидаги конкрет фактларни айтишдан бош тортди. Мен унга: “Иккита фамилияни, уларнинг қайси давлат вакили эканини айтаяпсиз, аммо фактларни айтишдан бош тортаяпсиз. Мен сизнинг баёнотингизни ҳисоботга кирита олмайман”, деб айтганман, -деди Тўқўн Мамитов.

Бундан аввал президент Атамбаев “Эхо Москви” радиосига берган суҳбатида Россиядаги айрим генераллар Қирғизистондаги беқарорликдан манфаатдор эканликларини айтган эди.

XS
SM
MD
LG